
Путин энг қисқа янги йил мурожаатида «СВО» қатнашчиларини қўллаб-қувватлади
Россия президенти Владимир Путин янги йил мурожаатида уруш қатнашчиларини қўллаб-қувватлаб, ғалабага ишонч билдирди ва халқ бирлиги давлат хавфсизлигини белгилашини таъкидлади.

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин россияликларга анъанавий янги йил мурожаати билан чиқиш қилди. У ўз нутқида Украинага қарши урушда иштирок этаётган ҳарбийларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, «миллионлаб одамлар улар ҳақида ўйлаётгани, ҳамдард экани ва умид қилaётгани»ни билдирди.
Путин уруш қатнашчиларини янги йил билан табриклаб, уларга ишонишини ва ғалабага ишонч борлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат аҳолиси Россияга бўлган садоқат ва бирдамликда бирлашган.
Президент янги йил арафасида одамлар вақт ўтиши ва келажак ҳақида ўйлашини таъкидлади. У келажак ҳар бир фуқаронинг ўзига боғлиқ эканини айтиб, россияликлар ўз кучига, яқинларига таянаётганини қайд этди. Ушбу ўзаро қўллаб-қувватлаш ишонч ва режалар амалга ошишига замин яратишини билдирди.
Путин ҳар бир инсоннинг режалари мамлакат тақдири билан боғлиқ эканини таъкидлаб, ҳар ким ўз меҳнати ва ютуқлари билан Россия тарихининг янги саҳифаларини яратаётганини айтди. Унинг фикрича, халқ бирлиги давлат суверенитети, хавфсизлиги ва ривожланишининг асосий омили ҳисобланади.
Мурожаат якунида президент россияликларга соғлиқ, бахт ва муҳаббат тилади.
Янги йил табриги атиги 3 дақиқа 21 сония давом этди ва Украинадаги уруш бошланганидан бери энг қисқа мурожаат бўлди. Аввалги йилларда мурожаатлар анча узоқ давом этган эди.





