Ўзбекистонлик тадбиркор Мўминжон Йўлдошевга халқаро қидирув эълон қилинди
2023-йилда у хусусий «Madad Invest Bank» акцияларига эгалик қилган, бироқ ҳозирда унинг номи банк акциядорлари рўйхатида кўрсатилмаган.
© Ijtimoiy tarmoqlarТадбиркор Мўминжон Йўлдошев Ўзбекистон сўровига кўра халқаро қидирувга берилди. Унинг Interpol сайтида «қизил хабарнома» (red notice) карточкаси эълон қилинган.
«Interpol’нинг қизил хабарномаси» (red notice) — шахсни халқаро қидириш ва ҳибсга олиш бўйича халқаро сўровдир. Бунда давлат бошқа мамлакатлардан ушбу шахсни топиш ва вақтинча ҳибсга олишни сўрайди. Шундан сўнг уни экстрадиция қилиш (топшириш) масаласи ҳал этилади.

Ташкилот маълумотларига кўра, Мўминжон Йўлдошев 1976-йил 18-февралда Фарғона вилоятида туғилган. Бўйи — 175 сантиметр, вазни — 95 килограмм. У ўзбек ва рус тилларини билади.
Қидирувга бериш учун Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) асос сифатида кўрсатилган. Мазкур жиноят учун БҲМнинг 300 дан 360 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Апрел ойида Гомел вилояти ижроия қўмитаси раиси Иван Крупко Фарғона вилоятидан бўлган бизнесмен сифатида таништирилган Мўминжон Йўлдошев билан музокаралар ўтказган. Июл ойида Беларуснинг «Беллегпром» концерни раиси Надежда Лазаревич Фарғона вилояти делегацияси билан учрашган. Делегация таркибида Мўминжон Йўлдошев INKAS компаниясининг ҳамкор-инвестори сифатида таништирилган.
2023-йилда у хусусий «Madad Invest Bank» акцияларига эгалик қилган, бироқ ҳозирда унинг номи банк акциядорлари рўйхатида кўрсатилмаган.
2019-йилда Жаҳон банки Сирдарё вилоятидаги сув таъминоти лойиҳаси бўйича ўтказилган текширувдан сўнг Мўминжон Йўлдошев ва у билан боғлиқ компанияларга нисбатан санкциялар жорий қилган. Банк материалларида Йўлдошев тендерда рақобатлашган иштирокчи вакилига босим ўтказгани ва давлат хизматчилари билан тил бириктиргани қайд этилган.
Йўлдошев, унинг «Қувасой Таъмир Қурилиш» компанияси (кейинчалик «Строй Монтаж Инвест» деб номланган) ва у билан боғлиқ тузилмалар бир неча йил давомида Жаҳон банки лойиҳаларида иштирок этишдан четлаштирилган. Ушбу қарор қатор халқаро молия институтлари томонидан ўзаро санкциялар қўлланилишига ҳам асос бўлган.
2022-йилда эълон қилинган «UzInvestigations» ҳисоботида Йўлдошев «Madad Invest Bank»нинг йирик акциядори ва кузатув кенгаши раиси сифатида ҳам тилга олинган. Бироқ ҳозирда унинг номи банк акциядорлари рўйхатида кўрсатилмаган. Шунингдек, у қурилиш, тўқимачилик ва пойабзал саноатидаги «Baxodir Log’on Tekstil», «Vodiy Shoes» ва «Royal Dizayn Loyiha» каби корхоналар билан боғлиқ шахс сифатида қайд этилган.





