
Ўзбекистонда дори-дармонлар нархи пасаяди
2026 йил март ойидан бошлаб аҳоли учун дори воситалари 40–60 фоизгача арзонлашиши айтилмоқда.

Ўзбекистонда 2026 йил 1 мартдан бошлаб аҳоли учун дори-дармонлар нархи 40–60 фоизгача пасайтирилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, нархларнинг сезиларли пасайишига импорт қилинадиган 2 минг номдаги дори воситалари учун референт нархлар белгиланиши, дистрибьюторлар устамаларининг қисқартирилиши натижасида таъминот занжиридаги ортиқча харажатлар камайтирилиши сабаб бўлмоқда.
Нархлар пасайишига яна бир муҳим омил — фармацевтика соҳасига инвестициялар ҳажмининг ошганидир. Маълумотларга кўра, соҳага 392 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 2,3 баробар кўпни ташкил этади. Мазкур маблағлар ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва замонавий технологияларни жорий этишга йўналтирилмоқда.
Шунингдек, йил охирига қадар яна 4 минг номдаги дори воситалари нархини пасайтириш режалаштирилган. Маҳаллий корхоналарда технологиялар трансфери асосида импорт ўрнини босувчи дори маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали ички бозор барқарорлигини мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда.





