add

Олтин захираси энг катта 10 давлат: улар тиллаларини қаерда сақлашади?

Давлатлар минг тонналаб олтин қуймаларини банкларда ва дунё бўйлаб ғазналарда сақлашади. Хўш, қимматбаҳо металлнинг энг катта захираси қайси мамлакатга қарашли? Ва энг қизиғи, у қаерда сақланади?

Олтин захираси энг катта 10 давлат: улар тиллаларини қаерда сақлашади?

Аввало маҳаллий вазиятни кўриб чиқсак: 2025 йил 1 октябр ҳолатига кўра, Ўзбекистон олтин захирасининг пул кўринишидаги қиймати 44,2 млрд долларни ташкил этган. Бу тарихий рақам бўлиб, аввал бундан юқори кўрсаткич қайд этилмаган. Августда ушбу қиймат 40 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2024 йилнинг мувофиқ санасида 31,8 млрд долларга тенг бўлган. Бундан келиб чиқадики, захира ҳажмида бир йилда 12,4 млрд доллар миқдорида ўсиш кузатилган. Мазкур кўрсаткичлар билан Ўзбекистон олтин захираси ҳажми бўйича дунё топ йигирматалигига киради.

Ўзбекистон олтин захиралари қиймат жиҳатдан ортса-да (бу халқаро миқёсда мазкур қимматбаҳо металлнинг қимматлашуви билан боғлиқ), ҳажман қисқармоқда. Масалан, 1 октябрда дунё бўйича захирадаги олтин қолдиғи 11,6 млн унцияни (409,1 минг тонна) ташкил этган. Сентябр бошида эса 12,3 млн унция (433,8 минг тонна) бўлган.

Ўзбекистон олтин захираларини қаерда сақлаши ҳақида очиқ манбаларда маълумот йўқ. Айрим таҳлилларда олтиннинг бир қисми Буюк Британия ва Швейцария депозитарийларида муҳофаза қилинишига ишоралар мавжуд.

Уч йилдан бери турли давлатлар марказий банклари захира учун минг тоннадан зиёд қимматли металл харид қилади. Жаҳон олтин кенгаши ҳисоботларида келтирилишича, 2024 йилда банклар 1045 тонна олтин харид қилган. Соф олтин хариди борасида ривожланаётган давлатлар пешқадамлик қилмоқда: Ўзбекистон, Хитой ва Қозоғистон йирик харидорлар учлигини ташкил этади.

top10 gold

Манбалар: Марказий банклар, Сент-Луис Федерал резерв банки, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Жаҳон олтин кенгаши.

 

2024 йил сўнгига кўра энг йирик олтин захирасига эга мамлакатлар

Олтин жамғариш ва рисклар бошқарувида асосий восита бўлиб қолаётгани, унга нисбатан барқарор талаб геосиёсий ва макроиқтисодий мавҳумлик билан изоҳланмоқда.

Юқоридаги рейтингдан жой олган давлатларнинг захиралари сайёранинг қайси нуқталарида сақланиши билан очиқ манбаларда танишиш мумкин.

1. АҚШ. Олтин захираси – 2024 йил сўнгидаги ҳолатга кўра 8133,6 тонна. Қимматбаҳо металлнинг олтин валюта захираси (ОВЗ)даги улуши – 74,97 фоиз. Америка олтин захирасининг ярмидан ортиғи Кентукки штати Форт-Нокс шаҳаридаги собиқ ҳарбий база омборида сақланади. Америка олтини сўнгги бор 1974 йилда аудитдан ўтказилгани Форт-Нокс ерости омборидаги захира ҳажми қанча, ўзи захира ҳақиқатдан ҳам борми, деган саволларни уйғотади. Ғарб медиасида Илон Маск АҚШ олтин захирасини ревизия қилишга тайёрланаётгани ҳақида хабарлар мавжуд. Захиранинг қолган қисми Ню Йорк штати Вест-Пойнт шаҳридаги зарбхона; Колорадонинг Денвер шаҳридаги зарбхона ҳамда Федерал захира банкининг Ню Йорк, Манҳеттен, Либерти стрит 33-уй манзилида жойлашган ғазнасида сақланади.

2. Германия. Европада олтин захираси бўйича рекордчи. Захира ҳажми – 3351,53 тонна. Илгари немислар захирасининг асосий қисми Ню Йорк (АҚШ), Лондон (Буюк Британия) ва Париж (Франция) банкларида сақланган. 2013 йилдан бошлаб жамоатчилик босими туфайли ҳукумат захирани мамлакат ҳудудига қайтара бошлаган. Ҳозирда немис олтинининг 50,6 фоизи Франкфурт, Вилгелм-Эпштейн-Штрассе 14 манзилидаги Бундесбанк ғазнасида сақланади. Мамлакат олтинининг 36,6 фоизи Ню Йоркда, 12,8 фоизи Лондонда қолмоқда.

3. Италия. Олтин захираси – 2451,84 тонна. Бу ОВЗнинг 70,79 фоизи демак. Италия ҳукумати захирани асосан қуйма кўринишида сақлайди: 4,2 килограммдан 19,7 килограммгача бўлган қуймаларнинг умумий сони 95 493та.

Рим, Национале кўчаси 91 манзилидаги Палассо Кох саройи ерости ғазнасида қуйма ва тангаларнинг 44,9 фоизи турибди. Захиранинг қолган қисми ФЗБнинг Ню Йорк, Манҳеттендаги биноси (43,3 фоиз), Швейцариянинг Берн шаҳридаги (6,1 фоиз) ҳамда Англия банкининг Лондондаги ғазнаси (5,8 фоиз)га сақлаш учун берилган.

4. Франция. Олтин захираси – 2437 тонна. ОВЗдаги улуши – 72,27 фоиз. Захира ҳажми олтиннинг бир қисми сўнгги бор сотувга чиқарилган 2009-йилдан бери ўзгаришсиз қолмоқда. Яқин йилларда захира ҳажмини ошириш ёки қисқартириш режалаштирилмаган. Франция банкининг ғазнаси Париж, Sroix des Petits Chams, 31 манзилидаги бош қароргоҳнинг 8-қаватини эгаллаган. La Souterraine дея аталувчи улкан ғазна Сена дарёси сатҳидан 29 метр чуқурликда. 3 минг одамни сиғдирадиган ғазнани 658 та устун тутиб турибди. Бу ерда қимматбаҳо металл қуймалап поддонлар, қути ва жавонларда сақланади. Франция олтин захирасини тўлиқ ўз ҳудудида жамлаган.

5. Россия. Олтин захираси – 2335,9 тонна. ОВЗдаги улуши – 34,4 фоиз. Мамлакат Марказий банки олтин захираларини давлат ҳудудида, кўп босқичли хавфсизлик тизимига эга ғазналарда 10-14 килограммли, софлиги 995 пробадан кам бўлмаган танга ва қуймалар шаклида сақлайди.

Захиранинг асосий қисми Москва, Правда кўчаси 6-уйдаги бош ғазнада эканлиги тахмин қилинади. Қолган қисми Марказий банкнинг бошқа шаҳарлардаги бўлинмалари ғазнасидан ўрин олган.

6. Хитой. Олтин захираси – 2279,56 тонна. ОВЗдаги улуши – 5,53 фоиз. Расмий олтин захираси тўлиқ ҳажмда Пекинда сақланади, дейилади. Хитой Халқ банки маълумотларига кўра, 2025 йил февралида захира ҳажми 5 тоннага оширилиб, 2290 тоннага етган. Олтин муҳофаза этиладиган манзил очиқ манбаларда кўрсатилмаган. Халқ банкининг марказий биноси Пекин, Сиче райони, Ченфанг кўчаси-32 манзилида жойлашган.

7. Швейцария. Олтин захираси – 1039,94 тонна. ОВЗдаги улуши – 9,86 фоиз. Мамлакат аҳоли сони бошига олтин ҳажми бўйича рекордчи. Қимматбаҳо металлнинг 70 фоизи мамлакат ҳудудида, 20 фоизи Англия банкида ва 10 фоизи Канада Марказий банкида сақланади. Мамлакат миллий банки Берн шаҳри Бундесплац майдонида жойлашган бош қароргоҳи остида ғазнага эгалиги маълум, аммо захираларнинг сақланиш жойи ҳақида расмий маълумот очиқланмаган.

8. Ҳиндистон. Олтин захираси – 876,18 тонна. ОВЗдаги улуши 11,35 фоиз. Мамлакат олтин захиралари қуйма кўринишида Резерв банкнинг Маҳараштра штати, Нагпур шаҳридаги ғазнасида сақланади. Захиранинг бир қисми Англияда. 1991-йили мамлакат жиддий инқирозни бошдан кечирган ва дефолт ҳолатига тушмаслик учун захиранинг бир қисмини тасарруф этишга мажбур бўлган: тахминан 8 тонна қимматбаҳо металл кредит мақсадида Англия банкига йўналтирилган.

9. Япония. Олтин захираси – 845,97 тонна. ОВЗдаги улуши – 5,77 фоиз. Мамлакатдаги ягона йирик олтин кони Ҳишикарида жойлашган, металлнинг асосий қисми импорт қилинади. Япония Марказий банкининг бош биноси манзили: Токио, Тюо райони, 2-1-1 Ниҳонбаси-Ҳонгокутё.

10. Нидерландия. Олтин захираси – 612,45 тонна. ОВЗдаги улуши – 64,93 фоиз. Захира бошқаруви мамлакатнинг марказий банки Де Недерландсче Банк томонидан амалга оширилади. Амстердам, Фредерикспляйн, 61 манзилида жойлашган банк бош қароргоҳи ғазнасида ҳар бири 12,5 килограмм келадиган 14 мингта қуйма ва минглаб қути олтин тангалар сақланади. Уларнинг умумий оғирлиги 200 минг килограмга тенг. Бу умумий захиранинг 31 фоизи дегани. Яна 31 фоизи Ню Йорк, Манҳеттендаги Федерал захира банк ғазнасига сақлаш учун топширилган. Қолган 38 фоизи Лондондаги Англия банки ва Оттавадаги Канада банкида муҳофаза қилинади.

Юқоридаги таҳлил асосида айтиш мумкинки, АҚШ нафақат ўз олтин захираси ҳажми бўйича, балки бошқа давлатларга қарашли қимматбаҳо металларини сақлаш борасида ҳам пешқадам саналади. Шунингдек, Буюк Британия, Швейцария ва Франция мамлакатлар ўз захирасини сақлайдиган асосий ташқи манбалар сирасига киради.

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади.

Теглар

Мавзуга оид

Олтин захираси энг катта 10 давлат: улар тиллаларини қаерда сақлашади? | Vaqt.uz