
Москва ва Киев махфий алоқа каналларини сақлаб қолганми?
Уруш давом этаётганига қарамай, Киев ва Москва олигархлар, гуманитар каналлар ва дипломатик воситачилар орқали алоқани тўхтатмагани маълум бўлди.

2022 йил 24 февралда Россия Украинага ҳужум бошлаганида, Киев Москва билан барча дипломатик муносабатларни дарҳол узган эди. Расмий каналлар ёпилган бўлса-да, икки давлат ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқот йўқолмади. Киев Independent ёзишича, гуманитар мақсадлардаги алоқалар, яширин музокара йўллари ва турли воситачилар орқали хабар алмашиш мунтазам давом этмоқда.
Украиналик сиёсатшунослар фикрича, Россия билан муносабат қанчалик кескин бўлмасин, минимал даражада бўлса ҳам мулоқот зарур. Украина парламентининг халқаро ишлар қўмитаси раҳбари Александр Мережко тарихий мисолни келтириб, Ветнам уруши чоғида ҳам АҚШ ва Шимолий Ветнам Парижда яширин канални сақлаганини эслатади. Украина Ташқи ишлар вазирлиги эса ягона расмий канал сифатида Беларусдаги элчихона орқали амалга ошириладиган техник масалаларни тан олади. Бироқ экспертлар гуманитар йўналиш доим фаоллигини йўқотмаганини таъкидлайди.
Ёзилишича, яширин алоқалар 2022 йил март ойидаёқ бошланган. Ўша пайтда Украина ва Россия делегациялари аввал Беларусда, кейин Туркияда учрашган. Истанбул ҳозиргача тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиладиган асосий майдон ҳисобланади. Оралиқда россиялик миллиардер Роман Абрамович ҳам воситачи сифатида кўринган. У музокаралар тайёрловида иштирок этган, Кремлга хабарлар етказган, 2023 йилдан эса унинг иштироки гуманитар масалалар, жумладан дон коридори ишига ёрдам бериш билан боғлиқ бўлган.
2025 йилдаги навбатдаги музокаралар олдидан Абрамовичнинг Москвада пайдо бўлиши яна қизиқиш уйғотди. Расман у маданий тадбирда қатнашган бўлса-да, манбалар бу ташрифнинг бошқа мақсадлари бўлганини ҳам айтишмоқда.
Шу билан бирга, Украина ҳарбий разведкаси томонидан барпо этилган яна бир муҳим канал — асирларни алмашиш бўйича гуманитар йўналиш — фаол ишлаган. У тасодифан бошланган: украин офицери Дмитрий Усов ҳалок бўлган россиялик аскар телефони орқали ГРУ офицери Александр Зорин билан боғланган. Кейинчалик Туркия, Қатар ва Саудия Арабистони бу жараёнга қўшилиб, йирик алмашувларни амалга ошириш имконини берди.
2025 йилда Истанбул воситачилигида яна бир расмий мулоқот канали очилди. Украина бу музокараларга мудофаа вазири Рустем Умеровни тайинлади, Россия эса президент ёрдамчиси Владимир Мединскийни чиқарди. Икки мамлакат раҳбарлари Умеров ва Мединский алоқада эканини тасдиқлаган.
Ҳозирда бу каналнинг фаоллиги номаълум. Украина ҳар қандай шунга ўхшаш контактлар ҳақида оммага ошкор маълумот беришини таъкидламоқда. Шунга қарамасдан, экспертлар Киев ва Москва расмий муносабатлар узилганига қарамай, яширин мулоқотни сақлаб қолаётганини эътироф этмоқда.





