Ўзбекхон ҳукмронлик қилган империя: Олимлар Олтин Ўрдани ривожланган цивилизация сифатида тан олишга чақирмоқда

Бугун 18:552 дақиқа

Қозоғистонда Олтин Ўрда тарихи бўйича қабул қилинган янги резолюция ўрта асрлар империяси ҳақидаги анъанавий қарашларни қайта кўриб чиқишга ундамоқда.

Ўзбекхон ҳукмронлик қилган империя: Олимлар Олтин Ўрдани ривожланган цивилизация сифатида тан олишга чақирмоқда

Остона шаҳрида Европа ва Осиёнинг 20 та давлатидан жам бўлган ўрта асрлар тарихини ўрганувчи олимлар Олтин Ўрда тарихига оид резолюцияни бир овоздан қабул қилди.

Мазкур ҳужжат 19–20 май кунлари ўтказилган «Олтин Ўрда дашт цивилизацияси намунаси сифатида: тарих, археология, маданият, миллий ўзлик» мавзусидаги халқаро симпозиум якунлари бўйича тасдиқланди.

Олимлар Олтин Ўрдани ривожланган цивилизация сифатида тан олишга чақирди

Резолюция муаллифлари Олтин Ўрда ва Буюк дашт цивилизацияси меросини тизимли равишда ўрганиш ҳамда асраб-авайлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлаган. Ҳужжатда қайд этилишича, Олтин Ўрда этник ва диний хилма-хилликка асосланган кўп миллатли жамият намунаси бўлган. Шунингдек, у Марказий Евросиёда дипломатия, савдо-сотиқ, қонунчилик, санъат ва ҳунармандчиликнинг ривожланишига улкан ҳисса қўшган.

Олимлар эскирган қарашлардан воз кечишга ва Олтин Ўрдани кучли давлат институтлари ҳамда бой маданиятга эга бўлган ривожланган цивилизация сифатида эътироф этишга чақирди.

ЮНЕСКОга меросни муҳофаза қилиш чақириғи йўлланди

Шунингдек, резолюцияда Буюк даштнинг археологик ёдгорликлари, мусиқаси, достонлари ва фолклорини асраб-авайлаш зарурлиги айтилиб, халқаро ташкилотлар ҳамда ЮНЕСКОга мазкур йўналишдаги қўшма илмий ва гуманитар лойиҳаларни фаоллаштириш таклиф қилинди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Қозоғистон Миллий банки Олтин Ўрда тарихий меросига бағишланган янги коллекцион тангалар муомалага чиқарилишини эълон қилган эди.

Олтин Ўрда ва Ислом дини

Маълумот учун: Олтин Ўрда ўрта асрларнинг энг йирик давлатларидан бири сифатида туркий, кавказ ва славян каби кўплаб халқлар яшаган Евросиёнинг бепаён ҳудудларини эгаллаган эди. Давлат ўз даври учун ҳайратланарли даражадаги диний бағрикенглик билан ажралиб турар, унинг аҳолиси турли динларга эътиқод қилар эди. XIV аср бошларида, Ўзбекхон ҳукмронлиги даврида, Ислом дини Олтин Ўрданинг давлат дини деб эълон қилинди. Бу қадам жамиятни жипслаштириш ва давлатнинг кейинги тараққиётида ҳал қилувчи ўрин тутган.

Теглар

Мавзуга оид