Президент 9 та давлат элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди
Шавкат Мирзиёев Италия, Фаластин, Саудия Арабистони, Кувайт, Жазоир, Малайзия, Покистон, Озарбайжон ва Қозоғистоннинг янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.
© Foto: president.uzШавкат Мирзиёев 9 та давлат элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 28-июл куни хорижий давлатларнинг мамлакатимизга янги тайинланган элчилари томонидан ишонч ёрлиқларини топширишга бағишланган тантанали маросим ўтказилди.
Президент Шавкат Мирзиёев фавқулодда ва мухтор элчилар – Италия Республикасидан Гуидо де Санктис, Фаластин Давлатидан Ваилл Баттрехи, Саудия Арабистони Подшоҳлигидан Саад Абу Хаймид, Кувайт Давлатидан Турки Ал-Мекрад, Жазоир Халқ Демократик Республикасидан Жамила Ашур, Малайзиядан Рафеда бинти Абдул Азиз, Покистон Ислом Республикасидан Муҳаммад Мудассир Типу, Озарбайжон Республикасидан Рашад Мамедов ва Қозоғистон Республикасидан Ерали Тугжановларнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.
Давлат раҳбари дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини Янги Ўзбекистондаги шарафли миссияси бошлангани билан чин қалбдан самимий табриклади.
Дунёда турли геосиёсий зиддиятлар тобора авж олаётган ҳозирги мураккаб даврда дипломатларнинг масъулиятли фаолияти ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди.
Президентимиз ҳар бир элчига мурожаат қилиб, улар вакиллик қилаётган давлатлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Италия катта сиёсий ва иқтисодий салоҳиятга эга муҳим шерик экани таъкидланиб, “яшил” энергетика, металлургия, кимё, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, таълим ва туризм соҳаларидаги лойиҳалар амалга оширилаётгани, Тошкент шаҳрида Турин политехника ва Пиза университетлари филиаллари самарали фаолият юритаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон етакчиси Ломбардия ва Тоскана ҳудудлари билан ҳамкорлик алоқалари, хусусан, тиббиёт ходимларини тайёрлаш бўйича қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Фаластин билан муносабатлар азалий дўстлик руҳида ривожланмоқда. Ўзбекистон Исроил-Фаластин муаммосини “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори бўлиб келмоқда.
Мамлакатимизнинг Тинчлик кенгашига таъсисчи давлат сифатида кириши Ғазони қайта тиклашга кўмаклашишга қаратилгани қайд этилди.
Саудия Арабистони билан ҳамкорлик бошқалар учун намуна бўлмоқда. Давлатимиз раҳбари 25 миллиард долларлик лойиҳалар портфели шакллангани, Саудия тараққиёт жамғармаси ислоҳотларимизга фаол кўмак кўрсатаётганини алоҳида эътироф қилди.
Қолаверса, тиббиёт, фармацевтика ва “яшил” энергетика соҳаларида катта салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Шунингдек, фуқароларимизга Ҳаж ва Умра зиёратлари учун яратилаётган шароитлар юқори баҳоланди.
Кувайт билан савдо-иқтисодиёт, инвестиция, инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида алоқаларни янги босқичга кўтариш, Кувайт инвестиция агентлиги билан нефть-кимё тармоғида ва давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар борлиги таъкидланди.
Олий даражада эришилган келишувларнинг тўлиқ ижро этилиши халқларимиз манфаатларига бирдек хизмат қилиши билдирилди.
Жазоир билан сўнгги йилларда юқори даражадаги мулоқотларимиз фаоллашгани эътироф қилинди.
Шунингдек, нефть-газ, энергетика, тоғ-конь, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Ҳукуматлараро қўшма комиссияни таъсис этиш ва Имтиёзли савдо битимини имзолаш муҳимлиги қайд этилди.
Малайзия билан муносабатларимиз сўнгги йилларда барча йўналишларда изчил ривожланиб бормоқда. Олий ва юқори даражадаги мулоқотлар фаоллашди. Бозоримизга ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари фаол кириб келмоқда.
Ўзбекистон етакчиси ярим ўтказгичлар, нефть-кимё, ислом молияси ва зиёрат туризми соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳият борлигига урғу берди.
Покистон билан стратегик шериклик муносабатлари ўзаро ҳурмат ва ишонч руҳида ривожланиб, янги сифат босқичига кўтарилди.
Тошкент – Карачи йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши, Трансафғон транспорт йўлаги лойиҳасини амалга ошириш, саноат кооперацияси, энергетика, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика ва туризм соҳаларидаги шерикликни янада чуқурлаштириш устувор вазифа экани таъкидланди.
Озарбайжон билан муносабатлар икки давлат етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилди. Савдо ҳажми 40 фоизга ошиб, қўшма корхоналар сони салкам 450 тага етди, юк ташиш ҳажми эса икки баробарга ўсди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги инвестиция портфелини яқин истиқболда 10 миллиард долларга етказиш бўйича катта марра олингани маълум қилинди.
Бўлажак олий даражадаги учрашувлар икки томонлама ҳамкорликка янги шиддат бериши қайд этилди.
Давлат раҳбари Қозоғистон элчисига мурожаат қилар экан, мамлакатларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ришталари мустаҳкамланиб, ҳозирги вақтда стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари кенгайиб бораётганини таъкидлади.
Ўзаро савдо ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш асосий мақсад экани, 8 миллиард долларлик қўшма инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилгани таъкидланди, “Марказий Осиё” халқаро саноат кооперацияси марказини тўлиқ ишга туширишдан манфаатдорлик билдирилди.
Маросим якунида давлатимиз раҳбари янги тайинланган элчиларга шарафли ва масъулиятли дипломатик фаолиятларига улкан зафарлар тилади. Ўзаро шерикликни мустаҳкамлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиб берилишини таъкидлади. Барча элчиларни хусусий сектор ва ҳудудлар билан фаол ишлашга, жойлардаги бунёдкорлик жараёнлари билан яқиндан танишишга чақирди.
Ўз навбатида, дипломатлар самимий қабул ва яратилган имкониятлар учун чуқур миннатдорлик изҳор этиб, Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни фаол илгари суриш йўлида бор имкониятларини ишга солишларини таъкидлади.





