Logo

Қайси ҳудуд аҳолиси банклардан энг кўп қарз олган?

Бугун 12:352 дақиқа

Ўзбекистонда банклардан олинаётган кредитлар ҳам, банкларда сақланаётган аҳоли маблағлари — депозитлар ҳам ортиб бормоқда. Бир йил ичида жами депозитлар 33,9 фоизга, кредитлар эса 11,9 фоизга ўсган.

Қайси ҳудуд аҳолиси банклардан энг кўп қарз олган? © Sun'iy intelekt

Марказий банк маълумотларига кўра, 2026-йил 1-август ҳолатига кўра, жисмоний шахсларнинг банклардаги кредит қолдиғи 239,8 трлн сўмга етган. 2025-йил август ойида бу кўрсаткич 201,8 трлн сўмни ташкил этган эди. Шу тариқа, аҳолининг банклар олдидаги қарзи бир йилда 38 трлн сўмга ошган.

Банк тизимидаги жами кредит қолдиғи ҳам йиллик ҳисобда 576,2 трлн сўмдан 644,6 трлн сўмга кўтарилган. Яъни бир йилда кредитлар қолдиғи 68,4 трлн сўмга ошган.

Банклардаги жами депозитлар ҳажми эса бир йил мобайнида 360,4 трлн сўмдан 482,7 трлн сўмга етди. Депозитлар 122,3 трлн сўмга ўсган.

Жисмоний шахсларнинг депозитлари ҳам сезиларли кўпайган, Ўтган йилда рақамлар 140,8 трлн сўм ташкил қилган бўлса, ҳозир бу кўрсатгич 185,2 трлн сўмга етган. Натижада аҳолининг банклардаги маблағлари бир йилда 44,4 трлн сўмга кўпайган.

Жами кредитлар 11,9 фоизга, депозитлар эса 33,9 фоизга ошган. Аҳоли кредитлари 18,8 фоизга, жисмоний шахслар депозитлари 31,5 фоизга ўсган.

Кредитлар миқдори қайси ҳудудларда кўп?

2026-йил 1-август ҳолатига кўра, жами кредит қолдиғи Тошкент шаҳрида 292,8 трлн, Фарғонада 37,6 трлн, Самарқандда 33,3 трлн, Тошкент вилоятида 30,6 трлн, Андижонда 30,3 трлн сўм ва Қашқадарёда 30,3 трлн сўмни қайд этган.

Жисмоний шахсларнинг кредит қолдиқлари эса Тошкент шаҳрида 70,9 трлн, Самарқандда 17,8 трлн, Фарғонада 17,2 трлн, Андижонда 15,7 трлн сўм ва Қашқадарёда 15,6 трлн сўмни ташкил этмоқда.

Қайси ҳудудларда кредитлар фоизи ўсган?

Бир йил ичида Сирдарёда жами кредит қолдиғи қарийб 15 трлн сўмдан 21 трлн сўмга етган. Бу деярли 40 фоиз ўсиш дегани. Фарғонада кредитлар 28,4 трлн сўмдан 37,6 трлн сўмга, Наманганда эса 19,3 трлн сўмдан 24,1 трлн сўмга етган. Андижон, Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарёда ҳам кредит қолдиғи деярли ошган.

Тошкент шаҳрида эса 286,4 трлн сўмдан 292,8 трлн сўмга кўпайган. Номинал ўсиш 6,4 трлн сўм.

Депозитлар фоизи қайси ҳудудларда кўп?

1-август ҳолатига кўра, Тошкент шаҳри банкларидаги жами депозитлар 367,1 трлн сўмни ташкил этмоқда. Бу республикадаги жами депозитларнинг асосий қисмига тенг. Бухорода депозитлар 9,2 трлн сўмдан 13,9 трлн сўмга, Самарқандда 10 трлн сўмдан 14,7 трлн сўмга, Сурхондарёда эса 4,7 трлн сўмдан 6,7 трлн сўмга ошган.

Кредит ва депозитлар нисбати

Ҳозирда банк тизимидаги жами кредитларнинг 37,2 фоизи жисмоний шахсларга ажратилган кредитларга тўғри келган. Қолган 62,8 фоизи эса юридик шахслар кредитларидан иборат.

Бир йил ичида банк тизимидаги кредитлар ва депозитлар ҳажми ошган. Жами депозитлар 33,9 фоизга, кредитлар эса 11,9 фоизга ўсган.

Камрон Ҳасанов

Теглар

Мавзуга оид