Ўзбекистонда насия савдо бозори 10,1 трлн сўмга етди
Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра, насия савдо бозори қиймати 10 трлн сўмлик маррадан ошиб ўтди. Регулятор бозорни назорат қилишга ҳаракат қилмоқда.

2026-йил 1-январ ҳолатига насия савдо (BNPL) хизматлари ҳажми 10,1 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 трлн сўм ёки 1,2 баробарга ошди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.
BNPL (Buy Now, Pay Later — “Ҳозир сотиб ол, кейин тўла”) хизматлари сўнгги йилларда Ўзбекистонда фаол маркетинг кампаниялари ва истеъмолчилар талабининг ошиши фонида кенг оммалашди.
Одамлар учун дўконларда кўпинча битта паспорт билан расмийлаштириладиган насия савдо микромолиялаштиришга муқобил сифатида қабул қилина бошлади.
Банклардан қимматроқ
Бироқ, маҳсулот устига тўланадиган қўшимча тўловлар сабаб насия бозори банк кредитларига нисбатан аҳоли учун анча қимматга тушади.
Мазкур ҳолатнинг истеъмолчилар учун ҳақиқий харажатларини баҳолаш мақсадида Марказий банк ўтган йили насия савдо ва банк кредитлари шартларини қиёсий таҳлил қилган эди.

Унда насия савдо орқали харид қилинган маҳсулотлар банк кредитларига нисбатан бир неча баробар қимматроқ экани кўрсатилган.
Таҳлил натижаларига кўра, айрим насия маҳсулотларининг реал қиймати йиллик ҳисобда 74 фоизлик кредит ставкасига тенг келади. Банкларда эса микроқарз ўша пайтда 40,3 фоиздан, микрокредит 24,7 фоиздан ажратилаётган эди.
Ҳозирда микроқарзларнинг ўртача фоиз ставкаси 29 фоиз атрофида бўлиб, сезиларли пасайиш қайд этилган.
Насия бозори назорат йўлида
Бўлиб тўлаш хизматларидаги юқори устамалар ва истеъмолчилар учун юзага келаётган қўшимча харажатлар Марказий банкни ушбу бозорни тартибга солиш масаласини кўриб чиқишга ундади.
Биз насия бозори бизнесига қарши эмасмиз, лекин давлат томонидан тартибга солишни режалаштиряпмиз, — деган эди 2025 йил ёзида Марказий банк раиси Тимур Ишметов.
Кейинчалик, регулятор насия бозори иштирокчиларини назорат қилиш мақсадида Ахлоқ кодексини тақдим қилди.
Кодексга қўшилган компанияларга махсус “Ишонч белгиси” берилади. Бунинг эвазига улар фаолияти бўйича бир қатор очиқлик талабларига риоя қилиши керак бўлади.

Жумладан, ташкилотлар ўз сайтларида хизматлар шартлари, тўлов тартиби, шикоятларни кўриб чиқиш механизми ва махфийлик сиёсати ҳақидаги маълумотларни очиқ эълон қилиши лозим.
Шунингдек, мижозларга шартнома тузилишидан олдин маҳсулотнинг якуний нархи, устама ва комиссиялар, тўлов жадвали ҳамда жарималар ҳақида тўлиқ ахборот берилиши талаб этилади.
Кодекс реклама масаласига ҳам эътибор қаратади. Хусусан, “0 фоиз” ёки “бепул” каби истеъмолчини чалғитувчи иборалардан фойдаланиш чекланади.
Бундан ташқари, янги мижозлар учун дастлабки насия лимити 2 млн сўм этиб белгиланиб, лимитни оширишда мижознинг қарз юкламаси даражаси ҳисобга олиниши назарда тутилган.
Ахлоқ кодекси 2025-йил 1-ноябрдан бошлаб ишга тушиши таклиф қилинган эди. Бироқ, бу расман эълон қилинмади.
Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, насия бозорини ҳукумат аввал Ахлоқ кодекси орқали юмшоқроқ кўринишда тартибга солишга ҳаракат қилади. Кейинчалик эса қонун ишлаб чиқилади ва аниқ талаб-мажбуриятлар белгиланади.
Теглар






