Ўзбекистонда газ импорти экспортдан 3,5 баробарга ошди
Ўзбекистон беш ойда $724,7 млнлик табиий газ импорт қилди. Бу даврда маҳаллий газ қазиб чиқариш ҳажми 2,6 млрд куб метрга камайган. Vaqt.uz ёқилғи-энергетика бозоридаги сўнгги ўзгаришларни таҳлил қилди.
© Kapital.kz / Ruslan Pryanik2026 йилнинг январ–май ойларида Ўзбекистон табиий газни экспорт қилганидан кўра сезиларли даражада кўпроқ импорт қилди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумотларида келтирилган.
Ҳисобот даврида табиий газ импорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 84,1 фоизга ошиб, 724,7 млн АҚШ долларини ташкил этди. Шундан 68,2 млн доллари суюлтирилган газ (пропан) харидлари ҳиссасига тўғри келди. Пропан импорти бир йил ичида 3,3 баробарга кўпайган.
Ойлар кесимида энг катта импорт ҳажми май ойида 216,4 млн доллар қийматида қайд этилди. Январда бу кўрсаткич 167,6 млн доллар бўлган бўлса, февралда 34,6 млн долларгача пасайди. Март ва апрел ойларида эса мос равишда 158,3 млн ҳамда 147,8 млн долларлик газ харид қилинган.

Газ экспорти камаймоқда
Табиий газ экспортида эса аксинча пасайиш кузатилмоқда. 2026 йилнинг дастлабки беш ойида экспорт ҳажми 29,6 фоизга қисқариб, 202,9 млн долларни ташкил этди.
Январ ойида газ экспорти амалга оширилмаган. Февралда етказиб бериш қайта тикланиб, 7,1 млн долларни ташкил қилган. Март ойида экспорт 29,4 млн долларга, апрелда эса 92,7 млн долларгача ошган. Май ойида кўрсаткич 73,5 млн доллар атрофида бўлган.
Аммо Vaqt.uz ўрганган Ўзбекистон ва Хитой статистикалари ўртасида фарқ мавжуд. Хитой Божхона бош бошқармаси маълумотларига кўра, январ–май ойларида Ўзбекистондан Хитойга газ экспорти 139,6 млн долларни ташкил қилган. Икки давлат статистикаси орасидаги тафовут 76,8 млн доллардан ошади.

Хитойга газ етказиб берувчи давлатлар орасида Россия етакчилик қилмоқда — 3,8 млрд доллар. Кейинги ўринларда Туркманистон ($3,32 млрд), Мянма ($624,4 млн), Қозоғистон ($309,4 млн) ва Ўзбекистон ($139,6 млн) жойлашган.
Энергия маҳсулотларида импорт ҳажми юқори
2026 йил январ–май ойларида Ўзбекистоннинг минерал ёқилғи, мойлаш материаллари ва шунга ўхшаш маҳсулотлар импорти 1,86 млрд долларни ташкил этди. Экспорт эса 660,7 млн долларга етган.
Нефт ва нефт маҳсулотлари бўйича ҳам ташқи харидлар устунлик қилмоқда. Беш ойда ушбу маҳсулотлар импорти 1 млрд доллардан ошган, экспорт эса 357,7 млн долларни ташкил этган.
Кўмир, кокс ва брикетларда эса импорт ҳажми 74,2 млн долларни ташкил қилган вақтда атиги 1,3 млн долларлик маҳсулот четга сотилган. Яъни импорт экспортдан қарийб 57 баробар юқори даражада сақланмоқда.
Электр энергияси секторида эса ҳолат аксинча, беш ойда электр экспорти 98,8 млн долларни, импорт эса 55,1 млн долларни ташкил этди. Экспорт импортдан 43,7 млн долларга юқори қийматда шаклланган.
Умумий ҳисобда, Ўзбекистон 2026 йилнинг дастлабки беш ойида минерал ёқилғи ва энергия маҳсулотлари бўйича кўпроқ импорт қилувчи давлат сифатида қолган. Импорт ҳажми экспортдан 1,2 млрд долларга кўпроқ бўлган.
Газ қазиб олиш ҳажми учинчи йил кетма-кет пасаймоқда
Энергетика импортининг ортиши фонида маҳаллий ишлаб чиқаришда ҳам пасайиш кузатилмоқда.
2026 йил январ–май ойларида йирик саноат корхоналари томонидан 15,8 млрд куб метр табиий газ қазиб чиқарилди. Таққослаш учун:
2025 йилнинг шу даврида — 18,4 млрд куб метр;
2024 йилда — 18,9 млрд куб метр.
Яъни икки йил ичида беш ойлик ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 3,1 млрд куб метрга камайган.
Газ конденсати ишлаб чиқариш ҳам қисқарган. 2026 йилнинг январ–май ойларида 391,7 минг тонна газ конденсати ишлаб чиқарилди. Қиймат 2025 йилга нисбатан 90 минг тоннадан ортиқ қийматда камайган.
Нефт қазиб чиқариш ҳажми ҳам пасайиб, 261,9 минг тоннани ташкил қилди. 2025 йилнинг мос даврида 270,8 минг тонна, 2024 йилда эса 305 минг тонна нефт ишлаб чиқарилган.
Айрим саноат маҳсулотларида ўсиш бор
Барча йўналишларда ҳам пасайиш кузатилмаган. Дизел ёқилғиси ишлаб чиқариш 2026 йил январ–май ойларида 476,4 минг тоннага етди. Бу 2025 йилга нисбатан 34 минг тоннага кўп.
Автомобиль бензини ишлаб чиқариш эса 502,2 минг тоннани ташкил этди. Портландцемент ишлаб чиқариш ҳам ўсиб, 8,2 млн тоннага етди. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 2 млн тоннага кўпроқ.
Бундан ташқари, беш ой давомида 317,1 минг тонна ип-калава ҳамда 630,4 минг тонна юмшоқ буғдой ва спельта уни ишлаб чиқарилган.
Алоҳида қайд этиш керакки, газ қазиб олиш ҳажмининг пасайиши Ўзбекистонда 2019 йилдан буён кузатилмоқда. Ўша йили мамлакатда 60 млрд куб метрдан ортиқ газ ишлаб чиқарилган.

2025 йилда газ қазиб олиш ҳажми 42,3 млрд куб метргача тушиб, сўнгги йиллардаги энг паст кўрсаткичлардан бирига айланди. «Ўзбекистон – 2030» стратегиясига мувофиқ, 2026 йилда ҳам ушбу тенденция сақланиб қолиб, ишлаб чиқариш 40,2 млрд куб метргача камайиши кутилмоқда.
Режага кўра, 2026 йилдан кейин газ қазиб олиш яна ўсиш босқичига ўтади ва 2030 йилга келиб 48,5 млрд куб метрга етади.
Келгуси йилларда газ қазиб олиш ҳажми қуйидагича бўлиши прогноз қилинмоқда:
2027 йил — 42,9 млрд куб метр (+6,7 фоиз);
2028 йил — 44,5 млрд куб метр (+3,7 фоиз);
2029 йил — 45,5 млрд куб метр (+2,2 фоиз);
2030 йил — 48,5 млрд куб метр (+6,6 фоиз).
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиядан Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажми келгуси йилларда қарийб 70 фоизга ошиши мумкинлиги маълум қилинганди. Томонлар йиллик импорт ҳажмини 11 млрд куб метргача етказиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу 2025 йилдаги тахминан 7 млрд куб метрлик кўрсаткичдан 4 млрд куб метрга кўп.
Ҳажмларни ошириш амалдаги қувурлар имкониятига боғлиқ бўлиб, Қозоғистон ўз ҳудудидаги транзит инфратузилмасини тайёрлаганини билдирган. Остона жараёнда Россия газини Ўзбекистонга етказиш учун транзит давлат сифатида иштирок этмоқда.
Теглар






