Logo

Россиядан газ импорти 11 млрд куб метргача оширилиши мумкин

Бугун 21:002 дақиқа

Ўзбекистонга Россиядан газ етказиб бериш ҳажмини қарийб 70 фоизга ошириш муҳокама қилинмоқда. Бу мамлакатда газ қазиб олиш ҳажми пасайиши давом этаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Россиядан газ импорти 11 млрд куб метргача оширилиши мумкин

Россиядан Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажми келгуси йилларда қарийб 70 фоизга ошиши мумкин. Бу ҳақда Қозоғистон энергетика вазири Ерлан Аккенженов маълум қилди.

Қайд этилишича, томонлар келажакда йиллик етказиб бериш ҳажмини 11 млрд куб метргача етказиш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу рақам 2025 йилда импорт қилинган қарийб 7 млрд куб метр газдан 4 млрд куб метрга кўпдир.

Бироқ ҳажмларнинг якуний оширилиши амалдаги магистрал қувурларнинг ўтказувчанлик имкониятларига бевосита боғлиқ. Бугунга қадар Қозоғистон ўзига тегишли қувур тармоқларини тўлиқ тайёрлаган.

Вазирнинг таъкидлашича, Россия ва Ўзбекистон мазкур масалани мустақил равишда муҳокама қилмоқда. Остона эса логистика бўйича кафолат берувчи транзит давлат сифатида иштирок этмоқда.

Аввалроқ Россия ҳукумати раиси ўринбосари Александр Новак ҳам Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон вакиллари билан давом этаётган музокаралар ҳақида маълум қилган эди.

Унинг сўзларига кўра, совет даврида қурилган газ транспорт тизимини модернизация қилиш ва кенгайтириш режалаштирилган.

Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, Россия газ экспортида Европа улуши қисқаргани сабабли Осиё йўналишлари устувор аҳамият касб этмоқда. Хусусан, ўтган йили Россиянинг Хитойга қувур орқали газ етказиб бериш ҳажми ҳам 25 фоизга ошган. «Сибир кучи» қувури орқали Хитойга экспорт қилинган газ ҳажми қарийб 39 млрд куб метрга етган.

VAQT.UZ аввалроқ Ўзбекистонда газ ишлаб чиқариш ҳажми камайиб, импорт ҳажми ортиб бораётгани ҳақида хабар берган эди. Хусусан, жорий йилнинг январь–апрель ойларида мамлакатда табиий газ ишлаб чиқариш 16 фоизга қисқариб, 12,6 млрд куб метрни ташкил қилди.

Алоҳида қайд этиш керакки, газ қазиб олиш ҳажмининг пасайиши Ўзбекистонда 2019 йилдан буён кузатилмоқда. Ўша йили мамлакатда 60 млрд куб метрдан ортиқ газ ишлаб чиқарилган.

 

1

 

2025 йилда газ қазиб олиш ҳажми 42,3 млрд куб метргача тушиб, сўнгги йиллардаги энг паст кўрсаткичлардан бирига айланди. «Ўзбекистон – 2030» стратегиясига мувофиқ, 2026 йилда ҳам ушбу тенденция сақланиб қолиб, ишлаб чиқариш 40,2 млрд куб метргача камайиши кутилмоқда.

Режага кўра, 2026 йилдан кейин газ қазиб олиш яна ўсиш босқичига ўтади ва 2030 йилга келиб 48,5 млрд куб метрга етади.

Келгуси йилларда газ қазиб олиш ҳажми қуйидагича бўлиши прогноз қилинмоқда:

— 2027 йил — 42,9 млрд куб метр (+6,7 фоиз);
— 2028 йил — 44,5 млрд куб метр (+3,7 фоиз);
— 2029 йил — 45,5 млрд куб метр (+2,2 фоиз);
— 2030 йил — 48,5 млрд куб метр (+6,6 фоиз).

Теглар

Мавзуга оид