Қирғизистон иқтисодиёти 10,1 фоизга ўсди
2026-йилнинг биринчи чорагида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 428 млрд сомдан ошди.
© akchabar.kgҚирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Адилбек Касималиев бугун, 20-апрел куни аппарат йиғилиши ўтказиб, 2026-йил биринчи чораги учун мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларини тақдим этди. У ЯИМ 10,1 фоизга ўсганини қайд этди. Дастлабки маълумотларга кўра, январ-март ойларида ялпи ички маҳсулот ҳажми 428,6 млрд сомни (тахминан 4 млрд 894 млн долларни) ташкил этган.
Иқтисодиёт йўналишлари
Иқтисодий ўсиш барча асосий тармоқларни қамраб олди. Энг юқори ўсиш қурилиш соҳасида (+29,6 фоиз) ва саноатда (+14 фоиз) кузатилди. Хизматлар соҳаси 7,7 фоиз, қишлоқ хўжалиги эса 2,8 фоиз ўсишни кўрсатди. Саноатда кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш 3,1 баробарга, фармацевтика 1,6 баробарга ошган. Транспорт воситалари ишлаб чиқариш 49,5 фоиз, фойдали қазилмалар қазиб олиш 30,4 фоиз, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш эса 39,7 фоизга кўпайган. Шунингдек, озиқ-овқат саноати (+17,9 фоиз) ва металлургия (+10,5 фоиз) ҳам барқарор ўсишни сақлаб қолган.
Уч ой давомида асосий капиталга инвестициялар ҳажми 77,3 млрд сомга етди ва 25,5 фоизга ўсди. Бу кўрсаткич ички манбалар (1,2 баробар) ва ташқи молиялаштириш (1,5 баробар) ҳисобига ошган.
Йиғилиш давомида Адилбек Касималиев Вашингтонга амалга оширган ишчи ташрифи якунларини ҳам сарҳисоб қилди ва халқаро корпорациялар билан эришилган келишувлар аҳамиятини таъкидлади. Шунингдек, у мутасадди идораларга бюджет ижросини тўлиқ таъминлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини сақлаш мақсадида баҳорги дала ишлари устидан назоратни кучайтириш бўйича топшириқлар берди.





