add

Президент Мираббос Мирзааҳмедов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

«Оталар сўзи – ақлнинг кўзи» кўрсатуви бошловчиси ва режиссёри, марҳум Мираббос Мирзааҳмедов 19 ноябр куни 84 ёшида вафот этди.

Президент Мираббос Мирзааҳмедов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Машҳур режиссёр ва телебошловчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мираббос Абдулҳақович Мирзааҳмедов кеча, 19 ноябр куни 84 ёшида вафот этди. Ўзбекистон президенти марҳум вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

«М.Мирзааҳмедов ўзининг нуроний ва донишманд қиёфаси, кўп йиллик билим ва тажрибаси билан марказий телеканалларимиз орқали 40 йилдан буён намойиш этиб келинаётган “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувига янгича руҳ ва мазмун олиб кирди ҳамда ушбу дастур орқали жамиятимиз ҳаётидаги ижтимоий-маънавий муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратиш, эл-юртимиз, айниқса, ёшлар ўртасида оила ва Ватанга муҳаббат, одоб-ахлоқ, меҳр-оқибат ғояларини тарғиб этишга катта ҳисса қўшди», - дейилади хабарда.

М.Мирзааҳмедов 1941 йил 30 сентябрда Тошкент шаҳрида зиёли оиласида туғилган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент театр ва рассомлик институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)да кино ва театр санъати актёри мутахассислиги бўйича таҳсил олган.

Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон телерадиокомпаниясида режиссёр ёрдамчиси сифатида бошлаган истеъдодли санъаткор 60 йилдан зиёд вақт мобайнида “Ёшлар” таҳририяти режиссёри, бош режиссёри, “Ўзбекистон” телеканалининг олий тоифали режиссёри, “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувининг режиссёри ва бошловчиси каби лавозимларда самарали хизмат қилган. Унинг бевосита раҳбарлигида долзарб мавзу ва жанрларда тайёрланган эшиттириш ва кўрсатувлар, бадиий видеофилмлар миллий руҳи, теран мазмуни, халқчиллиги билан миллионлаб мухлислар қалбидан ўрин олган. Айниқса, марҳум режиссёр томонидан тасвирга олинган “Баҳор қайтмайди”, “Излайман”, “Қалбингга қулоқ сол”, “Баҳс”, “Уч илдиз”, “Дунёнинг ишлари” каби асарлар ўз даврининг ёрқин телефилмлари сифатида ўзбек маданияти хазинасидан муносиб жой эгаллади.

«Бутун умр доимо изланиб, халқимизга сидқидилдан хизмат қилиб келган заҳматкаш ижодкор ўзига хос маҳорат ва тажриба мактабини яратиб, кўплаб ёшларга устозлик қилди», - дейди давлат раҳбари.

Маълумот учун, М.Мирзааҳмедовнинг “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, “Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” орденлари билан мукофотланган.

«Таниқли санъаткор, самимий ва камтарин инсон, ёшларнинг меҳрибон устози Мираббос Мирзааҳмедовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади», - дейилади ҳамдардликда.

Теглар

Мавзуга оид