add

Марко Рубио: «Венесуэлада сайловлар ҳақида гапиришга эрта»

05.01.2026 | 08:582 дақиқа

АҚШ давлат котиби Венесуэлада сайловлар ўтказиш масаласини муҳокама қилиш ҳозирча барвақт эканини айтиб, АҚШ хавфсизлик устуворлигини биринчи ўринга қўйди.

Марко Рубио: «Венесуэлада сайловлар ҳақида гапиришга эрта»

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Венесуэлада сайловлар ўтказиш ҳақида гапириш ҳозирча эрта эканини билдирди. У бу фикрни «NBC News» телеканалидаги «Meet the Press» дастурида чиқиш қилиб, мамлакатда ҳал қилиниши лозим бўлган бир қатор шошилинч масалалар мавжудлигини таъкидлади, деб ёзмоқда «The Hill» нашри.

Рубио Венесуэла келажаги ҳақидаги саволлар АҚШ махсус кучлари мамлакат раҳбари Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флоресни қўлга олганидан кейин янада долзарблашганини айтди. Шу билан бирга, у мухолифат етакчиси Мария Корина Мачадони «жуда кучли сиёсий фигура» деб атаган бўлса-да, ҳозирги босқичда АҚШ учун қисқа муддатли хавфсизлик масалалари устувор эканини қайд этди.

Рубио сўзларига кўра, Вашингтонни аввало наркотрафик оқими, санкция остидаги нефтни ташиш ва минтақавий барқарорлик билан боғлиқ муаммолар қизиқтиради. Ушбу масалалар ҳал этилмас экан, демократик жараёнлар ҳақида гапириш самарасиз бўлиши мумкинлигини билдирди.

Президент Доналд Трамп эса шанба куни журналистларга АҚШ Венесуэлада хавфсиз ва оқилона ўтиш даври таъминлангунича мамлакатни бошқаришини айтган эди. Унинг таъкидлашича, АҚШ нефт компаниялари Венесуэланинг нефт инфратузилмасини қайта тиклашда иштирок этади. Венесуэла дунёдаги энг йирик нефт захираларига эга мамлакат ҳисобланади.

Марко Рубио якшанба куни ҳам АҚШнинг наркотрафикка қарши амалга оширилаётган кўп ойлик операциялари давом эттирилишини истисно қилмади. Унинг сўзларига кўра, сайловлар ва демократия муҳим, аммо АҚШ учун энг асосийси — мамлакат хавфсизлиги, фаровонлиги ва миллий манфаатларини ҳимоя қилишдир.

Теглар

Мавзуга оид