Ўзбекистонда валютага бўлган талаб 25 миллиард доллардан ошди
Йил бошидан бери валюта бозорида талаб ва таклиф ошиб, доллар курси эса деярли ўзгаришсиз қолди.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ–май ойларида Ўзбекистон ички валюта бозорида чет эл валютасига бўлган жами талаб 25,7 миллиард долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20,1 фоизга юқори.
Ҳисоботда қайд этилишича, мазкур даврда юридик шахслар томонидан 20,2 миллиард долларлик, жисмоний шахслар томонидан эса 5,5 миллиард долларлик валюта харид қилинган.
Таклиф ҳам ошди
Шу билан бирга, валюта таклифи ҳам сезиларли ошган.
Марказий банк маълумотларига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг чет эл валютаси бўйича жами таклифи 22,3 миллиард долларга етган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 5 миллиард доллар ёки 28,6 фоизга кўпдир.
Январ–май ойларида аҳоли тижорат банкларига 10,2 миллиард доллар сотган. Юридик шахслар томонидан сотилган валюта ҳажми эса 12,1 миллиард долларни ташкил этган.
Курс барқарор қолди
Ҳисобот давомида миллий валюта курси 11 938 сўмдан 12 320 сўмгача бўлган диапазонда ҳаракат қилди. Марказий банк маълумотларига кўра, йил бошига нисбатан доллар курси деярли ўзгаришсиз қолган.
Шунингдек, валюта курси тебранувчанлиги ўртача 30 сўм ёки 0,25 фоизни ташкил этган. Солиштириш учун, 2025 йилнинг январ–май ойларида бу кўрсаткич 17,3 сўм ёки 0,13 фоиз бўлган.





