
Оҳангарон туманига янги ҳоким тайинланди
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган Баҳромжон Норқобиловни янги лавозимга Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев тавсия қилди.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган ва Президент Шавкат Мирзиёев тегишли қарори билан 2025 йил 9 декабрь куни лавозимидан озод этилган Баҳромжон Тўраевич Норқобилов Оҳангарон тумани ҳокими эиб тасдиқланди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, 9 декабр куни Халқ депутатлари Оҳангарон туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган.
Сессияда ташкилий масала кўрилган. Туман ҳокими лавозимида ишлаб келган Дониёр Мадиримов вазифасидан озод қилинган. У 2024 йилнинг май ойида ушбу лавозимда иш бошлаганди.
Зойир Мирзаев Оҳангарон тумани ҳокими лавозимига Баҳромжон Норқобилов номзодини тавсия қилган. Халқ депутатлари туман кенгаши уни туман ҳокими этиб тасдиқлаган.
Маълумот учун: Баҳромжон Норқобилов 1973 йил Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида туғилган. Маълумоти олий, 1995 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини; 2000 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини; 2003 йилда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг Олий бизнес мактабини тамомлаган. Мутахассислиги ветеринария врачи, иқтисодчи, бизнес бошқаруви.





