Ўзбекистон шахсий маълумотларни ҳимоя қилувчи давлатлар рўйхатини тасдиқлади
Рўйхатга 49 та давлат киритилган бўлиб, энди ушбу давлатларга шахсга доир ва эгасизлантирилган маълумотларни халқаро ахборот тизимлари орқали қўшимча рухсатсиз ҳамда ваколатли орган — Миграция ва персоналлаштириш департаментини хабардор қилмасдан узатиш мумкин бўлади.
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистонда шахсга доир маълумотларни трансчегаравий узатиш бўйича янги тартиб жорий этилди. Вазирлар Маҳкамаси шахсга доир маълумотлар бир хил даражада ҳимоя қилинишини таъминловчи 49 та давлат рўйхатини тасдиқлади. Ҳужжат «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонун асосида қабул қилинган бўлиб, халқаро маълумот алмашинувида ягона ёндашувни белгилайди.
Янги тартибга кўра, мазкур рўйхатга киритилган давлатларга халқаро шартномалар асосида ишловчи ахборот тизимлари орқали шахсга доир ва эгасизлантирилган маълумотларни ваколатли давлат органидан қўшимча рухсат олмасдан ҳамда уни олдиндан хабардор қилмасдан узатиш мумкин. Шу билан бирга, операторлар маълумотлар тарқалиб кетишининг олдини олиш учун зарур ҳуқуқий, ташкилий ва техник чораларни кўриши шарт.
Рўйхатга қуйидаги давлатлар киритилган:
Австрия
Андорра
Аргентина
Бельгия
Болгария
Бразилия
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги
Венгрия
Германия
Гернси (Британия тожи юрисдиксияси остидаги ҳудуд)
Гонконг (Хитой Халқ Республикасининг махсус маъмурий ҳудуди)
Греция
Дания
Жерси (Британия тожи юрисдиксияси остидаги ҳудуд)
Ирландия
Испания
Исландия
Исроил
Италия
Канада
Кипр
Корея Республикаси
Латвия
Литва
Лихтенштейн
Люксембург
Мальта
Мэн ороли (Британия тожи юрисдиксияси остидаги ҳудуд)
Нидерландия
Норвегия
Польша
Португалия
Россия
Руминия
Сингапур
Словакия
Словения
АҚШ
Уругвай
Фарер ороллари (Дания Қироллиги таркибидаги автоном ҳудуд)
Финляндия
Франция
Хорватия
Чех Республикаси
Швейцария
Швеция
Эстония
Янги Зеландия
Япония
Қўшимча талаблар жорий этилди
Рўйхатга киритилмаган давлатларга шахсга доир маълумотларни узатиш эса фақат оператор ёки маълумотлар базаси мулкдори Миграция ва персоналлаштириш департаменти белгилайдиган ҳуқуқий, ташкилий ҳамда техник талабларни бажарган тақдирдагина амалга оширилади.
Қарорга мувофиқ, агар трансчегаравий узатиш жараёнида шахсга доир маълумотлар тарқалиб кетгани аниқланса, оператор бу ҳақда 24 соат ичида Миграция ва персоналлаштириш департаментини хабардор қилиши шарт. Шунингдек, 72 соат ичида ҳодисанинг сабаблари ва унинг оқибатларини бартараф этиш учун кўрилган чоралар ҳақида батафсил маълумот тақдим этиши лозим.
Шу билан бирга, рўйхатга давлатларни киритиш ёки ундан чиқариш бўйича таклифларни тайёрлаш вазифаси ҳам мазкур департаментга юклатилди. Идора бир ҳафта ичида тасдиқланган рўйхатни расмий сайтида эълон қилиши керак.
Халқаро интеграция режаси
Қарорга мувофиқ, Ташқи ишлар вазирлиги уч ой ичида Ўзбекистоннинг 1981 йилда Страсбургда қабул қилинган шахсга доир маълумотларни автоматлаштирилган тарзда қайта ишлашда жисмоний шахсларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенцияга қўшилиши юзасидан таклифлар ишлаб чиқади. Шунингдек, мамлакатни бошқа давлатларнинг маълумотлар ҳимояси таъминланган давлатлар рўйхатларига киритиш масаласи ҳам кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, ИИВ Рақамли технологиялар вазирлиги, ДХХ ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги билан ҳамкорликда уч ой ичида рўйхатга кирмаган давлатларга маълумот узатишда қўлланиладиган стандарт шартномавий шартлар ҳамда мажбурий корпоратив қоидаларга қўйиладиган талабларни тасдиқлайди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил март ойида Президент томонидан «Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар имзоланган эди. Унга кўра, хавфсизлик талабларига риоя қилинган ҳолда шахсий маълумотларга Ўзбекистондан ташқарида ҳам ишлов беришга рухсат берилди.
Бироқ биометрик ва генетик маълумотлар, шунингдек Ўзбекистондаги телекоммуникация операторлари абонентларига оид маълумотлар мамлакат ҳудудида мажбурий сақланиши шарт. Қолган турдаги шахсий маълумотларни эса белгиланган талабларга риоя қилинган ва тегишли давлат етарли ҳимоя даражасига эга деб эътироф этилган тақдирда, хорижда сақлаш ҳамда қайта ишлаш мумкин.





