
Ўрта тиббиёт ходимлари Саудия Арабистонида ишлаш имкониятига эга бўлди
Ўзбекистон ва Саудия меҳнат миграциясида янги келишув орқали ўзбекистонлик ўрта тиббиёт ходимларини Саудия Арабистонида қонуний ва хавфсиз шартларда ишга жойлаштириш имкониятлари кенгайди.

Ўзбекистон Миграция агентлиги Саудия Арабистонининг Health Resources Company (HRCO) компанияси билан меҳнат миграцияси соҳасида муҳим ҳамкорлик келишувини имзолади. Ушбу келишув Саудиянинг давлат тиббиёт муассасаларида ўрта тиббиёт ходими сифатида ишлашни истаган ўзбекистонликлар учун қонуний, хавфсиз ва шаффоф тартибда бандлик имкониятларини яратишга қаратилган.
HRCO Саудия Арабистонида соғлиқни сақлаш тизимини марказлашган бошқарув асосида ислоҳ этиш доирасида ташкил этилган ва мамлакат бўйлаб давлат тиббиёт муассасалари учун ягона кадрлар сиёсатини шакллантирадиган муҳим оператор ҳисобланади. Келишув HRCOнинг инсон ресурслари соҳасидаги тажрибасини ўзбек мутахассисларини жалб қилишга йўналтириш имконини беради.
Миграция агентлиги маълумотларига кўра, Саудияда ишлаш истагини билдириб ариза топширган 887 нафар номзоддан сараланган ва суҳбатга тайёр деб топилган хизмат кўрсатувчи кадрлар учун иш берувчилар иштирокида танлов жараёнлари бошланган. Бу танловлар номзодларнинг малакаси ва ишга тайёрлик даражасини баҳолашга қаратилган бўлиб, уларнинг хорижда меҳнат фаолиятини бошлашида асосий босқич ҳисобланади.
Юртдошларимиз учун қулайлик яратиш мақсадида номзодлар билан суҳбатлар 3–4 декабр кунлари Андижон шаҳрида ҳам ўтказилади. Бу ҳудудлардаги номзодлар учун сафар харажатларини камайтириш ва иш берувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконини яратади.
Келишувнинг амалга оширилиши Ўзбекистон фуқароларининг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириши, Саудия Арабистони эса малакали тиббиёт кадрлари билан таъминланиш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда.
Аввалроқ Италия ўзбекистонлик 3500 нафар ўрта тиббиёт ходимини ишга олиши ҳақида хабар берган эдик.





