«Кредит хабарнома» хизмати ишга туширилди

Бугун 17:252 дақиқа

Ушбу хизматни ёқиш орқали фуқаролар ўз номига очилган ҳар қандай янги кредит ҳақида дарҳол хабар олиш имконига эга бўлади.

«Кредит хабарнома» хизмати ишга туширилди

2026 йил 16-мартдан бошлаб «Кредит-ахборот таҳлилий маркази» кредит бюроси томонидан «Кредит хабарнома» хизмати ишга туширилди. Янги хизмат орқали фуқаролар ўз номига янги кредит расмийлаштирилгани ҳақида дарҳол маълумот олади.

Бу имконият, айниқса, шахснинг розилигисиз ёки хабарисиз расмийлаштирилган кредит ҳолатларини барвақт аниқлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу орқали молиявий хавфсизликни таъминлаш ва эҳтимолий фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш мумкин.

Хизмат доирасида хабарномалар SMS орқали ёки «KATM» мобил иловаси орқали пуш-билдиришнома шаклида юборилади. Бу эса фуқароларга ўз кредит тарихи билан боғлиқ ҳар қандай ўзгаришлардан доимий равишда хабардор бўлиб туриш имконини беради.

Мазкур хизмат пуллик ҳисобланади. Унинг нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,01 баравари (ҚҚСсиз) этиб белгиланган. Хизматга уланиш муддати 1 йил, яъни 365 кун давомида амал қилади.

Шунингдек, «KATM» мобил иловаси орқали бошқа хизматлардан ҳам фойдаланиш мумкин. Хусусан:

Кредит скоринги ва тарихини кузатиш: Ўзбекистонликларнинг кредит тарихи «Кредит-ахборот таҳлилий маркази» кредит бюроси томонидан доимий баҳолаб борилади. Бунда фойдаланувчилар кредит тарихидаги ўзгаришларни ойлар кесимида ҳам кузатиб бориши мумкин. Қарз олувчилар 0 дан 500 гача бўлган оралиқдаги скоринг балл орқали баҳоланади ва ушбу оралиқ 5 гуруҳга бўлинади:

А – аъло (400-500 балл;

Б — яхши (300-400 балл);

C — ўртача (200-300 балл);

Д — қониқарли (100-200 балл);

Э — ёмон (0-100 балл). Скоринг баллини ҳар куни бепул кузатиш имконияти мавжуд.

Кредит тарихини эса ушбу сайтлар орқали текшириш мумкин:

— portal.infokredit.uz/reports (хизмат нархи 16 480 сўм);

my.gov.uz орқали (хизмат нархи 14 834 сўм).

Хизматдан бир йилда бир марта фойдаланиш бепул. иккинчи мартаси эса пулли. Тайёр ҳисоботларни «ҳаракатлар тарихи» бўлимидан юклаб олиш ёки кузатиш мумкин.

Фирибгарликдан ҳимояланиш ва тақиқлар: Хавфсизликни кучайтириш мақсадида иловада «Кредитга тақиқ» хизмати жорий этилган бўлиб, у орқали ўз номига кредит олишни мутлақо бепул чеклаб қўйиш мумкин. Шунингдек, «Freeze» хизмати (13 843 сўм) ёрдамида кредит тарихи маълумотларидан бегоналарнинг фойдаланишини вақтинча тўхтатиб қўйиш имкони бор.

Кафиллик ва қарздорлик назорати: Бошқа шахсларга кафил бўлаётган фуқаролар учун ҳам қулайликлар мавжуд. «Ишончли кафил» хизмати (8 240 сўм) орқали қарз олувчининг тўлов қобилиятини текшириш, «Кимга кафилман» бўлимида (2 060 сўм) эса мавжуд кафилликларни назорат қилиш мумкин. Бундан ташқари, 90 кундан ошган муддати ўтган тўловлар ҳақидаги маълумотларни ҳам алоҳида хизмат (4 120 сўм) орқали олиш имконияти яратилган.

Маълумот учун, айни пайтда «KATM» иловасидан фойдаланувчилар сони 1 миллиондан ошган.

Теглар

Мавзуга оид