Logo

«Kraken» Қозоғистон бозорига кирмоқда: мамлакатда олтита криптоплатформага чеклов қўйилди

Бугун 19:553 дақиқа

Суд дастлаб «BingX», «Bitcoin.com», «Huobi Global» (HTX), «BitMart», «Coinbase», «LBank» ва «WEEX» платформаларига нисбатан чекловлар жорий этиш ҳақида қарор чиқарган.

«Kraken» Қозоғистон бозорига кирмоқда: мамлакатда олтита криптоплатформага чеклов қўйилди © Foto: reuters

Қозоғистоннинг Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги «Kraken» криптоплатформаси билан ҳамкорлик меморандуми имзолади. Компания Остона халқаро молия маркази регуляторидан ҳам дастлабки маъқулловни олди.

Қозоғистон ҳукумати расмий сайтида эълон қилинган маълумотга кўра, халқаро криптоплатформа «Kraken» ҳамбош директори Дэвид Рипли ва мамлакат бош вазири Олжас Бектенов ўртасида AI & Digital Bridge 2026 форуми доирасида учрашув бўлиб ўтган.

Учрашувда рақамли активлар бозорини ривожлантириш, молиявий технологияларни жорий этиш ва соҳани тартибга солиш масалалари муҳокама қилинган. Учрашув якунлари бўйича Қозоғистоннинг Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги ҳамда «Kraken» ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Ҳужжат рақамли активлар бозорини ривожлантириш, блокчейн технологияларини жорий этиш, анъанавий банк инфратузилмасини рақамли активлар бозори билан интеграция қилиш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини оширишни назарда тутади.

Шунингдек, «Kraken» Остона халқаро молия марказининг Молиявий хизматларни тартибга солиш қўмитаси (AFSA)дан дастлабки маъқуллов — In-Principle Approval олган. Бу лицензиялаш жараёнидаги босқичлардан бири бўлиб, белгиланган талаблар бажарилганидан кейин компанияга марказ юрисдикциясида фаолият бошлаш имконини бериши мумкин. Дастлабки маъқуллов тўлиқ лицензия берилганини англатмайди.

Қозоғистон вазирлиги меморандум мамлакатнинг минтақавий криптохаб сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилганини билдирган.

Остона халқаро молия марказининг AFSA регулятори маълумотига кўра, 2026 йил 15 сентябрда марказ суди лицензиясиз фаолият юритган криптоплатформалар операторларига нисбатан чекловлар жорий этиш ҳақида қарор чиқарган.

Дастлабки қарорда «BingX», «Bitcoin.com», «Huobi Global» (HTX), «BitMart», «Coinbase», «LBank» ва «WEEX» платформалари кўрсатилган. Кейинчалик, 18 сентябрда «LBank» оператори Қозоғистондаги хизматларига киришни мустақил чеклагани сабабли суд уни қарордан чиқарган.
Шундан кейин чекловлар «BingX», «Bitcoin.com», «Huobi Global» (HTX), «BitMart», «Coinbase» ва «WEEX» операторларига нисбатан сақланиб қолган.

Суд қарори ушбу операторларга тегишли лицензиясиз рақамли активлар хизматларини кўрсатиш, таклиф қилиш ва реклама қилишни, шунингдек, бундай хизматлар учун мобил иловаларни тарқатиш ёки улардан фойдаланиш имкониятини тақдим этишни чеклайди. Қарор Google Play ва Apple App Store орқали хизматларга географик чеклов қўйиш чораларини ҳам қамраб олади.

AFSA маълумотига кўра, регулятор лицензиясиз платформалар фаолиятига қарши чораларни 2025 йилда бошлаган. Ўша йили 20 дан ортиқ криптоплатформага огоҳлантириш юборилган. 2026 йил бошида эса талабларга риоя қилмаган операторларга нисбатан суд жараёнлари бошланган.

Қозоғистонда криптовалюта савдоси қандай тартибга солинади?

Қозоғистон Миллий банки маълумотига кўра, 2026 йил 1 майдан мамлакатда рақамли активлар айланмасини тартибга солувчи янги ҳуқуқий механизмлар кучга кирган. Унга мувофиқ, рақамли активлар билан боғлиқ хизматларни кўрсатувчилар тегишли лицензия ёки рўйхатдан ўтиш талабларига риоя қилиши керак.

Остона халқаро молия маркази ҳудудида рақамли активлар билан боғлиқ фаолиятни AFSA тартибга солади. Марказдан ташқари ҳудудда эса тегишли ваколатлар Қозоғистон Миллий банки ва бошқа масъул регуляторлар ўртасида тақсимланган.

AFSA тушунтиришларига кўра, Қозоғистонда криптовалюталар билан савдо қилиш учун тегишли лицензияга эга платформалардан фойдаланиш талаб этилади. Лицензиясиз платформалар орқали савдо қилишда мижозлар активларни сақлаш, ахборотни ошкор қилиш ва низоларни ҳал этиш бўйича регулятор ҳимоясидан фойдалана олмаслиги мумкин.

«Kraken» 2011 йилда АҚШда ташкил этилган халқаро криптоплатформа бўлиб, чакана ва институционал мижозларга рақамли активларни сотиб олиш, сотиш, сақлаш ва савдо қилиш хизматларини тақдим этади. Компания «Payward» гуруҳи таркибида фаолият юритади.

Теглар

Мавзуга оид

«Kraken» Қозоғистон бозорига кирмоқда: мамлакатда олтита криптоплатформага чеклов қўйилди | Vaqt.uz