Logo

Олтин нархи ошиши Марказий Осиё иқтисодиётига қандай таъсир қилмоқда?

Иқтисодчилар юқори инфляция, давлат ва аҳоли қарзларининг ортиши ҳамда иқтисодиётнинг битта хомашё маҳсулотига қарам бўлиб қолаётгани хавотир уйғотаётганини урғуламоқда. Улар бугунги вазиятни 1990-йиллар бошидаги пахта билан боғлиқ ҳолатга қиёсламоқда.

Олтин нархи ошиши Марказий Осиё иқтисодиётига қандай таъсир қилмоқда? © NMMC

Сўнгги ҳафталарда жаҳон бозорида олтиннинг бир троя унцияси нархи қарийб 4 минг доллар атрофида сақланиб турибди. Ўзбекистоннинг Навоий вилоятидаги Сойкечар қишлоғи яқинида ишлаётган кичик кончилар эса нархдаги ҳар бир ўзгаришни диққат билан кузатмоқда. Улар телефонидаги иловалар, телевидение ва ҳатто норасмий бозордаги нархларни ҳам мунтазам текшириб боради.

Масалан, 34 ёшли кон ускуналари бошқарувчиси Дониёрнинг айтишича, даромад ошгани сабабли оиласи учун яхши кийим-кечак, сифатли озиқ-овқат харид қилиш ва хусусий шифохоналарда даволаниш имконияти пайдо бўлган.

Олтин нархи иқтисодий ўсишга туртки бўлди

Сўнгги йилларда олтин нархининг кескин ошиши Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатди. Ҳукуматлар иқтисодий ўсишни ислоҳотлар натижаси сифатида баҳолаётган бўлса-да, мутахассислар бунга олтин нархининг қимматлашуви ҳам катта ҳисса қўшганини айтмоқда. Бу ўсиш оддий фуқаролар даромадига ҳам таъсир қилган. Масалан, Сойкечардаги кончилар сўнгги бир йил ичида маошлари қарийб 20 фоизга ошганини билдирган.

Аммо иқтисодчилар юқори инфляция, давлат ва аҳоли қарзларининг ортиши ҳамда иқтисодиётнинг битта хомашё маҳсулотига қарам бўлиб қолаётгани хавотир уйғотаётганини таъкидламоқда. Буюк Британиядаги Бирмингем университети иқтисодчиси Франко Галдинининг фикрича, бугунги вазият 1990-йиллар бошидаги ҳолатни эслатади.

«Ўша пайтда мамлакатга асосий валюта тушуми пахтадан келарди. Ҳозир эса бу вазифани олтин бажармоқда», — дейди у.

Олтин нархи бир неча баравар ошди

2024-йил бошида халқаро бозорда бир троя унция олтин 2050 доллар бўлган. 2026-йилнинг февралида нарх 5200 доллардан ошди, кейинчалик эса 4100 доллар атрофида барқарорлашди. Таққослаш учун, бундан 10 йил олдин олтин нархи тахминан 1300 доллар эди.

Минтақа мамлакатлари катта даромад олди

2025-йилда Ўзбекистон экспорти тарихдаги энг юқори кўрсаткич — 33 миллиард долларга етди. Шундан 9,9 миллиард доллари, яъни қарийб 30 фоизи олтин ҳиссасига тўғри келди. Қирғизистон ва Тожикистоннинг ҳам энг қиммат экспорт маҳсулоти олтин ҳисобланади. Қирғизистондаги «Қумтор» кони мамлакат ЙИМининг қарийб 10 фоизини таъминлайди.

Қозоғистон дунёдаги йирик уран ишлаб чиқарувчилардан бири бўлса-да, олтин мамлакатнинг нефтдан кейинги иккинчи энг йирик экспорт маҳсулоти саналади. Марказий Осиёда фақат Туркманистонда йирик олтин қазиб олиш саноати мавжуд эмас.

Олтин давлат захираларини ҳам кўпайтирди

Мутахассисларнинг фикрича, олтин нархининг ошиши давлатларнинг олтин-валюта захиралари қийматини ҳам сезиларли равишда кўпайтирган. Бу эса инвесторлар ишончини мустаҳкамлаб, хориждан арзонроқ кредит олиш имконини яратган. Масалан, Қирғизистоннинг халқаро захиралари 2024-йил охиридаги 5,1 миллиард доллардан 8,6 миллиард долларгача ошган. Уларнинг қарийб 75 фоизи олтиндан иборат.

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон айнан шу имкониятдан фойдаланиб, сўнгги йилларда ташқи қарз ҳисобидан кўпроқ маблағ жалб қилган. Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳатто мамлакат ташқи қарзини исталган вақтда тўлаш имконияти борлигини таъкидлаган.

Солиқ тушумлари ҳам ошди

Олтин нархининг кўтарилиши давлат бюджетига ҳам катта фойда келтирди. Дунёнинг энг йирик олтин ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган «Навоий кон-металлургия комбинати» 2025-йилда давлат бюджетига 2,64 миллиард доллар солиқ тўлаган. Бу Ўзбекистоннинг йиллик солиқ тушумларининг қарийб 12 фоизига тенг бўлиб, 2024-йилдагига нисбатан икки баравар кўп.

Қозоғистондаги хусусий олтин компаниялари ҳам рекорд даромад кўрмоқда. Масалан, «AltynGold» компаниясининг 2026-йил биринчи чорагидаги олтин савдоси 29 фоизга ошган бўлса, даромади 122 фоизга кўпайган.

Шу сабабли Қозоғистон ҳукумати олтин қазиб олиш солиғини ҳам оширди. Эндиликда энг йирик компаниялар 11 фоизлик солиқ тўлайди. Аввал бу ставка 7,5 фоиз эди.

Оддий кончилар ҳам фойда кўрмоқда

Сойкечар яқинидаги конларда ишлаётган кончилар кунига 8–12 соат, ҳафтасига 6–7 кун меҳнат қилади. Ўзбекистон 2018-йилдан бошлаб хусусий шахсларга кичик ҳажмда олтин қазиб олишга рухсат берган. Конь участкалари мунтазам аукцион орқали сотилади.

48 ёшли экскаватор ҳайдовчиси Гулум 2004-йилдан 2025-йилгача Россияда қурилишда ишлаган. Кейин оиласи бағрига қайтиш учун Ўзбекистонга келган. Сўнгги бир йил ичида унинг ойлиги 500 доллардан 650 долларгача ошган. Аммо у бу даромад ҳам етарли эмаслигини айтади.

«Озиқ-овқат нархлари, электр, газ, сув тўловлари ва кредитлар сабаб маошнинг кўпи шуларга кетиб қолади», — дейди у.

Хитой ва ноқонуний қазиб олиш хавотири

Мутахассислар яна бир муаммони тилга олмоқда — Хитой компанияларининг минтақадаги таъсири тобора кучаймоқда. Тожикистонда олтин қазиб олишнинг катта қисми аллақачон Хитой компаниялари назоратида. Ўзбекистонда эса 2025-йилда Навоий вилоятидаги кўплаб кон участкаларини хитойлик инвесторлар иштирокидаги компаниялар қўлга киритган.

Маҳаллий кончиларнинг айтишича, ҳудудда хитойлик ишчилар сони ҳам сезиларли ошган. Бундан ташқари, ноқонуний олтин қазиб олиш ҳам долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Жорий йил бошида Навоий вилоятида бир нечта ноқонуний кончилар гуруҳи қўлга олинган.

Олтинга қарамлик хавфи сақланиб қолмоқда

Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, агар келажакда олтин нархи кескин тушиб кетса, Ўзбекистон ва Қирғизистон иқтисодиётига жиддий зарба бўлиши мумкин. Франко Галдинининг фикрича, яқин йилларда бундай хавф катта эмас. Чунки олтин қазиб олиш харажатлари ортиб бормоқда ва дунё марказий банклари олтинни фаол харид қилишда давом этмоқда.

Шунга қарамай, иқтисодчи минтақа иқтисодиётининг асосий муаммолари ҳал бўлмаганини таъкидлайди.

«Иқтисодиётнинг фундаментал асослари ўзгармаяпти», — дейди у.

Кон ишчиси Дониёр ҳам шунга ўхшаш фикрда. У қўшимча даромад ҳисобига чорва сотиб олган ва янги уй қуришни режалаштирмоқда. Аммо унинг айтишича, олтин нархининг ошиши қишлоқ ҳаётини тубдан ўзгартирмаган.

«Компания кўпроқ фойдани ўзи олмоқда», — деган у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олтин нархи ўсиши Ўзбекистон бюджетига 70 трлн сўмдан ортиқ қўшимча даромад келтириши ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид