
Ўзбекистоннинг Шанҳай ҳамкорлик ташкилотидаги ташаббуслари ва уларнинг аҳамияти
01.09.2025 | 12:00345514
2025 йил 31 август - 1 сентябрь кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойнинг Тианжин шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этмоқда.

Саммит ва у билан боғлиқ тадбирларда 20 дан ортиқ мамлакат етакчилари ва 10 та халқаро ташкилот раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон ШҲТни жаҳон жараёнларида муҳим роль ўйнайдиган нуфузли халқаро ташкилот деб билади. Мамлакатимизнинг ШҲТ фаолиятидаги иштироки Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига тўла мос келади, хавфсизлик, иқтисодий ўсиш ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон ШҲТ асосчилари қаторида бўлиб, унинг фаолиятида муҳим ўрин эгаллайди. Мамлакатимиз Президенти томонидан хавфсизлик, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-ҳуманитар ҳамкорлик, рақамлаштириш каби йўналишларда долзарб ташаббуслар илгари сурилди.
Ўзбекистоннинг ШҲТдаги фаол иштироки туфайли бир қатор зарур механизмлар яратилди, шунингдек, ташкилот фаолияти такомиллаштирилди. 2022 йил Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммити ташкилотчиликни ривожлантиришнинг навбатдаги босқичи бўлди.
Ўзбекистон, ШҲТ доирасида фаол ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаб, прагматизм, миллий ўзига хос хусусиятларга ҳурмат ва барқарор тараққиётга интилиш асосида минтақавий ҳамкорликнинг янги стандартини қўллаб-қувватламоқда. Бошқача айтганда, Ўзбекистоннинг ташкилот фаолиятидаги иштироки – тасодифий танлов эмас, бу – стратегик жиҳатдан пухта ўйланган, мамлакатнинг хавфсизлигини, иқтисодий ўсиши ва барқарор тараққиётини таъминлайдиган қарордир.
Бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатларнинг умумий ҳудуди 34 миллион квадрат километрдан ортиқни, яъни Евроосиёнинг 60 фоизидан кўпроғини ташкил этади. Умумий аҳоли сони и миллиард кишидан ортиқ бўлиб, бу сайёрамиз аҳолисининг тахминан 42 фоизига тенг. ШҲТ мамлакатлари иқтисодиёти эса жаҳон иқтисодиётининг 29 фоизидан кўпроғини ўз ичига олади.
ШҲТнинг асосий мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат:
- аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш;
 - минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш;
 - янги демократик, адолатли ва оқилона сиёсий ҳамда иқтисодий халқаро тартибни шакллантиришга кўмаклашиш;
 - терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши биргаликда курашиш; наркотик моддалар ва қурол-яроғнинг ноқонуний айланишига ҳамда трансмиллий жиноятчилик турларига қарши кураш олиб бориш.
 





