Logo

Ўзбекистондаги ОАВларнинг 67 фоизи хусусий капитал ҳиссасига тўғри келиши айтилди

Кеча 17:052 дақиқа

Мамлакатда интернет қамрови 94 фоизга етган. 2017 йилда фаол контент истеъмолчилари сони 14,7 млн кишини ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 32,7 млн кишидан ошган.

Ўзбекистондаги ОАВларнинг 67 фоизи хусусий капитал ҳиссасига тўғри келиши айтилди © Rasmiy axborot

Тошкентда ўтказилаётган III Ўзбекистон – Россия медиафорумида президент матбуот котиби Шерзод Асадов Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари фаолияти, интернет қамрови ва ахборот хавфсизлиги масалалари ҳақида маълумот берди.

Унинг айтишича, ҳозирда мамлакатда 2,7 мингтага яқин оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда. Уларнинг 67 фоизи хусусий капитал ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, мамлакатда интернет қамрови 94 фоизга етган. 2017 йилда фаол контент истеъмолчилари сони 14,7 миллион кишини ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 32,7 миллиондан ошган.

Президент матбуот котибининг сўзларига кўра, жорий йилда нашриёт тармоғида ишлаб чиқариш ҳажми икки баробар ошган. Шу даврда 15 минг номдаги китоб умумий адади 60 миллион нусхадан ошган ҳолда чоп этилган.

Бундан ташқари, йил давомида Контент маркази томонидан тайёрланган 26 мингдан ортиқ медиамаҳсулот қарийб 2 миллиард марта томоша қилинган. Шунингдек, Марказий Осиёда илк бор Миллий медиабанк ишга туширилиб, Ўзбекистон ҳақидаги ўн минглаб фото ва видеоматериаллар очиқ фойдаланиш учун тақдим этилган.

Шерзод Асадов сунъий интеллект ривожланиб, фейк ва дипфейклар ҳажми йил сайин икки баробарга ортиб бораётган бир вақтда ахборот манипуляциясига қарши туриш нафақат таҳририятлар, балки миллий хавфсизлик даражасидаги масалага айланганини алоҳида кўрсатиб ўтди.

«Ҳеч бир миллий медиа тизими бундай чақириққа қарши ёлғиз ўзи кураша олмайди. Шу нуқтаи назардан, тарқатилаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги ва уни жамоатчилик фикрини бошқариш йўлида суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик учун медианинг масъулияти беқиёсдир. Турли дезинформация ва ахборот ҳужумлари давлатларимиз ва халқларимиз ўртасида тушунмовчилик ҳамда ихтилоф пайдо бўлишига сабаб бўлмаслиги керак.

Сўз ихтилоф эмас, балки ўзаро англашув манбаи бўлиши лозим. Замонавий медианинг бирлаштирувчи миссияси айнан шунда — жамиятларимиз бир-бирини яхшироқ тушунишига ва дўстона ришталарни мустаҳкамлашга хизмат қилишдир», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбек журналистикасига нима етишмаётганига тўхталган эдик.

Теглар

Мавзуга оид