
OPEC+ декабрда нефт қазиб чиқариш ҳажмини оширади
Ташкилотга аъзо мамлакатлар декабр ойидан бошлаб нефт қазиб чиқариш квотасини кунига 137 минг баррелга оширишга келишди. Бироқ 2026 йилнинг биринчи чорагида ҳажмлар яна ўзгаришсиз қолади.

ОПЕК+ ташкилотига аъзо саккиз давлат энергетика вазирлари декабр ойида нефт қазиб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича келишувга эришди. Ташкилот матбуот хизмати хабарига кўра, қарорга кўра, декабрдан бошлаб қазиб чиқариш кунига 137 минг баррелга кўпайтирилади.
Бундан кейин OPEC+ 2026 йилнинг биринчи чорагида «сезон омилларини инобатга олган ҳолда» ҳажмни ўзгартирмасдан, вақтинчалик танаффус қилишни режалаштирган. Бу қарор бозор барқарорлигини таъминлаш ва нархда кескин тебранишларга йўл қўймаслик мақсадида қабул қилингани қайд этилган.
Ташкилот баёнотида айтилишича, аввал жорий этилган кунига 1,65 млн барреллик ихтиёрий қисқартириш «бозор шароитига қараб қисман ёки тўлиқ қайта жорий этилиши мумкин». Шу билан бирга, OPEC+ аъзолари эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиш ва тўлиқ мослашувчанликни сақлаб қолиш зарурлигини таъкидлади.
Бу мослашувчанлик қаторига танаффусни узайтириш ёки кунига 2,2 млн барреллик қўшимча ихтиёрий қисқартиришни бекор қилиш имкони ҳам киради. Ташкилот аъзолари мазкур қарорлар бозордаги талаб ва геосиёсий вазиятга қараб қайта кўриб чиқилишини билдирган.
Келгуси йиғилиш 30 ноябр куни бўлиб ўтади. Унда янги йил бошидаги бозор шароити ва қазиб чиқариш сиёсатига оид янги қарорлар муҳокама қилиниши кутилмоқда.





