
Марказий банк финтех соҳаси учун масъул этиб белгиланди
Президент қарори билан Марказий банкнинг вазифалари кенгайтирилди.

Ўзбекистон Марказий банки мамлакатда молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш учун масъул асосий регулятор этиб белгиланди. Бу 27 ноябрь куни қабул қилинган президент қарорида назарда тутилган бўлиб, финтех бозорини тизимли ривожлантириш ва инновацияларни иқтисодий барқарорлик билан уйғунлаштиришни кўзда тутади.
Қарорга мувофиқ, Марказий банк инновацияларни қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда банк тизими барқарорлиги, тўлов тизимларининг узлуксиз ишлаши ва нархлар барқарорлигини таъминлаш ўртасида мувозанатни сақлаш учун жавобгар бўлади. Регулятор молия секторида технологик ўзгаришларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланиши керак.
Ҳужжатда молиявий технологияларни жорий этишда тартибга солиш чораларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу чоралар инновацияларни рағбатлантирган ҳолда, улар билан боғлиқ молиявий ва технологик хавфларни камайтиришга қаратилган бўлиши лозим. Шунингдек, қарор қабул қилишда тўлиқ ва ишончли маълумотларга таяниш белгиланган.
Марказий банк финтех хизматларини кўрсатишда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ваколатига эга бўлади. Бу вазифалар «Марказий банк тўғрисида»ги қонунга ҳам киритилиши режалаштирилган.
Қарор билан Марказий банк раиси Тимур Ишметов раҳбарлигида Молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш бўйича республика комиссияси ташкил этилади. Комиссия финтех соҳасининг стратегик йўналишларини белгилаш, давлат ва хусусий сектор ўртасида мувофиқлашувни кучайтириш ҳамда «тартибга солиш қумдони»дан ўтган ечимларни кенг жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлайди.

Шунингдек, регуляторга 2026–2030 йилларга мўлжалланган финтехни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, токенлаштирилган акциялар ва облигациялар муомаласини жорий этиш, рақамли валюта бўйича тажриба лойиҳаларини амалга ошириш топширилди. Ҳужжат доирасида Марказий банк ҳузурида 50 миллион долларлик венчур фонд ва инновацион марказ ташкил этилиши ҳам белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк раиси AFI раҳбариятига сайланганлиги ҳақида хабар берган эдик.





