
Марказий банк раиси AFI раҳбариятига сайланди
Ўзбекистон Марказий банки раҳбарининг халқаро нуфузли тузилмадаги лавозимга сайланиши молиявий инклюзия ислоҳотларига берилган эътироф сифатида баҳоланмоқда.

5 декабр куни Молиявий инклюзия альянси (AFI) Директорлар кенгаши Ўзбекистон Марказий банки раисини ўзининг янги Раис ўринбосари этиб сайлади. Шу билан бирга, у AFI Директорлар кенгашида Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вакил сифатида фаолият юритади. Бу ҳақда Марказий банк ахборот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Марказий банки 2018 йилдан буён AFI'нинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Шу давр мобайнида банк AFI бошқарув тузилмасининг қатор органларида, жумладан Бюджет ва молия қўмитаси ҳамда Гендер инклюзив молиялаштириш қўмитаси таркибида фаол иштирок этиб келмоқда. Айни пайтда Марказий банк раиси AFI'нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича Сиёсий ташаббусига ҳам раислик қилмоқда.
Марказий банк раҳбари Тимур Ишметовнинг таъкидлашича, ушбу сайлов Ўзбекистонда молиявий инклюзияни кенгайтириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда инклюзив молиявий экотизимни шакллантириш йўлида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг халқаро миқёсда эътироф этилганини кўрсатади.
Унинг сўзларига кўра, мазкур тайинлов Ўзбекистонга далилларга асосланган ёндашувлар ва ислоҳотларга йўналтирилган сиёсий қарорларни глобал даражада илгари суриш, шунингдек, AFI'нинг кенг халқаро тармоғи доирасида адолатли, барқарор ва келажакка мос молиявий тизимларни ривожлантириш имкониятини беради.
Маълумот учун, AFI Директорлар кенгаши ташкилот фаолиятининг стратегик йўналишларини белгилайди, янги имкониятларни аниқлаш ва аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш бўйича маслаҳатлар беради. Жорий йил сентябрь ойида Руанда Миллий банки раиси Сорая М. Ҳакузияреме AFI Директорлар кенгаши раиси этиб сайланган эди ва у ушбу лавозимни эгаллаган илк аёл ҳисобланади.
Ўзбекистон Марказий банки раисининг AFI Директорлар кенгаши Раис ўринбосари сифатидаги ваколати 2026 йилда бўлиб ўтадиган AFI Аъзолар кенгашининг йиллик умумий йиғилишида расман тасдиқланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йил 11 декабрда Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш ҳақида қарор қабул қилганлиги ҳақида хабар берган эдик.





