Logo

НАТО 3.0: АҚШ Европадан чекинса, Россия учун қандай имкониятлар пайдо бўлади?

Бугун 09:006 дақиқа

Шимолий Атлантика алянси ўз тарихидаги энг мураккаб — НАТО 3.0 деб номланган янги босқичга қадам қўймоқда. АҚШ Европадаги ҳарбий иштирокини қисқартириб, мудофаа масъулиятини тўлиқ иттифоқчиларга топшираётган бир пайтда, таҳлилчилар бу ўтиш даври Россия учун стратегик имкониятга айланиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

НАТО 3.0: АҚШ Европадан чекинса, Россия учун қандай имкониятлар пайдо бўлади?

Шимолий Атлантика алянси энг мураккаб даврларидан бирини бошдан кечирмоқда. Дональд Трампнинг иккинчи президентлик муддати бошланганидан буён бу тенденция янада кучайди. Таҳлилчилар яқин вақтларгача НАТО фаолиятини икки босқичга ажратади. Уларнинг биринчиси — НАТО 1.0 — Совуқ уруш даврини қамраб олади.

Бу босқичда алянс Совет Иттифоқи ва социалистик блок мамлакатларига қарши қатъий, аниқ ва самарали тийиб туриш воситаси бўлган. Унда АҚШ Европа хавфсизлигининг асосий кафили вазифасини ўз зиммасига олган. Бошқача айтганда, Совуқ уруш даврида Европа АҚШнинг хавфсизлик ҳимояси остида бўлган.

Иккинчи босқич — НАТО 2.0 — СССР парчаланганидан кейинги даврни ўз ичига олади. Бу даврда алянс шарққа қараб тез суръатларда кенгайди ва ўз масъулият ҳудудидан ташқарида юзага келган инқирозларга аралашишга эътибор қаратди.

Жорий йил бошида АҚШ маъмурияти НАТО 3.0 деб номланган янги стратегик концепцияни оммага тақдим этди. АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Элбридж Колби ва бошқа расмийлар илгари сурган, шунингдек, алянс бош котиби Марк Рюттенинг қарашларини ҳам қамраб олган ушбу концепция АҚШ раҳбарлигидаги анъанавий мудофаа моделидан масъулиятни қайта тақсимлаш ва қитъа мудофаасини «европалаштириш»га ўтишни англатади.

Ушбу концепцияга кўра, Европа иттифоқчилари анъанавий қуроллар билан ҳудудий мудофаа ва минтақавий хавфсизлик учун асосий масъулиятни ўз зиммасига олади. АҚШ эса Европа ҳудудидаги мунтазам қўшинлари, ҳарбий-денгиз ва ҳарбий-ҳаво кучларининг бевосита иштирокини қисқартиради. Шу орқали ресурсларини Тинч океани минтақаси ва Ғарбий яримшар каби бошқа глобал устувор йўналишларга қайта йўналтиради.

Вашингтон ўзининг асосий ядровий тийиб туриш салоҳияти ва стратегик ёрдам воситаларини сақлаб қолади. Бунда Буюк Британия ва Франциянинг ҳиссаси ҳам муҳим бўлади.

Бу йўналиш АҚШнинг 2026 йилга мўлжалланган Миллий мудофаа стратегиясида ҳам аниқ акс этган. Унда НАТО иттифоқчилари Европанинг анъанавий мудофааси учун асосий масъулиятни ўз зиммасига олиши, АҚШ эса «ҳаётий муҳим, аммо чекланган» ёрдам кўрсатиши кераклиги таъкидланади.

Умуман олганда, бу ёндашувнинг мантиғи тушунарли. Европа ўзини ҳимоя қилиш учун зарур иқтисодий, технологик ва демографик ресурсларга эга. Европанинг мудофаа соҳасидаги салоҳияти кучайиши охир-оқибат НАТОни янада мувозанатли, барқарор ва сиёсий жиҳатдан муҳим қила олади. Аммо қоғозда мавжуд ресурслар амалда сафарбар этиш мумкин бўлган ҳарбий қудрат билан бир хил эмас. Европа бюджетлари қисқа вақт ичида жанговар шай дивизиялар, ягона ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, узоқ масофага зарба бериш имкониятлари, ўқ-дори захиралари, разведка тармоқлари ёки ишлайдиган қўмондонлик тузилмаларини яратиш учун етарли эмас. Шу сабабли НАТО 3.0 билан боғлиқ асосий хавф унинг мақсадида эмас, балки шу мақсадга эришиш жараёнидадир.

«The New Eastern Europe» журналида чоп этилган мақоласида собиқ грузин дипломати, ҳозирда Грузиянинг етакчи таҳлил марказларидан бири — GEOCASE катта илмий ходими ва Грузиянинг бир нечта университетлари профессори Николоз Хатиашвили шундай ёзади: ўнлаб йиллар давомида АҚШнинг Европадаги ҳозирлиги шунчаки америкалик ҳарбийлар, самолётлар ва ҳарбий объектлар тўпламидан анча кенг маънони англатган. У Европа мудофаасини бирлаштириб турувчи асосий бўғин бўлиб хизмат қилган. АҚШ қўмондонлик ва бошқарув, разведка, логистика, ҳавода самолётларга ёқилғи қуйиш, сунъий йўлдошлар орқали қўллаб-қувватлаш, стратегик ташувлар, ракетага қарши мудофаа ҳамда Европага ҳужум қилинса, Америка ҳарбий қудрати дарҳол ишга тушишига нисбатан сиёсий ишончни таъминлаган.

Бундай анъанавий ҳарбий ҳозирликнинг ўрнини босиш ниҳоятда қийин бўлади. Европа ҳукуматлари мудофаа харажатларини ошириши мумкин, аммо ҳарбий салоҳиятни ривожлантириш учун вақт, ривожланган саноат, тайёр кадрлар ва сиёсий матонат керак. Саммит декларацияси асосида завод қуриб бўлмайди, армияни эса битта сайлов цикли давомида қайта тиклашнинг иложи йўқ.

Бу эса ўтиш даврини юзага келтиради. Яъни АҚШ анъанавий ҳарбий вазифаларининг айрим қисмларини қисқартириши, Европа эса уларнинг ўрнини тўлиқ боса оладиган даражага ҳали етмаган бўлиши мумкин. Россия бу даврни вақтинчалик маъмурий муаммо эмас, балки стратегик имконият сифатида баҳолайди.

Муаллифнинг фикрича, НАТО 3.0 муваффақияти нафақат Европанинг ҳозирги чегараларини қандай ҳимоя қилишига, балки улар атрофида стратегик бўшлиқлар пайдо бўлишининг олдини ола олишига ҳам боғлиқ бўлади.

«Бу ўзгаришларда Украиначалик муҳим ўрин тутадиган бошқа бирор мамлакат йўқ. Европа доираларида Украинага ҳануз кўпинча, биринчи навбатда, ҳимоя, қурол-яроғ ва молиявий ёрдамга муҳтож давлат сифатида қаралади. Бундай қараш тобора эскириб бормоқда. Украина нафақат Европа хавфсизлигидан фойдаланувчи мамлакат, балки унинг асосий таъминловчиларидан бирига ҳам айланди. Қуролли кучларнинг ҳақиқий қудрати ҳарбий машғулотлар пайтида эмас, ҳақиқий жангларда ортади», — деб ёзади грузинлик таҳлилчи.

Унинг таъкидлашича, агар АҚШ анъанавий ҳарбий кучлар соҳасидаги ролини қисқартирса, Европага кўп сонли қўшинлар, жанговар тажриба, тезкор мослашувчанлик ва илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда уруш олиб бориш қобилияти керак бўлади. Украинада бу тўртала хусусият ҳам мавжуд. Уни НАТОга қабул қилиш нафақат Ғарбнинг ҳимоя ҳудудини шарққа томон кенгайтиради, балки алянснинг анъанавий қуроллар соҳасидаги салоҳиятини сезиларли даражада ошириб, НАТОнинг Европа қисмини анча кучли ва ишончли қилади.

Николоз Хатиашвили қайд этишича, Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши, шубҳасиз, айниқса, ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган пайтда пухта сиёсий тайёргарлик ва хавфсизлик чораларини талаб қилади.

Муаллифнинг ёзишича, Европа хавфсизлигининг келажаги фақат Болтиқбўйи чегараси ёки Марказий Европада ҳал этилмайди. Бу масала Қора денгизда ҳам ҳал бўлади.

«Қора денгиз Европани Жанубий Кавказ, Украина, Туркия, Каспий ҳавзаси, Марказий Осиё ва умуман Яқин Шарқ билан боғлайди. Бу энергетика, савдо, рақамли инфратузилма ва ҳарбий эҳтиёжлар учун муҳим йўлакдир. Шунингдек, бу Россия Жануби-Шарқий Европада ўз ҳарбий қудратини намоён этадиган ва қўшни давлатларнинг суверенитетини чеклашга интиладиган денгиз маконидир», — дейди Хатиашвили.

Унинг сўзларига кўра, Жанубий Кавказ Европа, Яқин Шарқ ва Евроосиё хавфсизлик тизимлари кесишган нуқтада жойлашган. Украина шимолдаги мувозанат учун муҳим бўлса, Грузия шарқда муҳим аҳамиятга эга. Грузиясиз Қора денгиз хавфсизлиги доирасини тўлиқ шакллантириш қийин бўлади.

Грузия Жанубий Кавказга кириш имконини беради. Шунингдек, у Россия ҳудудини четлаб ўтиб, Европани Каспий денгизи ва Марказий Осиё билан боғлайдиган транспорт ва энергетика йўналишларини таъминлайди. Мамлакат Қора денгиз билан кенгроқ Кавказ минтақаси ўртасида жойлашган стратегик географик мавқега эга. Грузия, шунингдек, НАТОнинг энг яқин амалий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. У алянс миссияларига ҳисса қўшиб, НАТО кучлари билан юқори даражадаги тезкор ҳамкорликни ривожлантириб келмоқда.

Хатиашвилининг ёзишича, кенг тарқалган бир ибора ушбу мантиқни атайлаб кескин тарзда ифодалайди: «Грузияни назорат қилсангиз, бутун Кавказни назорат қиласиз».

«Ҳеч бир давлат бундай мураккаб минтақани фақат Грузия орқали тўлиқ назорат қила олмайди. Аммо бу фикр стратегик аҳамиятини йўқотмаган бир ҳақиқатни ифодалайди. Тбилисига таъсир ўтказиш шарқ ва ғарб ўртасидаги алоқаларни, Қора денгизга чиқиш имкониятини ҳамда Жанубий Кавказнинг сиёсий йўналишини белгилашда устунлик беради», — деб таъкидлайди грузин таҳлилчиси.

Унинг фикрича, Россия Грузиянинг аҳамиятини жуда яхши тушунади. Шу боис Тбилисининг суверен қарорлар қабул қилиш имкониятларини чеклаш учун ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий воситалардан фойдаланаётгани бежиз эмас. Муаллиф НАТО 3.0 концепцияси юзага келтирган ўтиш даврида Москва алянснинг Жанубий Кавказдаги таъсирини чеклаш мақсадида Тбилисига босимни кучайтиради, деб ҳисоблайди.

Стратегик жиҳатдан яккаланиб қолган Грузия Қора денгиз хавфсизлигини заифлаштиради, муқобил транспорт ва энергетика йўналишларига путур етказади ҳамда Россиянинг Арманистон ва Озарбойжонга таъсирини кучайтиради. Бу минтақада тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларни мураккаблаштириши мумкин. Натижада Москва Жанубий Кавказ масалаларида яна ўрнини бошқа куч билан алмаштириб бўлмайдиган ҳакам сифатида ўз мавқеини тиклаш имкониятига эга бўлади. Грузия ўзаро алоқа ва ҳамкорлик майдонига айланиш ўрнига минтақавий парчаланиш воситасига айланиб қолиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид

НАТО 3.0: АҚШ Европадан чекинса, Россия учун қандай имкониятлар пайдо бўлади? | Vaqt.uz