
Кумуш нархи унциясига 80 доллар чегарасидан ошди
Comex биржасида кумуш фючерслари нархи 80 доллар чегарасидан ошди, спот бозорида ҳам кескин ўсиш кузатилиб, йил бошидан бери кумуш 181 фоизга қимматлашди.

Comex биржаси маълумотларига кўра, кумуш фючерсларининг нархи қисқа вақт ичида муҳим психологик чегара — унцияси 80 доллардан юқорига чиқди. Тошкент вақти билан 05:05 ҳолатига фючерс нархи 82,62 долларга етган. Кейинчалик, котировкалар 80,13 доллар атрофида барқарорлашган. Солиштириш учун, жума куни савдо ёпилишида фючерс 79,19 доллар даражасида бўлган.
Фючерслар билан бир қаторда спот бозорида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилди. Reuters агентлигининг маълум қилишича, кумушнинг спот нархи бир пайтда 83,62 долларгача кўтарилган. Кейинроқ нархлар пасайиб, нисбатан барқарор ҳолатга келган.
Агентлик бу динамикани геосиёсий янгиликлар билан боғламоқда. Хусусан, АҚШ ва Украина етакчилари ўртасидаги музокаралар атрофида ижобий фон шаклланиши инвесторларнинг хавфсиз активларга бўлган қизиқишини бироз пасайтирган. Натижада олтин ва кумуш каби ҳимоя активларига талаб қисқа муддатли равишда камайган.
Шу билан бирга, йиллик кесимда кумуш бозорида мутлақо бошқа манзара кузатилмоқда. Reuters ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил бошидан бери кумуш нархи 181 фоизга ошган.
Бундай кескин ўсишга икки асосий омил туртки бўлди.
Биринчидан, кумуш АҚШ ва глобал саноат учун стратегик аҳамиятга эга минерал ҳисобланади. У қайта тикланувчи энергетика, электроника, аккумуляторлар ва ҳарбий технологияларда кенг қўлланилади. Иккинчидан эса, жаҳон бозорида кумуш етказиб бериш ҳажмлари чекланган бўлиб, саноат талабининг ўсиши таклиф билан мутаносиб ўсмаяпти.
Мутахассисларнинг фикрича, агар геосиёсий ноаниқликлар сақланиб қолса ёки саноат талаби янада кучайса, кумуш нархи юқори диапазонда қолиши мумкин. Шу билан бирга, қисқа муддатда нархлар юқори волатилликни сақлаб қолиши истисно этилмайди.





