Порахўрлик жинояти билан қамалганлар муддатидан олдин озод қилинмайди
Сенат коррупцияга қарши жавобгарликни кучайтирувчи қонунни маъқуллади. Энди пора билан боғлиқ жиноятлар учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан муддатидан илгари шартли озод қилиш қўлланилмайди.
© istock13 июнь куни Сенат ялпи мажлисида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган қонун маъқулланди.
Ҳужжатга мувофиқ, Жиноят кодексига «коррупцияга оид жиноятлар» атамаси киритилиб, мазкур тоифага кирувчи жиноятларнинг аниқ рўйхати белгиланади. Қонун ташаббускорларига кўра, бу амалиётдаги турлича талқинлар ва терминологик чалкашликларни бартараф этишга хизмат қилади.
Шунингдек, пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятлари учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш тартибини қўллаш тақиқланмоқда.
Фирибгарлик ва хусусий сектордаги пора учун жазо кучайтирилади
Қонун билан хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган фирибгарлик учун жавобгарлик ҳам кучайтирилмоқда. Хусусан, Жиноят кодексининг 168-моддаси бўйича мазкур қилмиш оғирроқ тоифага ўтказилиб, максимал жазо муддати 8 йилдан 10 йилгача оширилмоқда.
Бундан ташқари, нодавлат ёки хусусий ташкилот ходимини пора эвазига оғдириб олиш билан боғлиқ жиноятлар учун ҳам қатъийроқ жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.
Қонунга кўра, бир қатор жиноятларнинг «ғаразгўйлик ниятларида» содир этилиши жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади.
Давлат харидлари соҳасида ҳам санкциялар кучайтирилди
Ҳужжат доирасида «Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида»ги қонунга ҳам ўзгартиш киритилди. Унга мувофиқ, Ҳисоб палатасининг коррупцияга қарши ички назорат тизими жорий этилиши устидан назорат қилиш ваколати бекор қилинди.
Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишлар давлат харидлари ва бюджет тизимидаги қонунбузилишлар учун санкцияларни кучайтиришни назарда тутади.





