Logo

Осиё «супер Эл-Нино»га тайёрланмоқда: Бу аномал ҳодиса Ўзбекистонга ҳам таъсир қиладими?

Бугун 10:003 дақиқа

Мутахассислар Марказий Осиё учун энг катта хавф бошқа омил билан боғлиқлигини айтмоқда.

Осиё «супер Эл-Нино»га тайёрланмоқда: Бу аномал ҳодиса Ўзбекистонга ҳам таъсир қиладими?

Тинч океанининг экваториал қисмидаги сув ҳароратининг юқори даражага кўтарилиши билан боғлиқ Эл-Нино ҳодисаси кучаймоқда. АҚШ Миллий океан ва атмосфера бошқармаси (NOAA) 2026 йил кузи ва 2026–2027 йил қиши давомида жуда кучли Эл-Нино юзага келиш эҳтимолини 90 фоиздан юқори деб баҳоламоқда.

NOAA маълумотларига кўра, октябр–декабр ойлари учун ҳодисанинг тарихий даражага етиш эҳтимоли 75 фоиз. Бунда Эл-Нино кучи 1950 йилдан кейинги аввалги ҳолатлардан юқори бўлиши мумкин.

Жаҳон метеорология ташкилоти ҳам Эл-Нино 2027 йил бошигача сақланиб қолиши эҳтимоли жуда юқори эканини билдирган. Август ойидаги баҳолашга кўра, унинг сентябр–ноябр ва декабр–феврал даврларида сақланиб қолиш эҳтимоли қарийб 100 фоизга тенг.

Эл-Нино — Тинч океанининг марказий ва шарқий экваториал қисмида сув юзаси ҳароратининг одатдагидан юқори бўлиши билан боғлиқ табиий иқлим ҳодисаси ҳисобланади.

2026 йил август ойида NOAA маълумотларида Тинч океанининг шарқий экваториал қисмида денгиз юзаси ҳароратидаги аномалиялар +3°Cдан юқори бўлган. Niño-3.4 индекси эса +1,8°Cга етган.

NOAA прогнозида ҳодиса йил охиригача яна кучайиши айтилмоқда.

Осиё тайёргарликни бошлаб юборган

Эл-Нинонинг таъсири дунёнинг барча ҳудудларида бир хил бўлмайди. Бироқ Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёда унинг таъсирига тайёргарлик кучайтирилган.

«The Guardian» нашрининг хабар беришича, Хитойда экстремал об-ҳавога тайёргарлик бўйича 100 кунлик кампания бошланган. Мамлакат ҳукуматининг режалари орасида эрта огоҳлантириш тизимларини кучайтириш ва шаҳарлар учун иқлим хавфи хариталарини ишлаб чиқиш ҳам бор.

Ҳиндистонда эса 350 дан ортиқ хавф юқори бўлган ҳудудда сувни тежаш ва сув тўплаш инфратузилмаси кучайтирилмоқда. Фермерларга сувни кам талаб қиладиган ва қисқа муддатда етиладиган экинларга ўтиш тавсия этилган.

Эл-Нино оқибатлари айрим мамлакатларда аллақачон сезилмоқда.

«The Guardian» маълумотига кўра, сентябр ойида Ҳиндистоннинг баъзи минтақаларида муссон ёмғирлари қарийб 50 фоизга камайиб кетган. Бу эса шоли, дуккакли экинлар, пахта ва маккажўхори каби экинлар ҳосилига жиддий хавф туғдирмоқда.

Шри-Ланкада эса ёғингарчиликнинг камлиги ва жазирама иссиқ сўнгги ўн йилликдаги энг кучли қурғоқчиликни келтириб чиқарган. Оқибатда 160 мингдан зиёд аҳоли ичимлик суви танқислигига дуч келган.

Жануби-Шарқий Осиёда гуруч ҳосили хавф остида

Эл-Нино табиий ҳодисаси Жануби-Шарқий Осиё қишлоқ хўжалигига ҳам жиддий таҳдид солмоқда. «The Guardian» нашрининг ёзишича, минтақада шоли ҳосилдорлиги 8–10 фоизга пасайиши кутилмоқда. Шу муносабат билан, ҳудуддаги давлатлар сув ресурсларини оқилона бошқариш, экин экиш муддатларини ўзгартириш ва қишлоқ хўжалигига янгича усулларни жорий этиш орқали мазкур хатарни юмшатишга уринмоқда.

Индонезияда эса Эл-Нино ва узоқ давом этган қурғоқчилик оқибатида йирик ёнғинлар келиб чиққан. «Reuters» агентлиги хабарига кўра, мамлакатдаги бу галги ёнғинлар сўнгги 11 йил ичидаги энг ҳалокатлиси бўлди. Биргина 1–9 сентябр кунлари тутун ва олов ичида қолган еттита провинцияда нафас олиш йўллари касалликлари билан боғлиқ 113 мингдан зиёд ҳолат қайд этилган

50 миллион киши очлик хавфига юзма-юз келиши мумкин

Эл-Нино келтириб чиқарадиган энг катта таҳдидлардан бири бевосита озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ. Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) таҳлилларига кўра, мазкур кучли табиий ҳодиса оқибатида қарийб 50 миллион киши ўткир очликка дучор бўлиши мумкин.

Ташкилотнинг таъкидлашича, бу хатар, айниқса, иқлим ўзгаришларига таъсирчан ҳамда озиқ-овқат таъминоти тизими заиф бўлган ҳудудларда яққол намоён бўлади.

Шу муносабат билан, айни пайтда WFP турли давлат ҳукуматлари билан ҳамкорликда хавфнинг олдини олиш, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш, суғурталаш ва табиий офатлардан барвақт огоҳлантириш тизимларини жорий этиш бўйича махсус дастурларни амалга оширмоқда.

Эл-Нинонинг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга таъсири қандай?

Мутахассисларнинг баҳолашича, Эл-Нинонинг Марказий Осиёга таъсири қитъанинг бошқа ҳудудларидаги каби кучли бўлмайди.

Жорий йилнинг 10 август куни Марказий Осиё иқлим ахборот портали томонидан ўтказилган матбуот анжуманида иқлимшунос Алексей Кокорин мазкур табиий ҳодисанинг минтақага таъсири минимал даражада эканини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, асосий ўзгариш қиш мавсумида ёғингарчиликнинг бироз кўпайишида сезилиши мумкин, холос.

Мутахассис Марказий Осиёда ёзги ёғингарчиликнинг узоқ йиллардан бери камайиб бораётгани ва бунинг ортидан келиб чиқаётган сув танқислиги Эл-Нино билан эмас, балки глобал иқлим ўзгаришлари билан бевосита боғлиқлигини қайд этган.

Теглар

Мавзуга оид