Logo

Маск АҚШдаги сиёсий партияга энг кўп пул хайрия қилган шахсга айланди

Бугун 09:222 дақиқа

Пулларнинг катта қисми «Super PAC» деб аталадиган сиёсий ташкилотларга берилган. Бундай ташкилотлар қонун бўйича хайрия сифатида исталган миқдорда пул қабул қилиши мумкин. Улар сайловларда муайян номзодлар ёки сиёсий қарашларни қўллаб-қувватлаш учун маблағ сарфлайди.

Маск АҚШдаги сиёсий партияга энг кўп пул хайрия қилган шахсга айланди © Reuters

Миллиардер Илон Маск АҚШда сиёсий партияга энг кўп шахсий пул ажратган инсон бўлди. «The Washington Post» газетаси сайловларни молиялаштириш бўйича ҳисоботларни ўрганиб, Маск оралиқ сайловлар олдидан Республикачилар партиясини қўллаб-қувватлаш учун ўз маблағидан 446 миллион доллар сарфлаганини аниқлади. Унинг мақсади республикачиларга Конгрессдаги назоратни сақлаб қолишда ёрдам бериш бўлган.

Умуман олганда, йирик ҳомийлар оралиқ сайловларга таъсир кўрсатиш учун 2,7 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлаган. Шундан 1,7 миллиард доллар Республикачилар партиясини қўллаб-қувватловчилардан, 832 миллион доллар эса Демократлар партияси ҳомийларидан келиб тушган. Яна 264 миллион долларни икки партияни қўллаб-қувватловчи гуруҳлар ва лоббичилик ташкилотлари ажратган.

Бу пулларнинг катта қисми «Super PAC» деб аталадиган сиёсий ташкилотларга берилган. Бундай ташкилотлар қонун бўйича хайрия сифатида исталган миқдорда пул қабул қилиши мумкин. Улар сайловларда муайян номзодлар ёки сиёсий қарашларни қўллаб-қувватлаш учун маблағ сарфлайди.

Республикачиларга энг кўп пул ажратганлар орасида Маскдан кейинги ўринларда «Uline» компанияси эгалари Элизабет ва Ричард Юлайн (150 миллион доллар), «One Nation» номли нотижорат ташкилот (133 миллион доллар) ҳамда «Susquehanna International Group» савдо компаниясининг ҳамэгаси Жефф Ясс (110 миллион доллар) бор.

Демократлар партиясининг асосий ҳомийлари эса Жорж Сорос ва «Majority Forward» номли нотижорат ташкилот бўлиб, уларнинг ҳар бири 102 миллион доллардан хайрия қилган. Бундан ташқари, «House Majority Forward» ташкилоти 94 миллион доллар, Ню-Йорк шаҳрининг собиқ мэри Майкл Блумберг эса 84 миллион доллар ажратган.

«The Washington Post» таъкидлашича, газета эгаси ва дунёнинг энг бой инсонларидан бири Жефф Безос бу сайлов даврида атиги 15 минг доллар хайрия қилган. Бу маблағ фақат унинг компаниялари — «Amazon» ва «Blue Origin» билан боғлиқ федерал сиёсий қўмиталарга берилган.

АҚШда оралиқ сайловлар 3-ноябр куни бўлиб ўтади. Ушбу сайловларда Вакиллар палатасининг барча 435 аъзоси ва Сенатнинг 35 аъзоси сайланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп 20 миллион катта ёшли америкаликка салкам 100 доллардан бермоқчилиги ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид