Logo

Ўзбекистонда гўшт етиштириш камайди — Статқўмита эса ўсди демоқда

Бугун 18:163 дақиқа

Миллий статистика қўмитасининг 2025 ва 2026-йил биринчи ярми учун эълон қилган маълумотлари таққосланганда, гўшт етиштириш 58,1 минг тоннага ёки 4,3 фоизга камайгани маълум бўлди. Қўмитанинг янги ҳисоботида эса 0,9 фоизлик ўсиш қайд этилган. Бундай тафовут қандай юзага келгани изоҳланмаган.

Ўзбекистонда гўшт етиштириш камайди — Статқўмита эса ўсди демоқда

Ўзбекистонда 2026-йилнинг биринчи ярмида гўшт етиштириш камайган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси ҳисоботлари солиштирилганда маълум бўлди.

Миллий статистика қўмитасининг 2026-йил биринчи ярми бўйича ҳисоботида Ўзбекистонда 1 млн 299 минг тонна тирик вазндаги гўшт етиштирилгани кўрсатилган.

Шунга қарамай, қўмитага кўра, бу 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 0,9 фоизга кўп.

Бироқ ташкилотнинг 2025-йил биринчи ярми учун эълон қилган ҳисоботида гўшт етиштириш ҳажми 1 млн 357,1 минг тоннани ташкил этгани қайд этилган.

Икки ҳисоботдаги ҳажмлар тўғридан-тўғри таққосланганда, ишлаб чиқариш ўсмаган, аксинча, 58,1 минг тоннага ёки 4,3 фоизга камайган.

Қўмита кўрсатган 0,9 фоизлик ўсиш келиб чиқиши учун 2025-йил базаси қарийб 1 млн 287,4 минг тонна бўлиши керак. Бу аввал эълон қилинган кўрсаткичдан 69,7 минг тонна ёки 5,1 фоизга кам.

1

Бу қадар катта фарқни юзага келтирадиган 2025-йилги маълумотлар кейинчалик қайта ҳисоблангани ёки статистик қамров ўзгаргани ҳақида маълум қилинмаган.

Ҳатто Қўмитанинг янги базаси қабул қилинган тақдирда ҳам, 0,9 фоизлик ўсиш охирги олти йилдаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Гўшт етиштириш 2021-йилда 4,4 фоизга, 2022-йилда 2,5 фоизга, 2023-йилда 3,8 фоизга, 2024-йилда 3,4 фоизга ва 2025-йилда 3,6 фоизга ошгани қайд этилганди.

Шу маънода, расмий кўрсаткичнинг ўзи ҳам гўшт ишлаб чиқариш деярли ўсишдан тўхтаганини кўрсатмоқда.

Энг катта ишлаб чиқарувчиларда пасайиш кузатилган

Ўзбекистонда гўштнинг 79,1 фоизи деҳқон ва томорқа хўжаликлари томонидан етиштирилади. Қўмитанинг янги ҳисоб-китобига кўра, бу хўжаликларда ишлаб чиқариш 0,4 фоизга камайган.

Фермер хўжаликларида гўшт етиштириш 14,8 фоизга ошган. Бироқ уларнинг умумий ишлаб чиқаришдаги улуши атиги 8,7 фоизни ташкил қилади. Қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ҳиссасига эса гўштнинг 12,2 фоизи тўғри келган ва улардаги ўсиш 0,7 фоиз билан чекланган.

Шу сабабли фермер хўжаликларидаги юқори ўсиш гўштнинг асосий қисмини етиштирадиган деҳқон ва томорқа хўжаликларидаги пасайишни тўлиқ қоплай олмаган.

Импорт миқдори 20 фоизга ошди

Vaqt.uz тасарруфидаги Божхона қўмитасининг импорт маълумотларига кўра, 2026-йилнинг январь—июль ойларида Ўзбекистонга гўшт ва гўшт маҳсулотлари олиб кириш кескин кўпайган.

Жадвалдаги барча маҳсулотлар миқдори ҳисобланганда, импорт 2025-йилнинг мос давридаги 150,6 минг тоннадан 180,8 минг тоннага етган. Бир йил ичида хориждан 30,2 минг тонна ёки 20 фоиз кўпроқ гўшт олиб кирилган.

2

Импортнинг умумий қиймати эса 420,4 млн доллардан 574,9 млн долларга ошган. Ўзбекистон гўшт ва гўшт маҳсулотлари импортига бир йил аввалгидан 154,5 млн доллар кўпроқ сарфлаган.

Импорт қиймати миқдорга қараганда тезроқ ўсган. Натижада бир кг маҳсулотга тўғри келадиган ўртача импорт қиймати 2,79 доллардан 3,18 долларга ёки 13,9 фоизга кўтарилган.

Асосий харажат мол гўштига тўғри келган

Январь—июль ойларида мол гўшти импорти 9,3 фоизга ошиб, 90,1 минг тоннага етган. Унинг қиймати эса 30,1 фоизга кўпайиб, 433,4 млн долларни ташкил қилган.

Мол гўшти умумий импорт қийматининг 75,4 фоизини эгаллаган. Импорт харажатларидаги 154,5 млн долларлик ўсишнинг қарийб учдан икки қисми ҳам айнан мол гўштига тўғри келган.

Бир килограмм мол гўштининг ўртача импорт қиймати 4,04 доллардан 4,81 долларга ёки 19 фоизга ошган.

Қўй гўшти импорти миқдор бўйича 37,7 фоизга кўпайиб, 18,9 минг тоннага етган. Унинг қиймати эса 2,3 баробарга ошиб, 43,8 млн долларни ташкил қилган. Бир килограммга тўғри келадиган ўртача қиймат 1,41 доллардан 2,31 долларга кўтарилган.

Товуқ гўшти импорти 24,8 фоизга ошиб, 39,8 минг тоннага, қиймати эса 28,4 фоизга кўпайиб, 47,6 млн долларга етган.

Мол, қўй ва товуқ гўшти биргаликда импорт харажатларидаги умумий ўсишнинг 87,5 фоизини шакллантирган.

Айрим кичик тоифаларда ҳам кескин ўзгариш кузатилган. Ўрдак гўшти импорти 64 тоннадан 4,6 минг тоннагача, курка гўшти импорти эса 408 тоннадан 2,3 минг тоннагача ошган. Бу йўналишларда ўсиш паст таққослаш базаси ҳисобига ҳам юқори кўринмоқда.

Икки йўналишдаги рақамлар бир муҳим ҳолатни кўрсатмоқда: маҳаллий гўшт етиштириш камайган бир пайтда хориждан гўшт ва гўшт маҳсулотлари хариди сезиларли даражада ошган. Импорт учун сарфланаётган маблағ эса унинг жисмоний ҳажмидан ҳам тезроқ кўпаймоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда гўшт етиштириш камайди — Статқўмита эса ўсди демоқда | Vaqt.uz