
Ўзбекистон ташқи қарзи 75 млрд доллардан ошди
2025 йил 1 октябр ҳолатига, ташқи қарз аҳоли жон бошига 1 980 доллардан ошган.

2025 йил 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 75,4 млрд долларга етди. Шу билан бирга, ялпи ташқи қарз ҳажми 82,4 млрд долларга чиқиб, сўнгги йилларда ташқи молиявий мажбуриятларни жалб қилиш суръати кескин тезлашганини кўрсатмоқда. Бу ҳақда Марказий банк расмий маълумотларида қайд этилган.
Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра, жорий операциялар ҳисоби дефицити 2025 йил 1 октябрь ҳолатига 207,3 млн долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада яхшиланди. Солиштириш учун, ўтган йилнинг мос даврида жорий операциялар дефицити 3,1 млрд доллар бўлган эди. Мутахассислар бу ижобий ўзгаришни экспорт ҳажмининг импортга нисбатан тезроқ ўсиши ва пул ўтказмалари кўпайиши билан изоҳламоқда.
Шу билан бирга, молиявий ҳисоб салдоси манфий бўлиб қолмоқда. 2025 йилнинг учинчи чорагида манфий сальдо 642,3 млн долларни, йил бошидан эса 2,5 млрд доллардан ортиқни ташкил этди. Бу капитал ҳаракатидаги босимлар сақланиб қолаётганини англатади.
Ташқи қарз таркибига назар ташласак, давлат ташқи қарзи 37,4 млрд долларга, корпоратив ташқи қарз эса 38,0 млрд долларга етган. Учинчи чоракнинг ўзида умумий ташқи қарз 3,2 млрд долларга, охирги 12 ойда эса 15,2 млрд долларга кўпайган.
Давлат ташқи қарзи бир йилда 4,9 млрд долларга ошган бўлса, асосан давлат банклари ва йирик компаниялар ҳисобига тўғри келадиган корпоратив қарз 10,3 млрд долларга кўпайган.
Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ташқи қарз ҳам ўсишда давом этмоқда. 2025 йил 1 октябрь ҳолатига бу кўрсаткич 1 980 доллардан ошган, 2024 йилнинг шу даврида эса 1 611 доллар бўлган.
Марказий банк маълумотларига кўра, ялпи ташқи қарз таркибида ҳукумат улуши 35 фоизни, банк сектори 24 фоизни, номолиявий сектор эса 30 фоизни ташкил этмоқда. Қарзларнинг атиги 7,8 фоизи қисқа муддатли бўлиб, қолган қисми узоқ муддатли мажбуриятлардан иборат. Шу билан бирга, қимматли қоғозлар орқали жалб қилинган ташқи қарзлар ҳажми йил бошидан бери 57 фоизга ошиб, 13 млрд долларга етган.





