add

Ўзбекистонда болаларга отасининг исмини фамилия сифатида фойдаланишга рухсат берилиши мумкин

Қонун лойиҳаси боланинг фамилиясини белгилашда миллий анъаналар ва ота-онанинг танлов имкониятларини кенгайтиришни назарда тутади.

Ўзбекистонда болаларга отасининг исмини фамилия сифатида фойдаланишга рухсат берилиши мумкин

Ўзбекистонда болага отасининг исмини фамилия сифатида беришга рухсат этилиши мумкин. Бу ҳақда Оила кодексига тегишли қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси 13 январ куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинди.

Қонун лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда ФҲДЁ соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Ҳужжат доирасида Оила кодексининг 69-моддасига аниқ қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Амалдаги тартибга кўра, боланинг фамилияси ота-онанинг фамилиясига қараб белгиланади. Бироқ Адлия вазири ўринбосари Нўмон Муҳаммадиевнинг таъкидлашича, миллий анъаналарга кўра айрим ҳолларда болага бобосининг исми асосида фамилия бериб келинмоқда. Шу билан бирга, отанинг исмини тўғридан-тўғри фамилия сифатида қўллаш имконияти қонунчиликда аниқ белгиланмаган.

«Ҳозирги вақтда ота исмини болага фамилия сифатида бериш имкониятининг мавжуд эмаслиги қонунчилик ҳужжатларини турлича талқин қилинишига ҳамда фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Масалан, болалар уйида улғайганлар ёки оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахсларнинг фарзандлари ўз болаларига оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинган отанинг исмини фамилия сифатида беришни хоҳламаяпти», деди Нўмон Муҳаммадиев.

Маълум қилинишича, бундай вазиятларда ҳар куни ўнлаб ота-оналар туғилиш ҳақидаги далолатномаларга кейинчалик ўзгартириш киритишга мажбур бўлмоқда. Қонун лойиҳасида халқаро тажриба ҳам инобатга олинган бўлиб, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда ҳам боланинг фамилияси отаси ёки бобосининг исми асосида белгиланиши мумкин.

Амалдаги Оила кодексининг 69-моддасида боланинг фамилияси ота-онанинг фамилиясига қараб белгиланиши кўрсатилган. Ота-она турли фамилияларда бўлганда ота-онанинг келишувига биноан, болага отасининг ёки онасининг фамилияси берилади. Ота-онанинг хоҳишига кўра, болага ота ёки она томонидан миллий анъаналарга биноан, бобонинг исми бўйича фамилия берилиши мумкин. Ота-она ўртасида боланинг исми ва (ёки) фамилияси бўйича келишув бўлмаганда, келиб чиққан низо васийлик ва ҳомийлик органи томонидан ҳал этилади.

Теглар

Мавзуга оид