Mobiuz 2025-йилда қарийб 175 млрд сўм фойда олди

Кеча 23:352 дақиқа

Компания фойдаси 2024-йилга нисбатан 39 баробар ўсди. Уни бир неча йилдан бери хусусийлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Mobiuz 2025-йилда қарийб 175 млрд сўм фойда олди

Universal Mobile Systems MChJ (Mobiuz алоқа оператори) 2025-йил якунлари бўйича рекорд даражада соф фойда қайд этди.

Молиявий ҳисоботда қайд этилишича, компаниянинг соф фойдаси 173,6 млрд сўмни ташкил этди. Таqqослаш учун, 2024-йилда бу кўрсаткич атиги 4,3 млрд сўм бўлган. Бир йил ичида соф фойда 3 937 фоизга ёки қарийб 39 баробарга ошди.

Компаниянинг соф тушуми ўтган йилда 2,5 трлн сўмни ташкил этиб, 2024-йилнинг мос даврига нисбатан 19 фоизга ўсди. Ялпи фойда 863,1 млрд сўмга (+15 фоиз), операцион фойда эса 152,8 млрд сўмга (+1 фоиз) етди. Соф рентабеллик кўрсаткичи 2 фоиздан 7 фоизгача кўтарилди.

Харажатлар қисмида маҳсулот ва хизматлар таннархи 1 336,2 млрд сўмдан 1 618,9 млрд сўмга (+21 фоиз), давр харажатлари эса 632,3 млрд сўмдан 764,4 млрд сўмга (+21 фоиз) ошган.

Компания Ўзбекистон миқёсида солиқ тўлаш бўйича ҳам етакчилардан ҳисобланади. Хусусан, 2025-йил якунларига кўра, компания хизмат кўрсатувчи компаниялар орасида ТОП-10 солиқ тўловчи сифатида эътироф этилган.

Mobiuz алоқа операторлари орасида тўртинчи энг йирик солиқ тўловчи ҳисобланади. Йил давомида компания жами 253,3 млрд сўм солиқ тўлаган бўлиб, шундан 64,1 млрд сўми фойда солиғига тўғри келади.

Mobiuz хусусийлаштирилиши кутилмоқда

Ўзбекистон ҳукумати мобил алоқа оператори Mobiuz (Universal Mobile Systems)даги 100 фоиз улушини 2025-йил июн ойида сотувга қўйган эди. Bloomberg манбаларига кўра, мамлакат компанияни 300 млн долларга сотмоқчи.

Сотиб олишга Қатар, Саудия Арабистони, Озарбайжон ва Европа компаниялари қизиқиш билдирган. Дастлаб 15 та инвестор ариза топширган бўлса, ҳозирда уларнинг 3 таси хусусийлаштириш жараёнида иштирок этмоқда.

Mobiuz Ўзбекистон мобил алоқа бозорининг тахминан 20,9 фоиз улушига эга. Компания абонентлари сони 8 миллион нафардан ошади.

Аввалроқ «Ўзбектелеком» 2025-йилда 14 баробар ўсиш қайд этиб, 509,9 млрд сўм соф фойда олгани хабар қилинган эди.

Теглар

Мавзуга оид