Logo

Консерт ва оммавий тадбирларда хавфсизлик хизмати пулли бўлиши мумкин

Бугун 19:373 дақиқа

ИИВ оммавий тадбирларни ўтказиш тартибини ўзгартиришни таклиф қилмоқда.

Консерт ва оммавий тадбирларда хавфсизлик хизмати пулли бўлиши мумкин

Ўзбекистонда оммавий тадбирлар вақтида жамоат хавфсизлигини таъминлаш хизматлари пулли бўлиши мумкин. Ички ишлар вазирлиги тегишли қарор лойиҳасини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирди.

Ҳужжатда 100 ва ундан ортиқ киши иштирок этадиган тадбирлар учун электрон рухсатнома олиш, хавфсизлик хизматлари ҳақини тўлаш ва чипталарни электрон шаклда сотиш тартибини жорий этиш назарда тутилган.

Таклиф этилаётган тартибга кўра, оммавий тадбирлар қаторига 100 ва ундан ортиқ киши иштирокидаги ижтимоий-сиёсий, маданий, кўнгилочар, спорт, байрам, диний, тижорат-реклама ва маърифий-таълим тадбирлари киритилади.

Бироқ йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари, намойишлар, тўйлар, оилавий ва юбилей тадбирлари ҳамда оилавий аза маросимларига янги қоидалар татбиқ этилмайди.

Хавфсизлик хизмати қанча туради?


Лойиҳада оммавий тадбирлар вақтида ички ишлар органлари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва соғлиқни сақлаш органлари томонидан кўрсатиладиган хавфсизлик хизматларини пулли асосда ташкил этиш таклиф қилинган.

Бунда биринчи тоифадаги тадбирлар ташкилотчилари Миллий гвардия билан, иккинчи тоифадаги тадбирлар ташкилотчилари эса ички ишлар органлари билан шартнома тузиши керак бўлади. Шартнома тадбир бошланишидан камида 10 иш куни олдин расмийлаштирилиши лозим.

Хизматлар қиймати жалб қилинадиган ходимлар сони ва тадбир давомийлигига қараб ҳисобланади. Лойиҳага мувофиқ, бир киши-соат қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 фоизини, яъни 30 800 сўмни ташкил этади.

Шартноманинг умумий қиймати бир киши-соат қийматининг камида 50 фоизини жалб қилинадиган ходимлар сони ва тадбир соатларига кўпайтириш орқали аниқланади. Фавқулодда вазиятлар ва тиббий хизматлар учун тўловлар ҳам шартномада ҳисобга олинади.

Айрим тоифадаги тадбирлар, кўчма сирк томошалари ва сайловолди ташвиқоти тадбирларида хавфсизлик хизматларини бепул кўрсатиш белгиланган.

Рухсатнома ва электрон чипталар

Қарор лойиҳасида оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатномаларни махсус электрон ахборот тизими орқали бериш таклиф қилинмоқда. Одатда, рухсатнома муайян тадбирни бир марта ўтказиш учун берилади.

Бироқ бир ташкилотчи томонидан бир жойда, бир хил дастур асосида ўтказиладиган концертлар, театр спектакллари ёки сирк томошалари учун бир йилгача муддатга ягона рухсатнома олиш мумкин бўлади.

Рухсатнома олингунига қадар ташкилотчилар тадбир ҳақида оммавий ахборот воситалари ва интернетда эълон бериши, реклама материалларини тарқатиши ҳамда чипталар сотиши мумкин бўлмайди.

Давлат органлари ҳужжатлари асосида реестрга киритилган объектлардаги айрим тадбирлар, кўчма сирк томошалари ва сайловолди ташвиқоти тадбирлари учун рухсатнома талаб қилинмайди. Бироқ улар ҳақида ваколатли орган камида 10 иш куни олдин хабардор қилиниши лозим.

Шунингдек, маданий тадбирлар, кўнгилочар дастурлар ва спорт мусобақаларига кириш чипталарини электрон шаклда сотиш таклиф этилмоқда. Бу орқали чипталарни белгиланган нархдан қимматроққа қайта сотиш, қалбакилаштириш ва улардан такроран фойдаланишнинг олдини олиш кўзда тутилган.

Дронлар ва янги назорат тизими


Лойиҳада тадбирлар вақтида одамлар оқимини кузатиш ва бошқариш, иштирокчилар сонини ҳисобга олиш ҳамда ҳаддан ташқари гавжумликни аниқлаш учун дронлардан фойдаланиш ҳам назарда тутилган. Улар эҳтимолий хавфлар ҳақида ўз вақтида огоҳлантиришга хизмат қилиши керак.

Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш учун ваколатли органлар ҳузурида махсус комиссиялар ташкил этилиши таклиф қилинган. Комиссиялар тадбир ўтказиладиган объектлардаги хавфсизлик шароитларини текшириши ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича мажбурий кўрсатмалар бериши мумкин.

Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлигига уч ой муддатда «Э-жамоат хавфсизлиги» тизими таркибида «Э-оммавий тадбир» модулини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш вазифасини юклаш таклиф этилмоқда.

Қарор лойиҳаси 20 ноябрга қадар жамоатчилик муҳокамаси учун очиқ бўлади.

Теглар

Мавзуга оид

Консерт ва оммавий тадбирларда хавфсизлик хизмати пулли бўлиши мумкин | Vaqt.uz