Олтин 1983-йилдан бери энг йирик пасайишни қайд этди

Бугун 15:053 дақиқа

Бозорда ликвидлик муаммоси юзага келган. Инвесторлар нақд пулга муҳтожлиги сабабли ўз активларини тезкорлик билан сотмоқда.

Олтин 1983-йилдан бери энг йирик пасайишни қайд этди

Яқин Шарқдаги АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши бошлаган уруши инфляция хавфини ошириб, фоиз ставкаларининг юқори даражада сақланиб қолишига бўлган кутилмаларни кучайтиргани сабаб жаҳон бозорида олтин ва кумуш нархи кескин қулади. Олтин жорий йилги барча ўсиш кўрсаткичларини йўққа чиқариб, кетма-кет тўққизинчи кун арзонлашди ва 1983-йилдан бери энг ёмон ҳафтани ўтказди.

«Bloomberg» агентлигининг ёзишича, спот бозорида олтин нархи 8,7 фоизгача арзонлаб, бир унцияси учун энг пастки кўрсаткич — 4 099,55 долларни ташкил қилди. Бу билан қимматбаҳо металл нархи 2025-йил 24-ноябрдан буён биринчи марта 4 100 долларлик маррадан пастга тушди. Савдолар давомида (Москва вақти билан соат 10:37 га келиб) пасайиш суръати 6,9 фоизгача секинлашди ва олтиннинг спот нархи қарийб 4 180 долларга етди. Фючерслар бозорида ҳам кескин қулаш кузатилди: Чикаго товар биржасида апрел ойида етказиб бериладиган олтин фючерслари 9,55 фоизга арзонлаб, 4 137,8 доллар қийматида сотилди. Кумуш эса бир вақтнинг ўзида 10 фоиздан кўпроққа пастлади.

Бозордаги ушбу саросимага дам олиш кунларидаги геосиёсий баёнотлар сабаб бўлди. АҚШ Президенти Доналд Трамп Эронга Ҳўрмуз бўғозини очиш учун икки кун муҳлат бериб, акс ҳолда электр станциялари бомбардимон қилинишини маълум қилди. Бунга жавобан Теҳрон стратегик сув йўлини бутунлай ёпиб қўйишини ва АҚШ ҳамда Исроилнинг энергетика, ахборот технологиялари ва сувни чучуклаштириш инфратузилмаларини нишонга олишини билдирди. Ушбу кескинлик ортидан хом нефт нархи ҳам 2022-йил ўрталаридан бери энг юқори ёпилиш кўрсаткичи атрофида тебранмоқда.

Энергия ресурслари нархининг ошиши глобал инфляция хавфини келтириб чиқаряпти. Бу эса АҚШ Федерал захира тизими ва бошқа марказий банклар томонидан фоиз ставкаларини кутилганидан ҳам юқорироқ даражада ушлаб туриш эҳтимолини оширди.

Шунингдек, «Bloomberg»нинг қайд этишича, 28-февралда Эрон билан уруш бошланганидан буён ўтган уч ҳафта давомида инвесторлар бошқа активлари бўйича кўрган зарарларини қоплаш учун нақд пул излаб, олтинни оммавий равишда сотишга мажбур бўлмоқда.

Бу ҳолат бозорнинг техник кўрсаткичларида ҳам яққол акс этди. «Comex» биржасида олтин фючерслари бўйича умумий очиқ позициялар 2018-йилдан бери энг паст даражага тушиб, чайқовчилар бозордан чиқиб кетганини кўрсатди. Институционал инвесторлар орасида машҳур бўлган олтин билан таъминланган биржа фондларидан («ETF») йил бошидан буён 11 тонна сармоя чиқиб кетган. Қуйма олтиннинг 14 кунлик нисбий куч индекси (RSI) 30 дан пастга тушди — бу трейдерлар тилида активнинг ҳаддан ташқари кўп сотиб юборилганини (oversold) англатади. Шунга қарамай, АҚШ ҳукумати маълумотларига кўра, айрим хеж-фондлар ва йирик чайқовчилар 17-март ҳолатига олтин бўйича соф лонг-позицияларини сўнгги 7 ҳафта ичидаги энг юқори даражага оширган.

«Pangaea Wealth AG» компанияси раҳбари Йохан Йостенинг таъкидлашича, бозорда ликвидлик (нақд пул) муаммоси юзага келган ва агар уруш кескинлашишда давом этса, олтин нархи янада пасайиши мумкин.

Бироқ, тарих бундай пасайишлардан сўнг тикланиш бўлишини кўрсатади. «BNP Paribas» эксперти Девид Уилсон ҳозирги ҳолатни 2008, 2020 ва 2022 йиллардаги иқтисодий зарбаларга қиёслади. Унинг сўзларига кўра, бундай инқирозлар вақтида инвесторлар доллар сотиб олиш учун дастлаб олтинни сотишади, аммо кейинроқ яна барқарор ўсиш бошланади.

Маълумот ўрнида, қимматбаҳо металл ўтган 2025-йилни бир унцияси учун 4 319,37 доллар кўрсаткич билан якунлаган ва 2026-йилнинг январ ойи охирида 5 595 доллардан ошиб, тарихий максимумни қайд этган эди. Ҳозирда эса платина ва палладий ҳам арзонлашмоқда, АҚШ валютасининг кўрсаткичи бўлган «Bloomberg Dollar Spot Index» эса 0,3 фоизга ўсган.

Теглар

Мавзуга оид