
Маск SpaceX’нинг 800 млрд долларга баҳолангани ҳақидаги хабарларни рад этди
Медиадаги хабарларга жавобан Илон Маск компания ҳеч қандай янги баҳолаш асосида маблағ жалб қилмаётганини, акцияларни қайта сотиб олиш эса одатий жараён эканини таъкидлади.

Reuters хабарига кўра, 6 декабр куни оммавий ахборот воситалари SpaceX компанияси 800 миллиард долларлик баҳоланиш асосида маблағ жалб қилаётгани ҳақида маълумот берган. Бироқ Илон Маск ушбу маълумотларни ёлғон деб атаб, уларни кескин рад этди. Унинг айтишича, компания ҳозирда бундай баҳолаш билан сармоя жалб қилиш жараёнида эмас.
Маск X ижтимоий тармоғидаги баёнотида SpaceX бир неча йилдан буён ижобий пул оқимига эга эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, компания йилига икки маротаба ходимлар ва мавжуд сармоядорлар ликвидликни таъминлаш мақсадида акцияларни қайта сотиб олиш амалиётини ўтказади.
SpaceX дунёдаги энг йирик хусусий космик компаниялардан бири бўлиб, охирги йилларда Starlink лойиҳасининг кенгайиши ва ракета учиришларининг кўпайиши ортидан бозордаги баҳоси алоҳида қизиқиш уйғотиб келаётганди. Шу боис, 800 миллиард долларлик баҳоланиш ҳақидаги хабарлар кенг муҳокамага сабаб бўлди.





