
Ўртача маош, мопед ва скутерчилар учун хушхабар ва Трамп билан учрашувчи МО президентлари — 27 октябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи ошди – Миллий статистика қўмитаси
Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 6 млн 166,9 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19,2 фоизга ўсди. Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 10 млн 379,6 минг сўм билан Тошкент шаҳрига тўғри келиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,7 фоизга ўсган. Шунингдек, бу кўрсаткич Самарқанд вилоятида 4 млн 853,3 минг сўм, Наманган вилоятида 4 млн 543,8 минг сўм, Сирдарё вилоятида 4 млн 930,8 минг сўм, Фарғона вилоятида 4 млн 574,5 минг сўм ва Жиззах вилоятида 4 млн 589 минг сўмни ташкил қилди.
Қашқадарё вилоятида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 4 млн 270,8 минг сўм бўлиб, бошқа ҳудудларга нисбатан пастроқ эканлиги кузатилди. Шу жумладан, иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдори 2025 йилнинг 3-чорагида банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик соҳасида иш ҳақи миқдори 16 млн 828,9 минг сўмни ташкил этиб, сўнгги беш йил ичида 9 млн 92 минг сўмга ошганлиги кузатилди.
Шунингдек, таълим соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 4 млн 188,5 минг сўмни ташкил этди. Хусусан, ўртача ойлик иш ҳақи олий таълим соҳасида 9 млн 513,3 минг сўмни, техник ва профессионал таълим соҳасида 4 млн 259,7 минг сўмни, умумий ўрта таълим соҳасида 4 млн 136,7 минг сўмни, мактабгача таълим соҳасида эса 2 млн 771,5 минг сўмни ташкил қилган.
Курерлар учун хушхабар: Ўзбекистонда янги тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси жорий этилади
Вазирлар Маҳкамаси «Транспорт воситаларини бошқаришга рухсат бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни қабул қилди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, мамлакатда мопед ва скутер эгалари учун ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш тартиби соддалаштирилади ҳамда янги «А1» кичик тоифали гувоҳнома жорий этилади.
Янги тартиб 2026 йил 1 январдан кучга киради. Энди мопед ва скутерларни бошқариш учун мотоциклчилар учун бериладиган «А» тоифали гувоҳнома талаб этилмайди. Унинг ўрнига «А1» кичик тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш мумкин бўлади. Энг асосийси, «А1» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси учун талабгорлар учун ўқув курсларини мажбурий тарзда ўташ шарт эмас — яъни назарий (180 соат) ва амалий (20 соат) машғулотларсиз ҳам тўғридан тўғри имтиҳон топшириш ҳуқуқи берилади. Истакка кўра, ўқув жараёнини онлайн, офлайн ёки мустақил тайёрланиш орқали амалга ошириш мумкин.
Назарий имтиҳонда 20 та тестдан 16 тасига тўғри жавоб бериш кифоя этади (илгари бу кўрсаткич 18 та эди). Имтиҳонларни муваффақиятли топширганларга «А1» кичик тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади. Шунингдек, «А», «B», «C» ва «D» тоифали гувоҳномага эга шахслар «А1» тоифадаги транспорт воситаларини тўғридан тўғри бошқариш ҳуқуқига эга бўлади.
Доналд Трамп Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини Вашингтонга чақирмоқда
АҚШ Конгресси аъзолари Сидни Камлагер-Дав ва Билл Ҳёйзенга президент Доналд Трампга расмий хат йўллаб, 2015 йилда таъсис этилган «C5+1» дипломатик форумининг 10 йиллигини нишонлаш мақсадида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари иштирокида саммит ўтказишни таклиф этган. Бу ҳақда конгрессмен Камлагер-Давнинг расмий сайти хабар берди.
Хатда таъкидланишича, АҚШнинг Марказий Осиё мамлакатлари — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорлиги учун яратилган «C5+1» формати Вашингтоннинг минтақадаги хавфсизлик, иқтисодий ва «мулоқот орқали таъсир» сиёсатини мустаҳкамлайдиган муҳим дипломатик майдонга айланган.
«Президентнинг шахсан иштирок этиши C5+1 форумининг 10 йиллигини янги дипломатик босқичга айлантириб, АҚШ ва Марказий Осиё муносабатларига кейинги ўн йиллик учун аниқ йўналиш белгилайди», — дейилади хатда. Қонун чиқарувчилар саммит якунида аниқ натижалар ва келишувлар қабул қилиниши зарурлигини ҳам қайд этган.
Ўзбекистонда банк активлари 866,8 трлн сўмга етди
Ўзбекистон банк тизими барча асосий кўрсаткичлар бўйича барқарор ўсишни намоён этмоқда. Марказий банк ҳисоботида қайд этилишича, 2025 йил 1 октябр ҳолатига тижорат банкларининг жами активлари 866,8 трлн сўмга етган. Бу кўрсаткич бир йил ичида 17 фоизга ўсган бўлса, инфляция таъсири ҳисобга олинганда реал ўсиш 20 фоизни ташкил этди.
Жами активлар таркибида 332,9 трлн сўм ёки 38 фоиз хорижий валютадаги маблағларга тўғри келади. Бу кўрсаткич ўтган йили 43 фоизни ташкил этган эди, яъни валютали активлар улушининг камайиши банк секторининг долларсизлаштириш жараёнини акс эттиради.
Кредит портфели йил давомида 515,6 трлн сўмдан 582,2 трлн сўмгача ошди. Шу жумладан, 228,7 трлн сўм (39 фоиз) хорижий валютада берилган кредитлардир. Номинал ўсиш 13 фоизни, реал ҳисобда эса 15 фоизни ташкил этди. Банклар жами капитали 130,4 трлн сўмни ташкил этди ва йил давомида 19 фоизга ўсди. Марказий банкнинг таъкидлашича, активлар, кредитлар ва депозитлар бўйича ўсиш банк тизимининг барқарорлигини ҳамда иқтисодиётдаги ликвидликни таъминлаб турибди.
Нодавлат боғчалардаги айрим болалар учун тўловнинг бир қисми давлат ҳисобидан қопланади
Адлия вазирлиги маълумотига кўра , «Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг фарзандларини қабул қилган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ушбу болалар таъминоти учун ота-оналар тўловининг бир қисмини Давлат бюджетидан қоплаб бериш тартиби тўғрисида»ги низом 2025 йил 23 октябрда давлат рўйхатидан ўтказилди.
Ҳужжатга мувофиқ, нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган, камбағал оилалар рўйхатига киритилган болалар учун ота-оналар тўловининг бир қисми давлат ҳисобидан қоплаб берилади. Бунда болалар рўйхати махсус ахборот тизими орқали автоматик равишда шакллантирилади.
Низомга кўра, компенсация ҳудуддаги 9 соатлик иш режимидаги умумий турдаги давлат боғчалари учун белгиланган ота-оналар тўловининг 40 фоизи миқдорида ажратилади. Бу маблағлар оилавий мактабгача таълим муассасасига тўғридан тўғри ўтказилади.





