Logo

Ўзбекистон Ҳалабда ўз Савдо уйини очмоқчи

Бугун 17:452 дақиқа

Ўзбекистон ва Сурия ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш бўйича янги механизмлар ишлаб чиқилмоқда. Тошкентда ўтказилган бизнес форумда 30 дан ортиқ Сурия компанияси иштирок этди.

Ўзбекистон Ҳалабда ўз Савдо уйини очмоқчи

Тошкентда 19 сентябр куни Ўзбекистон ва Сурия ўртасида бизнес форум ҳамда B2B форматдаги учрашувлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати маълум қилди.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов икки давлат ўртасидаги ҳамкорликда янги босқич бошланганини қайд этди.

Вазирнинг таъкидлашича, бир кун аввал имзоланган Иқтисодий ва савдо ҳамкорлиги бўйича қўшма қўмита тузиш тўғрисидаги меморандум, шунингдек, ташкил этилган Бизнес кенгаш Ўзбекистон ва Сурия ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи учун мустаҳкам асос яратмоқда.

Амалий механизмлар қаторида Лазиз Қудратов Ўзбекистоннинг Ҳалаб шаҳридаги Савдо уйи фаолияти, ўзаро кўргазмалар ўтказиш ва қўшма тармоқлараро ишчи гуруҳ орқали ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси» тайёрланишини маълум қилди.

«Бугунги форум икки мамлакат ишбилармон доираларига эришилган келишувларни аниқ шартномалар, товар етказиб бериш ва инвестицияларга айлантириш имконини беради», — дея вазирнинг сўзларидан иқтибос келтирди палата матбуот хизмати.

30 дан ортиқ Сурия компаниялари Ўзбекистонда

Муассаса хабарига кўра, 18–19 сентябр кунлари Сурия Иқтисодиёт ва саноат вазири Муҳаммад Нидал аш-Шаар бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлган.

Делегация таркибидан тўқимачилик, фармацевтика, агрокимё, қурилиш ва энергетика соҳаларида фаолият юритувчи 30 дан ортиқ йирик Сурия компаниялари вакиллари ўрин олган. Улар Ўзбекистоннинг йирик саноат корхоналаридаги ишлаб чиқариш қувватлари ва экспорт салоҳияти билан танишган.

Саноат, қишлоқ хўжалиги ва логистика каби соҳаларни қамраб олган бизнес форумда жами 200 га яқин тадбиркор иштирок этган.

Теглар

Мавзуга оид