Қимматлаган импорт гўшт, ўзбек уранидан умидвор Франция ва старт олган Ташаббусли бюджет — 11 март дайжести

Кеча 23:253 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Қимматлаган импорт гўшт, ўзбек уранидан умидвор Франция ва старт олган Ташаббусли бюджет — 11 март дайжести

Макрон: Ўзбекистон асосий алтернатив таъминотчилардан бири

Франция президенти Эммануэл Макрон Парижда бўлиб ўтган Халқаро атом энергияси саммитида Европа Иттифоқи Россия уранига боғлиқлигини камайтириш учун таъминот манбаларини диверсификация қилиши зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Европа учун асосий муқобил таъминловчилардан бири сифатида қаралмоқда. Макрон Қозоғистон, Мўғулистон, Канада ва Австралия каби мамлакатлар билан бирга Ўзбекистон ҳам уран етказиб беришда муҳим шерик бўлиши мумкинлигини қайд этди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда тасдиқланган уран захиралари 139 минг тоннани ташкил этади, 2025 йилда эса 7 минг тонна уран қазиб олинган. Мамлакат Франциянинг «Orano» компанияси билан ҳамкорликни кенгайтириб, уран қидируви ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширмоқда. Хусусан, «Nurlikum Mining» қўшма корхонаси 2025 йил охирига қадар Жанубий Жонгелди конидан уран қазиб олишни бошлашни режалаштирган.

«Ташаббусли бюджет»нинг овоз бериш босқичи бошланди

2026 йилги «Ташаббусли бюджет» дастурининг биринчи мавсумида фуқаролар ташаббуслари учун овоз бериш босқичи бошланди ва у 20 март соат 23:59 гача давом этади. Овоз бериш «Очиқ бюджет» портали веб-сайти, унинг мобил иловалари ҳамда Telegram орқали амалга оширилади. Жорий мавсумда фуқаролар томонидан 21 049 та лойиҳа илгари сурилган бўлиб, саралаш натижасида 17 390 таси овоз бериш босқичига ўтказилди.

Шу билан бирга, шерикчилик механизми асосида 16 та лойиҳа овоз беришсиз ҳам ғолиб деб топилди. Уларни амалга ошириш учун фуқаролар томонидан 3,3 млрд сўм маблағ йиғилди. Қашқадарё вилоятидаги 7 та лойиҳа маҳалла ички йўлларини асфалтлашга қаратилган. Айрим ҳудудларда эса лойиҳалар асоссиз рад этилгани ёки мезонларга зид ҳолда овоз беришга чиқарилгани сабабли, уларни қайта кўриб чиқиш учун овоз бериш вақтинча чеклаб қўйилди.

Сирожиддин Одилов нимада гумонланаётгани маълум бўлди

Блогер Сирожиддин Одилов фирибгарликда гумонланмоқда. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси маълум қилди.

Билдирилишича, Самарқанд вилояти Паст-дарғом туманида яшовчи фуқаро туман ИИБга блогер Сирожиддин Одилов устидан шикоят қилган.

Қайд этилишича, паст-дарғомлик фуқаро 2024-йилнинг август ойларида бошқа шахс билан ўрталаридаги молиявий масаласини ҳал қилиб беришини сўраб, Тошкент шаҳрида яшовчи блогерга мурожаат қилган.

«С.А. ваколатли шахс бўлмасада, жабрланувчидан ишини унинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига маълум миқдорда пулларни олганлиги ва ҳозирги кунга қадар ваъдасини бажармасдан, алдаб келганлиги боис, қонуний чора кўришни сўраган», – дейилади ИИБ хабарида.

Мазкур ҳолат юзасидан блогерга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Гўшт импорти кескин ошди: бозорда нархлар ҳам қимматлашмоқда

2026 йил февраль ойида Ўзбекистонга жами 86,1 млн долларлик гўшт ва гўшт маҳсулотлари импорт қилинди. Импорт таркибида асосий улуш мол гўштига тўғри келиб, унинг ҳажми 67,2 млн долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки каррадан зиёдга ошган. Шу билан бирга, импорт нархларида ҳам ўсиш кузатилди: мол гўштининг ўртача импорт нархи 1 кг учун 4,71 доллар, қўй гўшти 2,72 доллар, парранда гўшти эса 1,27 доллар бўлди.

Импорт ҳажми ошганига қарамай, ички бозорда гўшт нархлари ҳам қимматлашмоқда. Февраль ойида қўй гўшти нархи 2,6 фоизга, суяксиз ва суякли мол гўшти 1,6 фоизга ошган. Йиллик ҳисобда эса қўй гўшти 27,4 фоизга, мол гўшти 22–24 фоизгача қимматлашган. Парранда гўшти нархи ҳам ой давомида 1,4–1,8 фоизга, йиллик ҳисобда 7–7,5 фоизга ўсган.

Хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан тўланган солиқ миқдори маълум қилинди

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи 161 684 та юридик шахс давлат бюджетига жами 41,6 трлн сўмдан ортиқ солиқ тўлади. Шундан 20 та энг йирик компания 7,6 трлн сўм солиқ тўлаб, умумий тушумнинг 18,4 фоизини таъминлади. Ушбу корхоналарнинг умумий товар айланмаси 88 трлн сўмни ташкил этган.

Энг йирик солиқ тўловчилар орасида «Asia Trans Gas» МЧЖ (1,4 трлн сўм), «Ўзбектелеком» АЖ (1,36 трлн сўм) ва «Uzbekistan Airways» АЖ (849,5 млрд сўм) етакчилик қилди. Солиқлар таркибида фойда солиғи 2,5 трлн сўм, қўшилган қиймат солиғи 2,03 трлн сўм, жисмоний шахслар даромад солиғи 1,07 трлн сўм ва ижтимоий солиқ 1,05 трлн сўмни ташкил этган.

Теглар

Мавзуга оид