
Қозоғистон АҚШдан учар таксилар сотиб олди
Қозоғистон янги Алатау шаҳрида АҚШнинг Joby Aviation компаниясидан сотиб олинган электр самолётлар асосида аэротакси тизимини йўлга қўймоқчи.

Қозоғистон янги Алатау шаҳрида аэротакси тизимини яратиш учун вертикал учишга қодир электр самолётларини (eVTOL) сотиб олишга деярли 300 миллион доллар сарфлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакатнинг Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги хабар берди.
Вазир Жаслан Мадиевнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа Алатауни инновациялар марказига айлантиради ҳамда шаҳар муҳитида илғор ечимларни синовдан ўтказиш учун намуна бўлади.
Қайд этилишича, шартнома Joby Aviation компанияси билан имзоланган бўлиб, ушбу қурилмалар учиш-қўниш йўлагисиз ҳаракатланиши, ҳавода муаллақ туриши ва шаҳар ичида йўловчи ҳамда юк ташиши мумкин.
Вазирликнинг таъкидлашича, биринчи eVTOL таксилари махсус майдонларда синовдан ўтгач, Алатау ва Олмаота шарларида пайдо бўлади.
Маълумот учун: Алатау — 2024 йилда Олмаота вилоятининг бир нечта аҳоли пунктларини бирлаштириш орқали ташкил этилган янги шаҳар бўлиб, у рақамли саноат, сунъий интеллект ва барқарор инфратузилмага йўналтирилган технологик марказ сифатида кўрилади.





