
ОТМ битирувчиларини ишга олган тадбиркорларга 5 млрд сўмгача имтиёзли кредит берилади
Тадбиркорларга имтиёзли кредит ажратишда ҳар бир млрд сўмгача бўлган маблағ учун камида 1 нафар битирувчини ишга олиш шарти қўйилади.

3 ноябрдаги 328-сонли президент қарори билан «Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Телеграм каналида маълум қилинди.
Киритилган қўшимчаларга кўра, олий таълим ташкилотлари битирувчиларини иш билан таъминлаган тадбиркорларга 2 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга 5 млрд сўмгача йиллик Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада кредитлар ажратиш белгиланди. Бунда имтиёзли кредит тадбиркорларга ҳар бир млрд сўм қийматгача бўлган маблағ учун камида 1 нафар битирувчини ишга қабул қилиш шарти билан ажратилади.
Кредит ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларга асосий воситалар сотиб олиш ҳамда айланма маблағларни тўлдириш учун ажратилади.
Тадбиркор унинг имтиёзли кредит олишига сабаб бўлган битирувчи ўртасида 2 йил давомида меҳнат шартномаси бекор бўлган тақдирда, кредит фоизи меҳнат шартномаси бекор бўлган санадан тижорат ставкасига ўзгартирилади. Бироқ, бундан ушбу ходим ўрнига 1 ой муддатда бошқа битирувчи ишга қабул қилинган ҳоллар мустасно.
Шунингдек, битирувчилар ўртасида энг яхши стартап ва инновацион лойиҳалар танлови ташкил этилади. Танлов ғолибларига камида 2 нафар битирувчини ишга олиш мажбурияти билан 1 млрд сўмгача грант ажратилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳарбий ОТМ битирувчилари офицер лавозимларида 5 йил давомида хизмат ўтамаса, ўқитиш маблағлари ундириб олиниши ҳақида хабар берилганди.





