add

Ўзбекистон 2026 йилда ҳам Афғонистонга электр етказиб беради

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида 2026 йил учун электр энергиясини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди.

Ўзбекистон 2026 йилда ҳам Афғонистонга электр етказиб беради

Энергетика вазирлиги маълум қилишича, 2026 йилда ҳам Афғонистонга электр энергиясини етказиб бериш давом эттирилади. Бу бўйича 17 ноябр куни Тошкентда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Афғонистоннинг «Da Afghanistan Breshna Sherkat» (DABS) компанияси бош директори Абдул Бори Умар билан бўлиб ўтган учрашувда тегишли шартнома имзоланди.

Мулоқотда икки давлат энергетика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида илгари сурган ташаббуслари қўшни Афғонистон иқтисодиётини қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Шунингдек, Афғонистон ҳудудида қурилаётган юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ва подстанцияларнинг жорий ҳолати муҳокама қилинди. Томонлар қурилиш ишларини янада жадаллаштириш бўйича келишиб олди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Афғонистоннинг асосий электр етказиб берувчиси бўлиб қолмоқда. Афғонистонда ички ишлаб чиқариш ҳажми 250 МВт атрофида бўлиб, мамлакат Туркманистон, Эрон, Ўзбекистон ва Тожикистондан йилига 800 МВт гача электр энергиясини импорт қилади. Бунинг учун йилига 250–280 миллион доллар сарфланади. Ўзбекистон 2002 йилдан бери Афғонистонга мунтазам равишда электр энергияси етказиб бермоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистон 2026 йилда ҳам Афғонистонга электр етказиб беради | Vaqt.uz