add

Қозоғистон билан газ транзити баҳси, жаҳон шахмат тожига даъвогар Жавоҳир Синдоров ва қамалган журналистлар — 26 ноябр дайжести

26.11.2025 | 22:304684 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Қозоғистон билан газ транзити баҳси, жаҳон шахмат тожига даъвогар Жавоҳир Синдоров ва қамалган журналистлар — 26 ноябр дайжести

Қашқадарёда икки журналист қамалди

Қашқадарё вилоятида икки журналист товламачилик ва фирибгарлик қилгани учун қамоққа олинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 4 ноябр куни Кўкдала тумани жиноят ишлари бўйича суди «Aspekt 24» ахборот агентлигининг 1988 ва 2004 йилларда туғилган мухбирларини Жиноят кодексининг икки моддаси бўйича айбдор деб топган. Биринчи шахс Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда товламачилик) ва 168-моддаси 3-қисми «б» (ўта хавфли рецидивист томонидан фирибгарлик), «в» (уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган фирибгарлик) бандлари бўйича айбдор деб топилган ва унга 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Иккинчи мухбир Жиноят кодексининг 28, 168-моддаси 3-қисми «б» ва «в» бандлари бўйича айбдор деб топилган. Унга 1 йил-у 4 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Бундан ташқари, иккала журналист ҳам бир йил давомида давлат иштирокидаги оммавий ахборот воситаларида фаолият юритиш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Қозоғистон «Ўзтрансгаз»дан газ транзити учун 2 млн доллар талаб қилмоқда

Қозоғистоннинг «Интергаз Марказий Осиё» компанияси «Ўзтрансгаз»га қарши ҳакамлик судига мурожаат қилиб, Ўзбекистон газини Қозоғистон ҳудуди орқали транзит қилиш бўйича тахминан 2 млн долларлик тўланмаган маблағни талаб қилмоқда. Қозоғистон томони ҳисоб-китоблар техник ўлчовлар ва мутахассислар хулосаларига асосланганини айтмоқда. «Ўзтрансгаз» бу айбловларни рад этиб, транзит ҳажми аниқланадиган ўлчов узели Ўзбекистонда жойлашгани учун икки томон кўрсаткичлари ўртасида фарқ борлигини билдирган. Хозирда иш юритуви тўхтатилган ва жараёнга мустақил экспертлар жалб этилган.

Газ транзити бўйича баҳс фон рақамлар билан мураккаблашмоқда: 2025 йилнинг 10 ойида Ўзбекистон 568,2 млн долларлик газ экспорт қилган, бу ўтган йилга нисбатан 5,1 фоизга кўп. Бир вақтда мамлакат 2023 йилдан бери Россия газини Қозоғистон орқали тескари йўналишда импорт қилмоқда — 2024 йилда 5,64 млрд куб метр, 2025 йилда эса 7,7 млрд куб метргача ошиши кутилмоқда. Транзит ҳажмларининг ўсиши икки давлат компаниялари ўртасидаги техник ва молиявий келишмовчиликларни янада чуқурлаштираётгани қайд этилмоқда.

Жавоҳир Синдоров Жаҳон Кубогини қўлга киритди

Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида бўлиб ўтган FIDE Жаҳон Кубоги–2025 мусобақаси Ўзбекистон шаҳмат мактаби учун яна бир тарихий натижа билан якунланди. Финалда Жавоҳир Синдоров хитойлик рақиби Вей Йига қарши ҳал қилувчи баҳс олиб борди.

Жавоҳир Синдоров (рейтинги 2721, 25-ўрин) ва Вей Йи (рейтинги 2752, 11-ўрин) олган ўртасидаги икки партия ҳам 1:1 ҳисобидаги мувозанат билан тугади. Бу эса ғолибни аниқлашни тай-брейк босқичига қолдирди.

Тезкор шахматда Синдоровнинг устунлиги яққол кўзга ташланди. У рақибининг хатоларини ўз вақтида баҳолаб, муҳим позицияларда ташаббусни қўлга олди ва тай-брейк сериясини ишончли тарзда ўз фойдасига ҳал қилди. Шу тариқа, ёш ўзбек гроссмейстери илк бор Жаҳон Кубоги ғолиблигини қўлга киритди. Ғолибга 120 минг доллар мукофот пули берилади. Энг муҳими, Жавоҳир энди жаҳон шахмат тожига даъвогарларнинг 2026-йилги турнирда иштирок этади.

Шахсий эҳтиёж учун товарларни божсиз олиб кириш нормалари қайта кўриб чиқилади

Президентнинг янги фармонига кўра, шахсий эҳтиёж учун товарларни божсиз олиб кириш нормалари тўлиқ қайта кўриб чиқилади. Шу билан бирга, аҳамиятини йўқотган ёки такрорланадиган 800 га яқин қонунчилик ҳужжати «тартибга солиш гилотинаси» орқали бекор қилинади. Фармон доирасида мажбурий талабларни камайтириш, жараёнларни соддалаштириш ва тадбиркорлар учун ҳисобот юкини енгиллитириш бўйича йўл харитаси тасдиқланган. Хусусан, «E-aktiv»да молиявий операцияларни белгилаш мажбурияти бекор қилинади, кўчмас мулкни гаровга қўйиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш тўлови икки бараварга арзонлашади.

Қарор шахсий эҳтиёж учун республикага божсиз олиб кириладиган товарлар қиймати бўйича амалдаги нормаларни янгидан белгилашни назарда тутади. Ҳозирдаги тартибга кўра, ҳаво транспортида 1000 доллар, темирйўл ва дарё йўлида 500 доллар, автомобиль ва пиёда ўтиш пунктларида эса 300 долларлик товарни божсиз олиб кириш мумкин. Шунингдек, ўзидан келиб чиқмаган сабабларга кўра ер участкаси ҳуқуқини рўйхатдан ўтказа олмаган ногиронлиги бўлган шахсларга муқобил ҳужжатлар асосида солиқ имтиёзларидан фойдаланиш имкони яратилади.

Тошкентда сунъий ёмғир ёғдириш 50 минг долларгача харажат талаб қилади — Ўзгидромет

Ўзгидромет Тошкентда сунъий ёмғир ёғдириш бўйича билдирилган ташаббусни кўриб чиқар экан, бу жараён маълум табиий ва техник шартлар талаб қилишини маълум қилди. Ҳаводаги ифлосланиш 150–200 мкг/м³ даражасигача чиқиб, «соғлиққа хавфли» ҳолатга етиб боргани таъкидланди. Сунъий ёмғир технологияси Хитой, БАА ва АҚШда самарали қўлланилаётгани айтилди, аммо булутлар мавжудлиги, ҳарорат ва намлик мос келгандагина амалга оширилиши мумкин. Бундай шароитлар Тошкентда асосан баҳор ва кузда кузатилади. Ёмғирдан кейин ифлос моддалар 20–40 фоизга камайиши мумкинлиги, бунга мисол сифатида 2025 йил 4 ноябрдаги ёмғирдан кейинги кескин пасайиш келтирилди.

Шу билан бирга, технология жуда қиммат: бир марта сунъий ёмғир ёғдириш 25–50 минг долларга тушиши, 1990-йилларда байрамлар пайтида ёмғирсиз об-ҳаво учун 1 млн доллар сарфлангани қайд этилди. Ўзгидромет раҳбарияти технологиянинг афзалликлари сифатида ҳаво тозаланиши ва саломатликка ижобий таъсирни кўрсатган бўлса, хавфлар сифатида натижанинг вақтинчалиги, ёмғирнинг нотекис тушиши ва кимёвий моддаларнинг тупроққа таъсирини санаб ўтди. Шу боис, лойиҳани пилот тарзда синаш, техник-иқтисодий асослаш ва халқаро ҳамкорликка таяниш таклиф қилинди. Лойиҳа 2026–2030 йилларга мўлжалланган ҳаво сифатини яхшилаш дастури доирасида кўриб чиқилиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид