
Пойтахтда йирик иссиқлик таъминоти маркази ишга туширилди
Янги иншоот қиш мавсумида Тошкентнинг бир нечта туманларини барқарор иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлайди.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Юнусобод туманида барпо этилган йирик қувватли когенератсия станцияси фаолияти билан танишди. Ушбу иншоот пойтахт аҳолиси ва иқтисодиёт объектларини қиш мавсумида иссиқлик ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Пойтахтда энергия таъминоти барқарорлигини ошириш мақсадида бир вақтнинг ўзида электр ва иссиқлик ишлаб чиқарадиган замонавий когенератсия қурилмалари босқичма-босқич ишга туширилмоқда. Юнусобод туманидаги 4-иссиқлик маркази ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилган, қуввати 100 МW бўлган мазкур лойиҳа ана шу йўналишдаги энг йирик ташаббуслардан бири ҳисобланади.
Лойиҳа Хитойнинг CNTIC компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилиб, 3,5 гектар майдонда жойлашган. Уни молиялаштириш учун 65 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция йўналтирилган. Президент станциянинг технологик жараёнлари ва ишлаш тизими билан бевосита танишди.
Когенератсия иншоотига Буюк Британиянинг Rolls-Ройcе компанияси ишлаб чиқарган 70 та замонавий газ-поршень ускуналари ўрнатилган. Шу билан бирга, қозонхоналардан истеъмолчиларгача бўлган иссиқлик таъминоти инфратузилмаси тўлиқ реконструкция қилиниб, иссиқлик магистраллари янгиланди ва изоляцияли қувурларга алмаштирилди. Бу энергия йўқотишларини кескин камайтириш имконини беради.
Марказ ишга туширилиши натижасида йилига 876 миллион киловатт-соат электр энергияси ва 858 минг гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Шунингдек, йилига 35 миллион куб метр табиий газ тежалиши кутилмоқда. Натижада иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш харажатлари 40–45 фоизга камаяди, атмосферага чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар ҳажми қисқаради ва оқова сув ташланмалари юзага келмайди.
Янги станция орқали Юнусобод, Олмазор, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек ва Яккасарой туманларида жойлашган жами 1 минг 846 та объект доимий иссиқлик билан таъминланади. Уларнинг 1 минг 400 таси аҳоли хонадонлари бўлиб, қолган қисми ижтимоий соҳа объектларига тўғри келади. Шу билан бирга, 292 минг хонадонга электр энергияси барқарор етказиб берилади.
Шу ернинг ўзида президент куз-қиш мавсумига тайёргарлик, иссиқлик марказларини ривожлантириш, Тошкент иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш ҳамда пойтахтда ободонлаштириш ишларини такомиллаштириш бўйича тақдимотлар билан танишди.
«Шаҳар шароитида бошқарув сервис компаниялари фаолияти аҳоли ҳаёти билан узвий боғлиқ. Шу боис улар соат механизмидай аниқ, узлуксиз ишлаши керак. Бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Эндиликда соҳа ходимларининг дунёқараши ва ёндашуви ҳам ўзгариши лозим. Аҳолининг ҳолидан хабар олиш, кўп қаватли уйларнинг ертўла ва том қисмларини, йўлаклар ва ўйин майдончаларини тартибли сақлаш зарур», — деди Президент.
Пойтахтда мавжуд 11 минг 630 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатаётган 358 та бошқарув сервис компаниясининг мавсумга тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат раҳбари масъулларга қиш мавсумида тизимли ва мувофиқлашган иш олиб бориш бўйича топшириқлар берди.





