Logo

Пойтахтда парк ва яшил ҳудудларнинг сотуви оммалашмоқда: «Наврўз» боғи ҳам сотувга чиқарилди

Аукциондаги сумманинг ўзи ҳудуднинг қанчалик қиммат эканини кўрсатади. Оддий ҳисобда, бир гектар учун ўртача 206 млрд сўмдан ортиқ бошланғич нарх келиб чиқади. Объектлардаги бинолар, уларнинг ҳолати, инфратузилма, ердан фойдаланиш ҳуқуқи ва бошқа шартлар якуний қийматга таъсир қилиши мумкин. Урбанизация миллий қўмитаси нима деяпти?

Пойтахтда парк ва яшил ҳудудларнинг сотуви оммалашмоқда: «Наврўз» боғи ҳам сотувга чиқарилди © Ijtimoiy tarmoqlar

Тошкент марказида марказида жойлашган «Наврўз» маданият ва истироҳат боғига тегишли икки кўчмас мулк объекти ер майдони билан бирга электрон савдога чиқарилди. Уларнинг умумий бошланғич нархи қарийб 660 миллиард сўм.

Рисунок1

Рисунок2


Ҳар иккаласи Яшнобод туманининг Матонат маҳалласи Шароф Рашидов кўчасида жойлашган. Савдога қўйилган биринчи лот қарийб 2 гектар майдонда жойлашган нотурар объектдан иборат бўлиб, унинг бошланғич нархи 436 млрд 339 млн 315 минг сўм этиб белгиланган. У ерда бинолар ва иншоотларнинг эгаллаган умумий майдони 38 квадрат метр.

Рисунок3


Иккинчи лотнинг майдони 1,2 гектарга яқин, бошланғич баҳоси эса 223 млрд 890 млн 795 минг сўм. Бу объектдаги бинолар ва иншоотларнинг эгаллаган умумий майдони 38 квадрат метр.

Рисунок4


Сотилаётган жойларнинг аукциондаги биринчи қадам баҳоси бошланғич нархнинг 1 фоизига тенг.

Бу рақамларнинг ўзи ҳудуднинг қанчалик қиммат эканини кўрсатади. Оддий ҳисобда, бир гектар учун ўртача 206 миллиард сўмдан ортиқ бошланғич нарх келиб чиқади. Объектлардаги бинолар, уларнинг ҳолати, инфратузилма, ердан фойдаланиш ҳуқуқи ва бошқа шартлар якуний қийматга таъсир қилиши мумкин.

Айтиш лозимки, «Наврўз» боғи оддий нотурар ҳудуд сифатида пайдо бўлмаган. Боғни барпо этиш лойиҳаси 2017-йилда давлат даражасида тасдиқланган. Ўша қарорда уни ташкил этиш учун «Наврўз боғи» МЧЖ тузилиши, лойиҳани молиялаштиришда «Ўзбекистон темир йўллари» ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки иштирок этиши белгиланган. Ҳатто боғ ишга туширилганидан кейин ушбу компаниядаги улушларни бошқа инвесторларга бозор қийматида сотиш имконияти ҳам назарда тутилган.

2026-йил 28-августда қабул қилинган ПФ-177-сон фармон билан давлат активларини оммавий савдоларга чиқариш бўйича янги дастур тасдиқланган. Президентнинг «Маданият ва санъат соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда хусусий сектор иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-150-сонли қарорда маданият объектлари бўйича давлат-хусусий шерикликка талабгорлардан таклиф тушмаса, объектларни бир ой муддатда электрон онлайн аукционга чиқариш имконияти ҳам белгиланган.

Ҳозирча очиқ расмий ҳужжатларда айнан ушбу икки лот бўйича келгусидаги фойдаланиш сценарийси ва инвестор зиммасига юкланадиган барча мажбуриятлар кўринмайди. 660 миллиард сўмлик активнинг савдо шартлари, ер ҳуқуқининг тури, объектларнинг кадастр маълумотлари ва харидорга қўйиладиган инвестиция мажбуриятларини ҳам очиқланмаган. Чунки «Наврўз» боғи 2017-йилда шунчаки кўчмас мулк сифатида эмас, пойтахтнинг маданий ва сайёҳлик салоҳиятини оширишга қаратилган давлат лойиҳаси сифатида ташкил этилган эди. Энди унинг кўчмас мулкларини ер майдони билан бирга сотиш жараёнида жамоат манфаати қандай ҳимоя қилиниши масаласи ҳам савдонинг ўзи каби очиқ ва шаффоф бўлиши керак.

2025-йилнинг 9−10-феврал кунлари ижтимоий тармоқларда боғда қурилиш режалаштирилаётгани ҳақида маълумот пайдо бўлганди. «Golden House» қурилиш компаниясининг маҳсулот бўйича директори Вадим Павловнинг тақдимотида «Anhor Lokomotiv» боғи ҳудудида бизнес ва премиум тоифадаги кўп қаватли тураржой бинолари, бизнес маркази ва савдо маркази, бассейнли спорт мажмуаси, конференция маркази, апарт-меҳмонхона, сайр қилиш жойлари, сув бўйида ресторанлар ва бошқа объектлар қурилиши режалаштирилгани айтилганди.

Рисунок5


Шунингдек, сунъий сув ҳавзаси ва болалар пляжи барпо этиш кўзда тутилганди. Аттракционлар олиб ташланиши кутилаётгани, бироқ қўшни «Наврўз» этнопарки ҳудуди ва чархпалак бузилмаслиги айтилганди. Макетга кўра, савдо мажмуаси, картинг-клуб, қояга чиқиш зонаси ҳам бузилиши маълум қилинганди.

«Anhor Park» қачон очилган?

Парк қурилиши 2015-йилда Тошкент механика заводининг собиқ «А» ҳудуди ўрнида бошланган. Бош лойиҳачи «Тоштемирйўллойиҳа», ҳудуд эгаси эса «Ўзбекистон темир йўллари» эди. Боғ Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги Лабзак ва Зулфияхоним кўчалари оралиғидаги Анҳор канали бўйлаб 8 гектар майдонни эгаллаган. У 2016-йилнинг августида расман очилган. Боғ ҳудудида болалар ва катталар учун аттракционлар, ўйин майдончалари, 320 ўринли ёзги театр, мусиқа ва ёруғлик жўрлигидаги фавворалар ҳамда кафе ва ресторанлар очилган.

Шунингдек, бу ерда картинг, болалар майдончалари, ресторанлар ва кинотеатрга эга уч қаватли савдо-кўнгилочар мажмуа жойлашган. Йўл бўйида дўконлар ва фудкортга эга савдо маркази қурилган. Унда 2020-йилда «Makro» супермаркетлар тармоғининг филиали очилган.

Рисунок6

2022-йилнинг феврал ойида 8,35 гектар майдонни эгаллаган боғ ҳудуди 376,5 млрд сўм бошланғич нарх билан аукционга чиқарилдибу «E-auksion» тарихидаги энг қиммат лот эди. Аввалги рекорд 2021-йил январида 242,8 миллиард сўмга сотилган собиқ «Тошкент савдо маркази» биносига тегишли эди. Бироқ 376,5 млрд сўмлик савдо натижалари эълон қилинмаган.

Рисунок7

Ҳозирда боғнинг ягона таъсисчиси ва эгаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳисобланади. Паркнинг устав фонди — 205,3 млрд сўм.

Рисунок8

Рисунок9


«Anhor Park»
савдо маркази лойиҳасини ишлаб чиқишда илгари «Golden House Property Group» (ҳозирда — «Unique Trade Business») га 100% тегишли бўлган «The Tower FMG» компанияси иштирок этган. Айни пайтда савдо маркази биноси ҳам «The Tower FMG» томонидан бошқарилади.

Тўртта бинодан иборат лойиҳа кенгайтирилдими?

Урбанист Искандар Солиевнинг ёзишича, дастлаб лойиҳада 4 та бино қурилиши ва ободонлаштириш ишлари кўзда тутилган бўлган. Буюртмачи «Park Retail» компанияси бўлиб, унинг таъсисчилари Қурилиш универсал компакт сервис (99 фоиз) ва Шоҳрух Толипов (1 фоиз) ҳисобланади. Илгари «Park Retail» таъсисчилари орасида «Anhor Sayli» (боғга эгалик қилувчи) ҳам 10 фоиз улуш билан бор эди. Ушбу компания илгари «Golden House» билан боғлиқ бўлган «Unique Trade Business» МЧЖдан участкани сотиб олган (ОАВ маълумотларига кўра, дастлаб у лойиҳа билан шуғулланган).

Рисунок10

Фаоллар парк бузилишига қарши чиққанди

Экофаоллар «Anhor» боғининг қурилишига қарши чиқиб, жиддий экологик ва шаҳарсозлик хавфларини таъкидлаганди. Улар парк собиқ Тошкент механика заводи ҳудудида ташкил этилгани, у ерда ҳанузгача саноат объектлари қолдиқлари, жумладан, бомбапаноҳ ва ёқилғи моддалари омбори сақланиб қолганини эслатиб ўтди. Уларнинг фикрича, боғни бузиш ва кейинчалик қурилишни амалга ошириш хавфни юзага келтириб чиқариши мумкин.

Бундан ташқари, фаоллар боғ шаҳар экотизимида муҳим роль ўйнашини таъкидлаган. Фаоллар аввалроқ бу жойда «Golden House» қурилиши режалаштирилгани, бироқ геологик экспертиза ўтказилгандан сўнг, суд ҳудудни дарёга яқинлиги сабабли яроқсиз деб топганини эслатганди.

Фаоллар шаҳарга янги баланд бинолар эмас, яшил ҳудудлар кераклигини урғулаганди. Шу билан бирга, улар боғда 2016-йилдан бери экилган ўн минглаб дарахтлар паркни дам олиш учун қулай жойга айлантиргани ва энди барча кўкаламзорлаштириш ишлари йўққа чиқиши мумкинлигини қайд этганди. Фаоллар ҳокимият ва қурувчилар томонидан боғнинг келажаги масаласида очиқлик, лойиҳанинг жамоатчилик муҳокамаси, вазиятга изоҳ бермаган Ўзбекистон Экологик партиясидан тушунтиришлар беришни талаб қилганди.

Рисунок11

«Нима учун Тошкентда аввал яшил ҳудудлар яратилади, унга куч ва маблағ сарфланади, бир неча йилдан кейин эса қурилиш мақсадида йўқ қилинади? Қани соғлом фикр?», — дея ёзганди ижтимоий тармоқ фаоллари.

Шунингдек, аҳоли қурилишга қарши имзо йиғишни бошлаганди. Петицияни 1 мингдан ортиқ киши қўллаб-қувватлаганди.

Урбанизация миллий қўмитаси нима деяпти?

Урбанизация ва уй-жой бозори миллий қўмитаси Тошкент шаҳридаги айрим яшил ҳудудлар ўрнида автотураргоҳ қурилиши, жамоат парки режалаштирилган ҳудудлар аукцион савдоларига чиқарилгани билан боғлиқ хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Қўмита шаҳар марказидаги мавжуд яшил ҳудудлар қисқариши, аҳоли сайр қилиши ва дам олиши учун қулай жамоат жойлари ўрнида конструктив қурилишлар бўлиши мутлақо мақсадга мувофиқ эмаслигини қайд этган.

«Автотураргоҳлар ташкил этишда кўкаламзор майдонлар қисқаришига ҳамда пиёдалар учун яратилган шароитлар ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги керак», — дейилади баёнотда.

Шунингдек, «Наврўз» боғига тегишли кўчмас мулк объектларидан бирининг ер майдонида ҳукумат қарорига мувофиқ жамоат парки барпо этилишини таъминлаш зарурлиги таъкидланган.

Миллий қўмита Тошкент шаҳридаги мавжуд яшил ҳудудлар қисқаришининг олдини олиш, жамоат парки учун белгиланган ҳудудни сақлаб қолиш, ундан фақат белгиланган мақсадларда фойдаланиш ва аҳоли манфаатларини таъминлаш шарт, деб ҳисоблашини билдирган.

Теглар

Асадбек Комилов

Асадбек КомиловМақолалар сони: 273

Барчаси

Мавзуга оид

Пойтахтда парк ва яшил ҳудудларнинг сотуви оммалашмоқда: «Наврўз» боғи ҳам сотувга чиқарилди | Vaqt.uz