Москва Ереванга босим ўтказмоқда, Вашингтон ва Пекин эса илк бор бир ёқадан бош чиқарди...

Бугун 09:005 дақиқа

Жанубий Кавказдаги сиёсий жараёнлар глобал кучларнинг эътиборига тушмоқда. Арманистондаги сайловлар минтақа келажагини белгилаб бериши мумкин.

Москва Ереванга босим ўтказмоқда, Вашингтон ва Пекин эса илк бор бир ёқадан бош чиқарди...

Американинг «Forbes» журналида Жанубий Кавказ минтақасига бевосита дахлдор ва кўпчиликда қизиқиш уйғотадиган мақола чоп этилди. Энергетика ва геоиқтисодиёт бўйича эксперт, мақола муаллифи Уэсли Александр Хиллнинг ёзишича, Жанубий Кавказ одатда бирор уруш чиқмагунча ёки нефт-газ қувурларига хавф туғилмагунча жаҳон оммавий ахборот воситалари эътиборидан четда қолади. Бироқ аслида бу ҳудуд кўзга ташланмай, Евросиёдаги энг муҳим стратегик рақобат майдонларидан бирига айланиб улгурган.

Муаллиф бу фикрини сўнгги икки муҳим воқеа билан асослайди. Улардан биринчиси шу йилнинг феврал ойида АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнснинг Ереванга ташрифи бўлиб, унда Вэнс ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян тинчлик мақсадларида ядро энергетикасини биргаликда ривожлантириш тўғрисидаги битимни имзолаган эди. Иккинчиси эса Давлат котиби Марко Рубионинг яқинда Ереванга қилган ташрифи ва у ерда АҚШ ҳамда Арманистон ўртасида стратегик, хусусан, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги келишувга имзо чекилганидир.

Қайд этилишича, Россия, Эрон, Туркия ва Каспий денгизи оралиғида жойлашган Жанубий Кавказ энергетика транзити, «Шарқ – Ғарб» ва «Шимол – Жануб» савдо йўлаклари, шунингдек, Ғарбнинг Марказий Осиёга чиқишини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, мақолада муҳим бир хулоса илгари сурилади: Арманистондаги бўлажак сайловларнинг таъсир доираси Ереван чегараларидан анча кенгдир. Бу овоз бериш жараёни Жанубий Кавказнинг дипломатик нормаллашув, минтақавий интеграция ва иқтисодий ҳамкорликни диверсификация қилиш йўлидан боришини ёхуд Москвага минтақада узоқ вақт ҳукмронлик қилиш имконини берган беқарорлик ва тобелик даврига қайтишини белгилаб беради.

Хилл Кавказдаги йирик ўйинчиларнинг манфаатлари қандай тўқнашаётганини таҳлил қилар экан, Россия минтақани ўзининг «жанубдаги заиф нуқтаси» деб билишини таъкидлайди. XVIII асрдан бошлаб Чор Россияси, кейинчалик эса СССР Кавказга Эрон ва Туркияга қарши асосий таянч нуқтаси сифатида қараб келган. Хитой эса минтақага инфратузилма ва логистика нуқтаи назаридан ёндашади, чунки Пекинга Россия ва Эронга қарам бўлмаган ҳамда хавфли денгиз йўлларига муқобил равишда Европага олиб чиқувчи хавфсиз қуруқлик йўлаги керак.

Вашингтон ва Пекиннинг ўхшаш манфаатлари

Бу ўринда муаллиф ўзининг энг кутилмаган хулосаларидан бирини келтириб, сиёсат баъзан ғалати иттифоқчиларни яратишини айтади. Вашингтоннинг «Ўрта йўлак» каби лойиҳаларни ва минтақавий боғлиқлик ташаббусларини, хусусан, Арманистон орқали ўтувчи «Трампнинг тинчлик ва фаровонлик йўли» (TRIPP) лойиҳасини қўллаб-қувватлаши аслида Пекиннинг мақсадларига тўла мос тушади. Гарчи давлатларнинг бунга ундайдиган сабаблари турлича бўлса-да, Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги муносабатларнинг тикланишидан, минтақадаги барқарорлик ва ишончли транзит тармоқларидан АҚШ ва Хитой бирдек манфаатдор. Россия ва Эрон эса, аксинча, вазиятнинг чигаллашишидан фойда кўради.

Россиянинг таъсир ўтказишга уринишлари

Эксперт Москванинг бу борадаги мантиғини қуйидагича изоҳлайди: ўнлаб йиллар мобайнида Россиянинг минтақадаги таъсир доираси асосан ҳал этилмаган можаролар, ҳарбий тобелик ва ўзаро адоватдаги давлатлар ўртасида ягона ҳакам вазифасини ўташига асосланиб келган. Музлатиб қўйилган низолар Москва учун ўзига хос бошқарув дастаги бўлиб хизмат қилган ҳамда Россия тинчликпарвар кучларининг минтақада бўлишини оқлашга асос яратган. Агар Боку ва Ереван ўртасидаги муносабатлар яхшиланса, айниқса, бу иқтисодий интеграция ва Ғарб билан яқинлашув орқали юз берса, бу Россиянинг минтақадаги таъсирига жиддий таҳдид солади.

Шу сабабли ҳам муаллиф бўлажак сайловларни Россиянинг сиёсий аралашув ва яширин операциялар бўйича тобора тажовузкорлашиб бораётган кампаниясининг маркази сифатида баҳолайди. Украинадаги урушга ботиб қолган Россиянинг ҳозирда Жанубий Кавказдаги мавқеини ҳарбий йўл билан тезкор мустаҳкамлаш учун етарли ресурслари йўқ. Аммо сайловларда ўзи учун қулай натижага эришиш орқали у минтақадаги таъсирини тиклаши, АҚШ ва Европанинг энергетика ташаббусларига зарба бериши ва Хитойнинг Россияга босим ўтказиш имкониятларини чеклаб қўйиши мумкин.

Бу фикрни тасдиқлаш учун Хилл яқинда эълон қилинган «OCCRP» ва «The Insider» суриштирувларини келтиради. Ушбу манбалар овоз бериш жараёни олдидан Арманистонда амалга оширилаётган кенг кўламли таъсир операцияларини фош қилган. Маълум бўлишича, бу ташаббуслардан бири Россия фуқаролигига эга бўлган арманистонлик сайловчиларга қаратилган бўлиб, улар сайлов натижаларига ҳал қилувчи таъсир ўтказа оладиган қатлам сифатида баҳоланган. Сизиб чиққан бошқа ҳужжатларда эса Пашинянга нисбатан душманлик кайфиятини шакллантириш ҳамда Москва билан яқин иттифоқчилик тарафдорларини қўллаб-қувватлаш режалари акс этган. Умуман олганда, ушбу кампания ўз ичига разведка фаолияти, яширин молиялаштириш ва диний ҳамда миллатчилик туйғуларидан Арманистон ҳукуматига қарши қурол сифатида фойдаланишга бўлган уринишларини қамраб олади.

Шунингдек, муаллиф Халқаро жиноят судининг собиқ прокурори Луис Морено Окампо ва унинг ўғли Томас иштирокидаги видеоёзувга алоҳида тўхталиб ўтди. Улар Арманистоннинг Европа Иттифоқи билан яқинлашишига тўсқинлик қилиш ва Пашинян ҳукуматини заифлаштириш мақсадида ўзларининг Европадаги алоқалари ва Халқаро жиноят судидаги нуфузларидан фойдаланишган. Тармоқларда тарқалаётган видеоматериалларга кўра, Окампо бу йўлда асли арманистонлик бўлган рус тадбиркорларининг маблағларини ишга солган ҳамда АҚШдаги арман лоббиси билан ҳамкорлик қилган.

Энергетика хавфсизлиги ва сайловларнинг глобал аҳамияти

Хиллнинг фикрича, ҳозирги вазиятнинг ўзига хослиги шундаки, АҚШ ва Хитойнинг манфаатлари «ҳар икки томон очиқ тан олганидан кўра анча кучлироқ кесишмоқда». Гарчи бу икки давлат стратегик рақобатчи бўлса-да, улар Кавказдаги вазиятнинг барқарор қолишидан манфаатдор. Агар Россия томонидан беқарорлик келтириб чиқарилса, бундан уларнинг ҳар иккиси ҳам ютқазади.

Шу сабабли, дея хулоса қилади муаллиф, Арманистондаги сайловлар натижасидан нафақат Вашингтон, Пекин ва Европа, балки «BP», «SOCAR», «TotalEnergies», «Eni», «ExxonMobil» ва «Chevron» каби йирик энергетика гигантлари ҳам бевосита манфаатдор. Агар Россиянинг вазиятни издан чиқаришга қаратилган ҳаракатлари муваффақиятли якунланса, Ҳўрмуз бўғозидаги инқироз туфайли зарар кўраётган жаҳон энергетика бозори яна бир оғир зарбани қабул қилади. Аксинча, бу уринишлар барбод бўлса, Европа, Хитой ва АҚШнинг энергетика соҳасидаги манфаатлари янада ишончлироқ ҳимояланган бўлади.

Теглар

Мавзуга оид