Ўзбекистонда газ ва нефть қазиб олиш камайиб, импорт ҳажми кескин ошмоқда

Бугун 14:462 дақиқа

Табиий газ қазиб олиш кескин қисқараётган бир пайтда Ўзбекистоннинг газ импорти 3,3 баробарга ошди. Йилнинг дастлабки тўрт ойида мамлакат газ хариди учун 508 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлади.

Ўзбекистонда газ ва нефть қазиб олиш камайиб, импорт ҳажми кескин ошмоқда © 34regiongaz.ru

2026-йилнинг январ–апрел ойларида Ўзбекистонда табиий газ ва мойлаш маҳсулотлари импорти кескин ошди. Бу ҳақдаги маълумот Президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг ташқи савдо айланмаси ҳақидаги ҳисоботида келтирилган.

Маълумотларга кўра, дастлабки тўрт ойда мамлакатда 12,6 миллиард куб метр табиий газ қазиб олинган. Таққослаш учун, ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 15 миллиард куб метрни ташкил этган.
Нефть қазиб олиш ҳажми 209 минг тоннага, газ конденсати ишлаб чиқариш эса 319,3 минг тоннага етган. Ҳар икки кўрсаткич ҳам мос равишда 5,3 минг тонна ва 75,9 минг тоннага камайган.

Экспорт камайди, импорт ошди

Маҳаллий қазиб олиш ҳажмининг пасайиши фонида энергия ресурслари импорти сезиларли даражада ошган. Дастлабки тўрт ойда газ хариди учун 508,3 миллион доллар сарфланди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,3 баробарга кўп. Газ экспорти эса 70,3 миллион долларга камайиб, 129,4 миллион долларни ташкил этди.

Бундан ташқари, нефт, нефть маҳсулотлари ва шунга ўхшаш маҳсулотлар импорти учун 821,5 миллион доллар сарфланган. Ушбу маблағнинг 327,1 миллион доллари айнан автомобиль бензини харидига тўғри келади.
Экспорт йўналишида эса пасайиш тенденцияси кузатилмоқда.

Ўзбекистоннинг ҳисобот даврида нефть ва нефть маҳсулотлари экспортидан топган умумий даромади 234,3 миллион долларни ташкил этди.

VAQT.UZ аввалроқ табиий газ қазиб олиш ҳажми 2026-йилнинг биринчи чорагида 15 фоизга қисқаргани ҳақида хабар берганди. Хусусан, март ойида 2,7 млрд куб метр, бир чоракда эса жами 9,6 млрд куб метр табиий газ қазиб чиқарилган.

Ўз навбатида, иқтисодчи Otabek Bakirov ҳам газ қазиб олишдаги кескин пасайиш Ўзбекистон тарихида деярли кузатилмаган ҳолат эканини таъкидлаган.

Унинг фикрича, расмийлар томонидан сўнгги йилларда «жуда йирик» ва «аномал юқори босимли» янги газ конлари очилгани ҳақида бир неча бор баёнотлар берилган бўлса-да, амалий натижалар аксинча бўлмоқда — қазиб чиқариш ҳажми ойма-ой камайишда давом этмоқда.

Теглар

Мавзуга оид