Logo

Путин АҚШ ва Эронни яраштира оладими?

Бугун 09:006 дақиқа

Россия президенти Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги зиддиятни бартараф этиш учун «қўлидан келган барча ишни қилишга» ваъда берди. Хўш, амалда Москва нима қила олади?

Путин АҚШ ва Эронни яраштира оладими? © AP

Россия яна Яқин Шарқдаги катта сиёсий майдонга қайтмоқчи. Сўнгги кунларда РФ президенти Владимир Путин Теҳрон ва Вашингтон билан музокаралар олиб борди.

Туркманистонда эронлик ҳамкасби Масъуд Пизишкиён билан учрашган Путин америкаликлар билан юзага келган келишмовчиликни ҳал қилишда Москва «қўлидан келган барча ишни қилишини» билдирди.

«Бизнинг позициямиз сизга аён. Ўз томонимиздан ушбу вазиятни ўнглашда сизга кўмаклашиш учун барча имкониятларни ишга солишга тайёрмиз», — деди Россия етакчиси.

Пизишкиён ўз нутқини Россия ва Эрон муносабатларидаги ижобий руҳни эътироф этишдан бошлади, бироқ Путиннинг воситачилик борасидаги таклифига очиқ муносабат билдирмади.

«Ҳозирда биз якуний хулосаларни тайёрлаяпмиз, АҚШ билан ташаббуслар алмашдик ва Америка томонининг таклифини қайта кўриб чиқдик. Барчаси узил-кесил тайёр бўлгач, воситачилар ёрдамида бу ташаббусларни яна бир бор сарҳисоб қиламиз», — деди Эрон раҳбари.

Путин Трамп билан Эрон масаласини муҳокама қилдими?

10 октябрга ўтар кечаси Владимир Путин америкалик ҳамкасби Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилиб, Москва музокараларга кўмаклашишга тайёр эканини яна бир бор эслатди. РФ президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг таъкидлашича, «Путин Эрон масаласида дипломатик йўллар ҳали тугамаганини, томонлар келишиб олиши мумкин ва шарт эканини алоҳида қайд этган».

Унинг сўзларига кўра, Путин Москванинг «боши берк кўчадан чиқиш чораси сифатида юқори бойитилган Эрон уранини Россия ҳудудига олиб чиқиш ҳақидаги» таклифи ҳамон амалда эканини айтган.

«Трамп бу фикрни эътиборсиз қолдирмади ва Москванинг Эрон атрофидаги вазиятни юмшатиш жараёнига қўшилишини олқишлади», — дея қўшимча қилди Ушаков.

1 октябр куни Владимир Путин АҚШ ва Исроил дастлаб Москванинг Эрон уранини Россияга олиб чиқиш ҳақидаги ташаббусига рози бўлганини эслатган эди.

«Бироқ кейинчалик Қўшма Штатлар ўз талабини қатъийлаштирди: уранни олиб чиқиш кераклиги, лекин у фақат АҚШга топширилиши шартлигини билдирди. Бундан кейин Эрон ҳам ўз позициясини кескинлаштирди», — дея тушунтирди Россия президенти.

Трамп ҳозирча Россиянинг Эрон бўйича берган бу таклифига расмий изоҳ бергани йўқ. Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг июл ойида у Владимир Путиннинг воситачи бўлиш ташаббусини очиқчасига рад этганди.

«Владимир, менга яхшилик қилмоқчи бўлсангиз, аввал ўзингизнинг можароингизни ҳал қилиб олинг», — деган эди Оқ уй раҳбари Россиянинг Украинага қарши урушини назарда тутиб. Ўшанда Трамп Путиннинг Эрон можаросига кейинроқ қўшилиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилган эди.

Москва ва Теҳронни нима боғлаб туради?

Икки давлат ҳамкорлигининг асосий йўналиши — ҳарбий соҳадир. 2022 йилдан сўнг Эрон Москва учун мудофаа саноатининг асосий таъминотчиларидан бирига айланди. Оқ уйнинг таъкидлашича, Теҳрон Россияни дронлар билан таъминлаган ва уларни ишлаб чиқаришни Россия ҳудудига кўчиришда яқиндан ёрдам берган. АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, Эрон мудофаа идораси Алабугада дронларни йиғиш бўйича 1,75 миллиард долларлик шартномада бевосита иштирок этган.

Москва эса бу даъволарни мунтазам рад этиб келмоқда. Хусусан, РФ Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 2024 йилнинг сентябр ойида Эрондан Россияга ракеталар етказиб берилгани ҳақидаги хабарларни «АҚШ ўйлаб топган уйдирмалар» деб атаган эди.

Шу билан бирга, 2026 йилнинг январ ойида «Financial Times» (FT) нашри Эрон Россия билан 589 миллион долларлик яширин қурол савдоси бўйича битим тузганини ёзиб чиқди. Келишув 500 та замонавий «Верба» кўчма зенит-ракета мажмуаси ва 2500 та 9М336 ракетасини етказиб беришни кўзда тутади.

Жорий йилнинг сентябр ойида «Fox News» телеканали Россия Эрон билан боғлиқ барча иқтисодий лойиҳаларни — «Бушер» атом электр станциясидан тортиб, Рашт-Остора темир йўлигача бўлган ҳамкорликни ягона тизимга бирлаштиришни режалаштираётгани ҳақида хабар берди. Бундан ташқари, SWIFT тизимини айланиб ўтиш мақсадида икки давлат аллақачон ўз тўлов тизимларини, хусусан, Эроннинг «Shetab» ва Россиянинг «Мир» тизимларини ўзаро интеграция қилиб улгурган.

АҚШ ва Эрон музокараларида нималар юз бермоқда?

Эрон раҳбари Путин билан учрашувда тилга олган асосий воситачилар — Покистон ва Қатардир. Айнан Доҳа ва Исломобод АҚШ ҳамда Эронга июн ойидаги ўзаро англашув меморандумини тайёрлашда кўмаклашган эди. Ушбу келишув натижасида 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш тартиби ўрнатилганди.

Бироқ бу танаффус можарога узил-кесил нуқта қўя олмади: 17 августдан бошлаб томонлар жанговар ҳаракатларни яна қайта тиклади. АҚШ Эроннинг 10 дан ортиқ танкерига ҳужум қилган бўлса, Теҳрон ҳам Ҳўрмуз бўғозида 12 дан зиёд кемани нишонга олди.

Сентябр ойининг охирига келиб, Покистон ва Қатар воситачилигида музокаралар жараёни яна жонланди. Ню-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Эрон Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар қатновини тиклаш ва жанговар ҳаракатларни тўхтатиш бўйича янги тинчлик таклифини илгари сурди.

Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи Вашингтон томонидан расмий рад жавоби берилмаганини таъкидлаган бўлса-да, Трамп бу режани рад этди.

Аммо Эроннинг бу дипломатик қадами эътиборсиз қолмади. «Axios» порталининг 28 сентябрдаги хабарига кўра, АҚШ президенти Эронга қарши санкцияларни юмшатишга ва музлатилган активларнинг бир қисмини очишга тайёрлигини билдирган. Фақат бунинг учун Теҳрон ядровий дастур масаласида «аниқ силжиш»ни намойиш этиши шарт қилиб қўйилган.

Оқ уй раҳбарининг ўзи эса бу хабарларни кескин инкор этиб, ижтимоий тармоқларда Эронга ҳеч қандай таклиф бермаганини ёзиб қолдирди.

Музокаралар жараёни ҳақидаги сўнгги маълумотларга қараганда, 8 октябр куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бақоий Теҳрон ва Маскат Ҳўрмуз бўғозида кемалар қатнови учун хавфсиз йўналишларни келишиб олганини ва тез орада уларни жамоатчиликка эълон қилишини билдирди. Бироқ бу келишув америкаликларни ҳам қаноатлантирадими ёки йўқми, ҳозирча номаълум.

9 октябр куни эса АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Эронни кескин танқид остига олиб, Теҳрон Ҳўрмуз бўғози устидан «назоратни тўлиқ йўқотганини» таъкидлади. АҚШ расмийсининг даъво қилишича, Ҳўрмуз орқали нефт транзити қарийб урушдан олдинги даражага қайтган. 

Ҳозирча бу даъвога мустақил экспертлар томонидан баҳо берилмаган.

Трамп зарба беришни сайловгача кечиктирди

8 октябр куни «Axios» нашри Пентагон Эронга қарши янги ҳужумларга ҳозирлик кўраётгани ҳақида хабар берди. Қайд этилишича, Америка ҳарбийлари уч кун давом этадиган ҳарбий операция вариантларини ишлаб чиққан ва зарба бериш учун янги нишонларни белгилаб олган.

Эрон қирғоқлари томон «Theodore Roosevelt» авиаташувчи кемаси йўлга чиқди. У минтақада шай ҳолатда турган «George H.W. Bush» ва «George Washington» авиаташувчи гуруҳлари сафига бориб қўшилади. «The New York Times» (NYT) нашрининг ёзишича, 2003 йилдан буён Яқин Шарқда биринчи марта бир вақтнинг ўзида АҚШнинг учта авиаташувчи кемаси тўпланади. Ҳозирда минтақада 20 мингдан ортиқ америкалик пиёда аскарлар ва юзлаб ҳарбий самолётлар жойлаштирилган.

Доналд Трамп эса 7 октябр куни АҚШ Конгрессига 3 ноябрда ўтказиладиган оралиқ сайловларга қадар Эронга ҳужум қилмаслигини маълум қилди. Бундан ташқари, Оқ уй раҳбари Вашингтон ва Теҳрон ўртасида «самарали музокаралар» кечаётганини таъкидлади.

NYT маълумотларига кўра, сўнгги ойларда Пентагон президентга Эрон ёки Ямандаги ҳусийларга қарши беш марта йирик ҳарбий операция ўтказишни таклиф қилган. Бироқ Трамп бу режаларни рад этган.

Нашр манбаларининг тушунтиришича, дипломатлар президентни музокаралар жараёнида ижобий силжиш борлигига ишонтирган. Шундай бўлса-да, энг асосий масалада Вашингтон ва Теҳроннинг позициялари ҳамон бир-бирига зид келмоқда.

АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс 6 октябр куни Эрон уран бойитиш қувватларини сезиларли даражада қисқартириши шартлигини таъкидлаб: «Биз амалий ҳаракатларни қуруқ ваъдаларга алмашмаймиз», — деди.

Айни вақтда эронлик мулозимлардан бири «Reuters» агентлигига АҚШ билан бевосита ядровий дастур бўйича ҳеч қандай музокаралар ўтказилмаганини маълум қилди. Теҳроннинг қатъий талаби («қизил чизиғи») — Вашингтон Эроннинг уранни бойитиш ҳуқуқини тан олиши шарт. Амалдорнинг сўзларига кўра, Эрон бу масалада ҳеч қачон ён босмайди.

Теглар

Мавзуга оид